А.Авлоний номидаги миллий-тадқиқот институти томонидан умумтаълим мактаблар директорлари лавозимига номзодларни менежерлик ўқув курсларида ўқитиш ва махсус портал орқали уларга менежерлик сертификатини бериш тизими жорий этилмоқда. Менежерлик курсларига ўқиш учун номзодлар камида бакалавр даражасига ҳамда мактаб директорлари учун белгиланган малака талабларига мувофиқ бўлиши лозим.
Хўш, менежерлик сертификатига эга бўлиш талаби қандай таълим муассасалари директори лавозимларига нисбатан татбиқ этилмайди?
Махсус савол юзасидан Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Дилфуза Собирова қуйидагиларни гапириб берди:
– Мутахассис маълумотига кўра, Президент мактаблари, шунингдек, ихтисослаштирилган мактаблар,жисмоний, ақлий, сенсор ёки руҳий нуқсонлари бўлган болалар учун ихтисослаштирилган таълим муассасалари, санаторий туридаги ихтисослаштирилган давлат таълим муассасалари, ихтисослаштирилган мактаб-интернатлар, алоҳида шароитларда таъминлаш, тарбиялаш ва таълим беришга муҳтож бўлган болалар учун ихтисослаштирилган мактабларнинг директорлари учун менежерлик сертификатига эга бўлиш талаби татбиқ этилмайди.
Жорий йилнинг 16 январидан бошлаб менежерлик курсида таълим олиш учун номзодларни рўйхатга олиш бошланди. Бунинг учун номзодлардан махсус портал (manager.uzedu.uz) орқали рўйхатдан ўтиб, курсларда иштирок этиш учун ариза юборишлари талаб этилади. Менежерлик курслари 2024 йил 1 февралдан бошланади.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА