Бугун нон дўконлари, расталари оралаб юрган одамнинг бири-биридан чиройли, хушбўй, мазали нонларни кўриб, кўзи қувнайди.
Маълумотларга кўра, дунёда ноннинг 500 дан ортиқ тури бор экан. Ҳар ким ўз таъби ва имкониятига қараб, нон сотиб олаверади.
Хўш, бугун биз қандай нон истеъмол қиляпмиз? Дўкон ҳамда бозорларда сотилаётган нонларнинг сифати қай даражада? Уни қандай сақлаш керак?Ризқу рўзимиз бўлмиш нонни кўп истеъмол қилиш инсонни семиртирадими? Шу каби саволларга жавоб топиш мақсадида мутахассисларга юзландик.
– Биз истеъмол қиладиган нонлар асосан темир моддаси, рух, “Б” витамин группаси билан бойитилган 1- навли ундан тайёрланади, – дейди Тошкент шаҳри, Яшнобод туманидаги “Саховат” нон ишлаб чиқариш корхонаси технологи Илмира Бакиева. –Бу камқонлик касаллигининг олдини олишда ёрдам беради. Нон тандирда ёпилганида ёки печларда пиширилганида ҳам унинг таркибидаги витаминларнинг 97 фоизи сақланиб қолади. Уни истеъмол қилгандан сўнг ярим соатдан кейин қайноқ чой ёки қаҳва ичиш тавсия этилади.
1- навли ундан тайёрланган нонлар инфаркт, инсультнинг олдини олишда ёрдам беради. Ичак фаолиятини яхшилаш, қандли диабет касаллиги олдини олишда эса жавдари ҳамда буғдой кепаги солинган 2- навли қора ундан тайёрланган нонлар тавсия этилади.
Дўконларда сотилаётган 1- навли ундан тайёрланган нонларнинг вазни 600 грамм бўлиши керак. Кўпчилик одамлар буханка нон есам жиғилдоним қайнайди, деб ёпган нон ейишга ҳаракат қилишади. 1-навли ундан тайёрланган нонлар жиғилдон қайнашини келтириб чиқармайди. Жиғилдон қайнашини нон истеъмол қилиш билан боғлаш нотўғри. Ошқозонида кислотаси юқори бўлган одамлар зоғора нон, қора нон, иккинчи навли ундан тайёрланган нонларни иложи борича камроқ истеъмол қилганлари маъқул. Чунки иккинчи навли ёки қора зоғора ундан тайёрланган нонларда кислоталик юқори бўлгани сабабли жиғилдон қайнаши келиб чиқади.
Ҳозир ёз фасли. Кунлар жуда қизиган палла. Кўпчилик аёллар ёзда нонлари ачиб қолишидан шикоят қилишади. Мутахассисларнинг тавсиясига кўра, нонни сақлаш муддати 24 соатдан ошмаслиги керак экан. Айрим юртдошларимиз 40-50 градус иссиқда ҳам истеъмолларидан ортиқча нон сотиб олиб, уни ачитиб қўйишади. Нон ойнани ёнида, иссиқда туриб қолса, албатта, ачийди. Шу боис соҳа мутахассислари ортиб қолган нонларни кастрюлкада эмас, целлофан пакетга солиб, музлаткичда сақлашни маслаҳат беришди.
–Кейинги пайтларда, айниқса, хотин-қизлар ўртасида семиришнинг олдини олиш учун нонни камроқ истеъмол қилиш керак, деган қарашлар пайдо бўлди. Ҳақиқатан ҳам, нон семиртириш хусусиятига эгами?
– Ноннинг семиртириш хусусияти ортиқча истеъмол қилиш натижасида келиб чиқади, –дейди тиббиёт фанлари доктори Низомжон Эрматов.– Меъёрида истеъмол қилинган нон семиртирмайди. Бир кунда 300-350 грамм нон истеъмол қилиш меъёр ҳисобланади. Олий навли ундан тайёрланган оқ нонларда семиртириш хусусияти кўпроқ. Унинг таркибига сунъий кўпчитувчи воситалар– разрихлитель солинади. Кўпчитувчи воситалар кўп миқдорда солингани учун қанча кўп нон есангиз ҳам тўйганингизни сезмайсиз.
“Буханка нон билан тандирда ёпилган нонлар нимаси билан фарқланади?” дея берган саволимизга нонвой йигит Ҳусниддин Омонов “Тайёрланиш технологияси жиҳатидан фарқланади” деб жавоб берди.
– Бу икки нон ўртасидаги фарқни ғоваклилигидан билиб олса бўлади. Буханкалар кўпроқ ғовак бўлади. Аслида нонга сув, туз, хамиртуруш, ун солиб тайёрлаш керак. Бугунги кунда эса турли сунъий воситалар кўп ишлатиляпти.
Афсуски, баъзида кўча-кўйда, йўлакларда нон бўлаклари увол бўлиб ётганига кўзимиз тушиб қолади. Шундай пайтларда меҳнатимга ачиниб кетаман. Инсонга сув ва ҳаво қанчалик зарур бўлса, нон ҳам шунчалик қадрли. Чунки нон танамизга куч-қувват ато этади. Бугун фарзандларимизга биз кўпроқ компьютер, телевизор қаршисида кўп ўтириш, соғлиғига зарар эканини уқтирамиз. Менимча, болаларимизга ризқу рўзимиз бўлмиш нонни эъзозлаш, қадрлаш, увол қилмасликни ҳам эслатиб турсак, ёмон бўлмасди.
ЎзА мухбири Нигора Раҳмонова тайёрлади.