Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Қанот” лойиҳаси доирасида яна бир китоб тақдимоти ўтказилди
10:55 / 2025-12-18

Ўзбекистон Миллий матбуот марказида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, шоира ва олима Ситорабону Ҳошим қизи қаламига мансуб “Ҳур” номли китобнинг тақдимоти бўлиб ўтди.

“Қанот” лойиҳаси доирасида “Янги китоб” нашриёти томонидан чоп этилган ушбу китоб тақдимотига шоир ва ёзувчилар, адабиётшунос олимлар, талаба-ёшлар, адабиёт мухлислари таклиф этилди.

Атоқли адабиётшунос олим, филология фанлари доктори Олимжон Давлатов, Халқаро Нордик университети проректори Шерзод Мустафоқулов ва бошқалар “Қанот” лойиҳаси истеъдодли ёшларнинг ижод намуналарини халқимизга яқиндан таништиришда муҳим аҳамият касб этаётганини эътироф этди.

–Ситорабону турли ижодий ташаббусларни юзага чиқаришда фаоллик кўрсатиб келаётган ижодкорлардан, – деди навоийшунос олим Олимжон Давлатов. – Унинг шеъриятида ижодий салоҳияти ва маънавий жасорати кўзга ташланади. Адабиёт учун эркин имкон берилган бугунги кунда Ситорабону ана шу имкониятлардан унумли фойдаланаётган ташаббускор ёшларимиздан саналади. Шуни айтиш керакки, бугунги миллий шеъриятимизда аёл шоиралар анча фаолроқ ижод қилаяпти. Яна бир жихати, оталар мавзусини ўзбек шеъриятида айнан шоираларимиз теранроқ очиб бермоқда. Бу Ситорабонунинг шеърларида яққол кўзга ташланади. Унинг шеъриятидаги ҳар бир образ ўз характерига эга экани аҳамиятга молик.  

– Ситорабону илм ва адабиётни ҳамоҳангликда ва самарали олиб бораётган иқтидор соҳибаларидан саналади, – деди Халқаро Нордик  университети проректори Шерзод Мустафоқулов. – Чиндан ҳам “Қанот” лойиҳаси ёш ижодкорларга қанот бағишламоқда. Ситорабонунинг ушбу китоби ҳам адабиёт мухлисларининг қалбига нур олиб киришига ишонамиз.  

Айтиш керакки, ушбу китобдан 200 га яқин шеър, ғазал, мухаммас, мурабба ўрин олган. Китоб шартли тарзда бешта бўлимга ажратилган бўлиб, уларнинг ҳар бирида муайян мавзуга мос шеърлар жамланган.  

Муаллифнинг “Ёлғизликнинг сурати”, “Бахтли аёл”, “Кучли аёл”, “Ёнаётган аёллар”, “Мен Тўмарис эдим”, “Гиря”, “Тирикчилик” каби шеърлари оддий ўзбек аёлининг қисматидаги мураккаб кураш лаҳзалари, адолатсизликларга нисбатан инкорлар, ор-номус ва шаъннинг бўлинмас тамойиллари, аёлнинг ижтимоий ҳаётдаги роли ҳақидаги фикрлар жуда таъсирчан ва равон тарзда ифодаланган.  

Ҳозирга қадар шоиранинг “Ялпизларга ошиқ қиз”, “Иқрорман” номли китоблари чоп этилган. Шеърлари турк ва инглиз тилларига таржима қилиниб, республика ва халқаро даражадаги альманах ва баёзларга киритилган.

Назокат Усмонова,

ЎзА мухбири