Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Қандли диабет — ёшариб бораётган хасталиклардан бири
17:47 / 2025-11-06

Қандли диабет — халқ орасида “сахар” деб айтиладиган касаллик танада углевод ва сув алмашинувининг бузилиши оқибатида юзага келади.

Бугунги кунда ушбу хасталикка чалинганлар сони кўпайиб бормоқда. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, дунёда қандли диабет касаллиги тобора ёшариб бормоқда. Ҳозирда ер юзи аҳолисининг қарийб 7 фоизи ушбу дарддан азият чекяпти. Бу эса, ўз навбатида, касалликнинг олдини олиш долзарблигини кўрсатади.

Мутахассисларнинг хулосасига кўра, диабетни келтириб чиқарувчи омиллар орасида носоғлом турмуш тарзи асосий ўринни эгаллайди. Бу борада фуқароларнинг билимларини ошириш мақсадида 14 ноябрь — Халқаро диабетга қарши курашиш куни сифатида белгиланган.  

Айни кунларда Ўзбекистон “Адолат” СДП Андижон вилоят кенгаши томонидан “Диабетнинг олдини оламиз” шиори остида акция ўтказилмоқда. Бундан мақсад ушбу касаллик ҳақида жамоатчиликнинг тиббий маданиятини ошириш, касалликнинг келиб чиқиш сабабларини тушунтириш, олдини олиш ва энг асосийси аҳолини соғлом ҳаёт кечиришга чақиришдан иборат.  

Андижон шаҳрида ташкил этилган тадбирга “Навбаҳор” ва “Дўстлик” МФЙ аҳолиси, шу ҳудуддаги 31-мактаб жамоаси таклиф этилди. Дастлаб иштирокчилар учун соғлом ҳаёт билан диабетдан сақланишга бағишланган давра суҳбати ўтказилди. Шифокорлар касалликдан сақланиш, диабетга чалинганда ўз вақтида даволаниш лозимлиги, носоғлом ҳаёт касалликни келтириб чиқарувчи асосий омиллардан бири эканлиги тўғрисида тушунча берилди. Шу боис, тўғри овқатланиш, жисмоний фаолликни ошириш лозимлиги, бу инсон саломатлиги учун фойдали эканлиги кўрсатиб ўтилди.

Академик Тўрақулов номидаги Республика ихтисослаштирилган эндокринология илмий-амалий тиббиёт маркази Андижон филиали раҳбарининг ўринбосари Иқболжон Иброҳимов аҳолининг тиббий маданиятини ошириш, аҳоли орасида бу каби тарғибот тадбирларини кўпроқ ўтказиш лозимлигини алоҳида таъкидлади. Аҳоли саломатлигини мустаҳкамлашга биргина тиббиёт ходимларининг кучи билан эришиб бўлмаслигини қайд этиб, партиянинг ушбу ташаббусини кенг қўллаб-қувватлади.  

Тадбир давомида 300дан ортиқ иштирокчиларнинг 85 нафарида қон таҳлили ўтказилди. Улар орасида 2 нафарида касаллик аниқланди, 55 нафарида касалликка мойиллик кузатилди. Уларни соғломлаштириш ишлари олиб бориладиган бўлди.  

Шунингдек, акция доирасида бошқа касалликларнинг ҳам олдини олиш мақсадида тиббий кўрик ўтказилди. Бунда туғиш ёшидаги аёлларга алоҳида эътибор қаратилди.  

Муҳтарама Комилова, ЎзА