Бугун маҳалла, овул, қишлоқ ва шаҳарлардаги баъзи инсонларнинг ижтимоий тармоқларда хунук хатти-ҳаракати, ўзини тутишидан нолимасдан бўлмайди.
Бундай инсонларга нисбатан бир сўз билан «маданиятсиз», дегимиз келади.
Бугунги ахборот асрида маданиятли бўлиш ҳар бир инсон учун нечоғли заруратга айланмоқда? Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, шоира Қутлибека Раҳимбоева билан қилган суҳбатимиз айни шу мавзуда кечди.
– Ҳар бир миллатнинг умумий ва ҳар бир инсоннинг шахсий маданияти бўлади. Сиз умумий маданият тушунчасини қандай изоҳлайсиз?
– Маданият – ботиний дунё кўзгуси. Кишининг дид-фаросати, билим даражаси, ахлоқи, ҳамма-ҳаммаси ана шу кўзгуда акс этади. Шу кўзгуга қараб инсонга баҳо берилади. Унга муомала-муносабат қилинади. Бизнинг умуммиллий маданиятимиз ҳавасга лойиқ. Бу маданиятни аввал туркийлар деб номланган, кейин ўзбеклар деб аталаётган миллат йиллар, асрлар давомида яратган. Катталарни иззат қилиш, болаларга меҳрли нигоҳ билан қараш, оилага садоқат, инсон хотирасига ҳурмат каби умуммиллий маданиятимизнинг қирралари кўп. Бу тушунчада ўзгариб турадиган жиҳатлар ҳам оз эмас. Вақтлар ўтиши билан замон аравасидан нималардир тушиб қолади, яна нимадир бу аравага чиқади. Шу тарзда умуммиллий маданият бойиб, сайқалланиб боради.
– Шахсий маданият, дегандачи?
– Бу бир инсонга хос бўлган маданиятдир. Оилада олган тарбияси, яшаётган муҳити, орзу, мақсадлари ҳар бир кишининг шахсий маданиятини белгилайди. Касбга хос бўлган маданиятлар ҳам бирмунча ихчамроқ моҳият касб этади. Дейлик, раҳбар маданияти, муаллим, ўқувчи, келинчаклик маданияти ва ҳакозолар...
– Ёшлар маданиятни кўпроқ санъаткорлардан олади. Сизнинг-ча санъат вакиллари бу бурчни аъло даражада бажара оляптими?
– Санъат соҳасининг барча вакилларини «санъаткор» деган битта тушунча остига жамлаб, маданият ва бошқа томондан ҳам уларга баҳо бериб бўлмайди. Чунки «Шоиралар» деган тушунчага берилган умумий баҳо, шахсан, менга ёки бошқа ижодкорларга мутлақо тўғри келмаслиги мумкин. Шунинг учун миллатимизга хос гўзал фазилатларга ҳурмат билан қарайдиган санъаткорлардан узр сўраган ҳолда, уларнинг баъзилари бу бурч ҳақида умуман ўйламай қўйганини айтмоқчиман.
Дейлик, яхшигина овози бўлган бир хонанда қиз ижтимоий тармоқларга бачкана кийимларда, бачкана рақслари билан олинган тасвирларни кетма-кет қўйяпти.
Тасвирлар остида қуйидаги изоҳлар ёзилган:
"– Жуда ўзингиздан кетяпсиз...
– Акангиз, отангиз борми? Улар шу ҳолатингизни кўришадими? Кўришса, даюс+ экан.
– Уялиб кетдим-ей...»
Изоҳларда бундан баттар айбловлар ҳам бор. Аслида бундай бачканалик санъаткорга нега керак? Тилга тушиш, одамларнинг диққатини тортиш учунми?
«Қандай кийиниш, қай тарзда куйлаш менинг шахсий ишим» , деган эътироз бўлса, эътирозим бор. Сиз ўзбекча исм билан ўзбек саҳнасида куйлаяпсиз. Демак, мана шу номнинг номуси, шарафига дахлдорсиз, шу ном учун, унинг ҳурмати учун ўзингизни йиғиштириб олишингиз керак.
Афсуски, бу санъат оламида якка ҳодиса эмас. Айрим кўрсатувлардаги бебошлик, бир-бирига муносабатлардаги беўхшовлик одамнинг ғашига, ҳамиятига тегади.
Халққа севимли бўладиган касб эгаларининг юки оғирроқ бўлади. Санъаткорлар айнан шундай касб эгалари. Шунинг учун улар бошқаларга қараганда кўпроқ ўзларини назорат қилишлари, кўнгил майлларидан кўра кўпроқ ақлларининг айтганларини қилишлари лозим. «Дунёга икки марта келармидим?» деган қоида билан яшашга уларнинг ҳаққи йўқ.
– Кино, театр, концертга ёки тўй-маъракаларга борганингизда, у ерда йиғилган одамларнинг маданиятидан кўнглингиз тўладими?
