Эндокрин касалликлар орасида қандли диабетга қарши курашиш эндокринологиянинг долзарб вазифасидир. Ҳозир Тошкент вилоятида кўплаб инсонларда қандли диабет қайд этилмоқда. Шу боис вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси томонидан ушбу касаллик билан оғриган беморларни эрта аниқлаш ва уни даволаш бўйича чора-тадбирлар кучайтирилган.
Жумладан, Республика ихтисослаштирилган эндокринология илмий-амалий тиббиёт маркази билан биргаликда туман-шаҳар тиббиёт бирлашмаларидаги “Профилактика мактаблари”да беморлар ва уларнинг оила аъзоларига эндокрин касалликни бошқариш усуллари ҳамда касаллик билан бирга яшаш тарзи ўргатилди. Қандли диабетга чалинган беморларнинг замонавий назорати (онлайн регистр) тизимини жорий этиш орқали ҳар бир бемор ҳолатининг мониторинги юритилмоқда.

Шунингдек, 22 та шаҳар тумандаги 38 нафар эндокринологлар 1000 га яқин патронаж ҳамширалар ва оилавий шифокорлар эндокрин касалликларнинг олдини олиш, эрта ташхис ҳамда даволаш бўйича икки ҳафталик, эндокринолог шифокорларни қайта тайёрлаш учун уч ярим ойлик ўқув курслари ташкил этилди. Яъни, эндокрин касалликлари бор оилаларга махсус тайёргарликдан ўтган патронаж ҳамшираси бириктирилмоқда.
Таҳлилларга кўра, 40 ёшдан ошган аҳоли ҳар йили қандли диабет ва диабет олди ҳолатлари учун мақсадли скринингдан ўтказилади. Бунинг учун тиббиёт бригадалари зарур глюкометр ва бир марталик тест япроқчалари ҳамда игналари билан таъминланмоқда. Тошкент вилояти бўйича сўровнома асосида скрининг қилинган аҳоли сони жорий йилда 385 минг 872 нафарни ташкил этди. Шундан лаборатор тарзда 279 минг 713 нафарда қанд миқдори ўлчанган. Шу билан бирга, зарурий тиббий жиҳозлар билан таъминлашга ҳам алоҳида эътибор қаратилган бўлиб, 34 турдаги 58 та асбоб-ускуналар келтирилмоқда.
Мазкур ишлар учун дастлаб 1 миллиард сўмдан ортиқ маблағ йўналтирилди. Муҳими, аҳолига соғлом турмуш тарзи ва тўғри овқатланиш ҳамда жисмоний фаоллик ҳар қандай касаллик, жумладан, эндокрин касалликларнинг олдини олишнинг асосий шарти экани мутахассислар томонидан аҳолига тушунтирилмоқда.
А. Мусаев, ЎзА.