Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Қандай турдаги автомобилларга эко-стикерлар шарт бўлмайди?
11:55 / 2025-12-20

Экологик барқарорликни таъминлаш бугунги кунда инсоният олдида турган энг муҳим вазифалардан биридир. Табиат ресурсларидан оқилона фойдаланиш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва келажак авлодлар учун соғлом экологик муҳитни сақлаб қолиш барқарор тараққиётнинг асосий шарти ҳисобланади.

Мавжуд муаммоларнинг олдини олиш мақсадида бир қатор ишлар амалга оширилмоқда. Аммо, кўрилаётган чора-тадбирларга қарамасдан атмосфера ҳавосининг ифлосланганлик даражаси юқорилигича қолмоқда.

Бу борадаги чора-тадбирлар давоми сифатида эндиликда экологик барқарорликни таъминлаш мақсадида “Экологик транспорт” тизими йўлга қўйилади. Келгусида транспорт воситалари зарарли моддалар даражасига қараб 3 хил рангдаги (яшил, сариқ ва қизил) стикерлар билан белгиланади. Стикерлар яшил – “тоза” экологик даража, сариқ – “ўртача” экологик даража, қизил – “зарарли” экологик даражани билдиради.

“Экологик транспорт” тизими биринчи босқичда 2025 – 2027 йилларда Тошкент шаҳрида, иккинчи босқичда 2028 – 2030 йилларда Нукус шаҳри ва вилоятлар марказларида ҳамда учинчи босқичда 2031 – 2034 йилларда бошқа барча ҳудудларда жорий этилиши белгиланган. Экологик стикерлар бериш орқали автомобиллар “яшил”, “сариқ” ва “қизил” ранглар билан белгиланадиган “тоза”, “ўрта” ва “зарарли” экологик тоифаларга ажратиб борилади.

Эко-стикерлар қандай олинади?

Эко-стикерлар янги ёки қайта рўйхатдан ўтишда рўйхатга олиш жараёнида автоматик берилади. Фойдаланишдаги машиналар ихтиёрий мурожаат асосида расмийлаштирилади. Агар “Евро” стандарти аниқ бўлмаса, махсус операторлар томонидан текширилади. Гибрид автомобиллар ва 3 йилдан ошмаган янги машиналар автоматик равишда “яшил” тоифага киради.

Хўш, қайси турдаги автомобилларга стикер шарт эмас?

Қайд этилишича, электромобиллар ва электромотоцикллар, жамоат транспорти (такси ва йўналишли таксидан ташқари), махсус хизмат ва қишлоқ хўжалиги техникалари ҳамда ногиронлиги бўлган шахслар транспортига эко-стикерлар шарт бўлмайди.

Соҳа вакилларининг таъкидлашича, “ўрта” ёки “зарарли” экологик тоифага ажратилган ва унга мос экологик стикер берилган автотранспорт воситаси эгаси ихтиёрий равишда бир йилда бир марта ушбу хизматлар учун алоҳида тўлов ундирилмасдан айнан шу автотранспорт воситасини экологик тоифасини “тоза” ёки “ўрта” экологик тоифага яхшилаш мақсадида қайта диагностик текширувдан ўтказиш ва натижалари бўйича янги экологик стикерга эга бўлиши мумкин. Ҳудудлардаги экологик зоналар чегараларини белгилаш халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари томонидан Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси таклифига асосан белгиланади. Экологик зоналар ҳудудида “ўрта” ва “зарарли” экологик тоифаларга мансуб ҳамда экологик стикери мавжуд бўлмаган автомобилларнинг ҳаракатланиши тақиқланмоқда.

Пойтахтимиздаги “Файзобод” транспорт воситалари диагностика текшируви марказида мазкур тизим орқали транспорт воситаларининг диагностик текширувлари эксперименти амалга оширилади.

Хулоса қилиб айтганда, мамлакатимизда 2034 йилгача босқичма-босқич жорий этиладиган “Экологик транспорт” тизими транспорт воситаларини ишлаб чиқариш ва ундан фойдаланишни халқаро стандартларга олиб чиқиш ҳамда юқори сифатли ёқилғи турларига ўтиш натижасида аҳоли пунктларининг экологик барқарорлигини таъминлашга ҳамда мамлакат имижини халқаро майдонда юқори поғоналарга олиб чиқишга хизмат қилади.

Муҳайё Тошқораева, ЎзА