– Бизда «Тўй маданияти», деган тушунча, умуман хиралашиб бормоқда. Тўғри, кейинги йилларда бу масалага давлат даражасида аҳамият берилаётгани учун тўйлардаги ичкиликбозликлар, бунинг орқасидан чиқадиган жанжалларга бироз барҳам берилди. Пул сочишлар чекланди, лекин тўй дискотекага айланиб кетаётганини айтмай бўлмайди. Мен ёшлар ҳаётидаги муҳим бўлган бу куннинг мажлисга, панд-насиҳат ёки мадҳиябозликка айланиб кетишига ҳам қаршиман, аммо бу анжуманда миллатимизнинг гўзал қадриятларини кўрсатадиган нималардир бўлишини хоҳлайман. Жойларда маънавият, маданият тузилмаларининг вакиллари бор, улар ташаббусни қўлга олишса, тўйларга «Омон ёр»лар қайтса... Ҳаммага қизиқ, ҳаммага ибратли кичик-кичик саҳна кўринишлари қилинса... Биз каби жуда катта маданий меросга эга миллатнинг тўйлари фақат дискотека билан ўтса, одамга алам қилади. Аҳолимизнинг концерт заллари, бошқа томошагоҳларидаги маданиятидан ҳам ҳамиша кўнгил тўлавермайди. Севимли хонанда Муножот Йўлчиеванинг хориждаги концерти видеотасмаларини кўрганман. Томошабинлар икки уч соат давомида сел бўлиб ўтиришади. Қарсакдан бошқа пайтда фақат мусиқа ва ашула. Бизда баъзан томошаларга болалар билан кирилади. Қий-чув, йиғи-сиғи, телефонлардаги бақир-чақирлар...
Ахир тарихнику бир ёққа қўйиб турайлик, 30 йилдан зиёд мустақил яшаётган миллатмиз. «Бизни кўп кўзлар кузатиб турибди. Қани мустақил бўлиб нима каромат кўрсатар экан», деган нигоҳлар қаршисида миллий маънавиятимиз, маданиятимизни намоён қиладиган давр келмадими?
Ҳар биримиз оғзимиздан чиққан сўзимиз, бошдан-оёғимиз билан Ўзбекистоннинг бир парчасимиз, тўйда-маърака, томошагоҳда ҳам шу масъулиятни унутишга ҳаққимиз йўқ.
– Ҳамкасблару оила аъзолари даврасида ёки транспортда юриш маданияти бугун қониқарли ҳолдами?
– Транспортда оилавий сирларини «дастурхон» қилиб телефонда гапириш ёки арзимаган нарсага асабийлашиб, ёнидаги йўловчи билан уришиб кетиш, беҳаё сўзлар билан сўкиниш маданиятимизга тушаётган соялар бўлиб кўринади.
Транспортда нимадир асабга тегиши мумкин, лекин нари борса, ўн-ўн беш дақиқа юриладиган йўл учун одам ўзини босиб туриши мумкин- ку. Ҳурмат қилиш ҳам меҳнат, ахир. Иш пайтида фақат ўзигагина қизиқарли бўлган мавзуларда биров тингласа-тингламаса, гапбозлик қилиш, лақмалик ёки оиладаги майда-чуйдаларни ҳаммага ёйиш каби иллатлар камаймаяпти.
Айни кунларда нега оилаларда ўлим билан боғлиқ ғайриоддий воқеалар тез-тез рўй бермоқда? Бу оддийгина маданият етишмаслигидан, қайнона-қайнота ўз ўрнини, келин ўз ўрнини билмаслигидан...
Бу борада бировдан ўрганиш, янгилик яратиш шарт эмас, боридан фойдаланилса, бас. Умуман, инсонга нима ярашиқсиз бўлса, ҳаммаси маданиятсизлик, уни чиройли, ёқимли кўрсатса, бу маданиятдир.
– Қайси вилоятда сақланиб қолган маданият сизни ҳайратга солади?
– Хоразмнинг баъзи ҳудудларида бир-икки фарзандлик бўлгунича келин қайнонасига гапирмайди. Гапи бўлса, эри ёки қайнэгачилари орқали айтади. Андижоннинг Марҳамат туманида аёллар автобуснинг олдидан, эркаклар орқасидан чиқишади. Турмуш ўртоғи вафот этган аёл кўчага чиқса, бошига эрининг кўйлагини ёпиниб чиқади. Аёллар ҳеч қачон гўшт олгани қассобга бормайди. Жиззахда қайн-бўйинларининг исми айтиб чақирилмайди. Хоразмда қизларга «Ойқиз», дея мурожаат қилинса, Жиззахда «Ойнам» деган мурожаат бор. Булар ажойиб маданият.
– Бугун айрим одамлар, ҳаттоки халқ эътиборидаги раҳбарлар ҳам маданиятсизлигидан уялиш ўрнига фахрланадиган ҳолатга келиб қолдик. Бунинг сабаби нимада деб ўйлайсиз?
– Уларнинг кўксидаги миллий ғурурнинг ўлаётгани бу. Айтганларимизга амал қилмаётганимиз оқибати шу. «Яшасин, она тили!» деб қарсак чаламиз, лекин минбарларда бошқа тилда гапирамиз. «Фарзандларимиз миллатимизга шараф келтирадиган иш қилсин», деймиз, лекин ўзимизнинг болаларимизнинг қанотлари одамийлик чегарасидан чиқиб кетса, тиймаймиз.
Икки тиллик, икки диллик ҳаммани тез заҳарлайдиган касалликдир. Умуман аксарият раҳбарларда «Оммага мумкин бўлмаган нарса менга мумкин», деган кайфият бор. Бугунги сиёсатимиз бу кайфиятни йўқотиш учун ҳарчанд ҳаракат қилмасин, йиллар давомида шаклланган кайфиятдан чиқиб кетиш осон бўлмаяпти.
– Мазмунли суҳбат учун ташаккур.
Нигора Раҳмонова, ЎзА