Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Қандай ҳолларда кадастр паспортини шакллантириш бўйича юборилган аризалар рад этилади?
15:26 / 2023-11-22

Давлат кадастрлари палатаси Тошкент шаҳар бошқармасининг Шайхонтоҳур туман филиали томонидан аҳолига кадастр хизматларини кўрсатиш борасида муайян ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, биргина Шайхонтоҳур аҳолиси учун 3 минг 92 та кадастр паспорти тайёрлаб берилди.

Хўш, кадастр паспорти қандай ҳужжат ва у қандай ҳолларда расмийлаштирилади?  

Бошқарманинг Шайхонтоҳур тумани филиали бошлиғи Тўлаган Каримов бу борада батафсил тушунтириш берди.  

– Кадастр паспорти ҳуқуқ эгасига бериладиган ҳамда кўчмас мулк объекти ва объектнинг кадастр рақами ҳақида умумий маълумотларни ўз ичига олган пластик ёки қоғоз шаклидаги электрон ҳужжат бўлиб, у кўчмас мулк объектининг давлат томонидан ҳисобга олинганини тасдиқловчи асосдир.  

Кўчмас мулк объектига кадастр паспорти қуйидаги ҳолларда расмийлаштирилади ёки қайта расмийлаштирилади. Жумладан, кўчмас мулк объекти бўйича бирламчи хатлов ишлари бажарилганда, кўчмас мулк объектининг бир қисми бегоналаштирилганда ёки ер участкаси алоҳида бўлинганда. Бунда икки қисмга алоҳида кадастр паспорти шакллантирилади.  

Шунингдек, қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкалари хусусийлаштирилгандан сўнг уларнинг бир қисмига бўлган ҳуқуқ бошқа шахсга ўтганда, ер участкасининг майдони ёки чегара нуқталари ўзгарганда, кўчмас мулк объектининг манзилини белгилашда ёки ўзгартиришда, кўчмас мулк объектининг тоифаси ўзгарганда ҳамда ўз ер участкасида тегишли рухсатномаларни расмийлаштирмасдан қурилган бино ва иншоотлар мавжуд бўлганда расмийлаштирилади.  

– Кўпчилик янги намунадаги кадастр паспортининг анъанавий қоғоз шаклидаги ҳужжат билан фарқларига қизиқиб, уларнинг нархи борасида катта тафовут бор, деб ўйлайди. Бу фикр қанчалик тўғри?  

– Электрон шаклдаги кадастр паспорти учун белгиланган нарх қоғоз кўринишидаги кадастр ҳужжати учун тўловлар нархи билан тенг бўлиб, уларнинг қай биридан фойдаланиш мулк эгасининг ихтиёрида бўлади. Фойдаланишдаги фарқларига келсак, кадастр паспорти, аввало, электрон карта экани билан афзалликка эга. Бу дегани, картада кадастр соҳасидаги электрон хизматлардан фойдаланиш имкониятлари юқорироқ. Қолаверса, ички қисмига NFS-смарт чип ўрнатилган мазкур карта эски услубдаги кадастр ҳужжатидаги барча маълумотларни ўз ичига олиш билан бирга интерактив давлат хизматларининг ягона порталига уланиш имкониятига эга.  

Картанинг ташқи қисмига эгасининг шахсини тасдиқловчи маълумотлар ҳамда QR-код жойлаштирилган. Ҳозирги вақтда одамларнинг замонавий, электрон қурилмалардан фойдаланишга бўлган талаби кучли. Чунки улар ўзида бир қанча тезкор хизматларни жамлаб, вақтни анча тежайди. Кадастр паспорти ҳам шундай.  

– Ўтган вақт давомида туман аҳолисига қанча кадастр паспорти тайёрлаб берилди?  

– Жорий йилнинг 1 ноябрь ҳолатига туман аҳолисидан кўчмас мулк объектларига кадастр паспортини шакллантириш бўйича Давлат хизматлари маркази ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали (my.gov.uz) орқали жами 4 минг 270 та ариза келиб тушган. Шундан, якка тартибдаги турар жой бўйича 1 минг 379 та, кўп қаватли уйлардаги хонадонлар бўйича 470 та, нотурар жой объектлари бўйича 1минг 243 та ариза ижобий ҳал этилиб, жами 3 минг 92 та кадастр паспортлари шакллантириб берилган. Мурожаатларнинг 1 минг 178 таси рад этилган.  

– Қандай ҳолларда кадастр паспортини шакллантириш бўйича юборилган аризалар рад этилиши мумкин?  

– Айни йўналишдаги мурожаатлар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 2 сентябрдаги “Кадастр соҳасида айрим давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламентларини тасдиқлаш тўғрисида"ги қарорида белгиланган мезонларга мос келмаса рад этилиши мумкин. Яъни бунда кадастр паспортини шакллантириш учун сўровномада нотўғри маълумотлар кўрсатилгани, кўчмас мулк объектларига бўлган ҳуқуқларни тасдиқловчи ҳужжатлар мавжуд эмаслиги, ариза берувчи ёки унинг вакили келишилган манзилда бўлмагани, ваколатли орган томонидан кадастр паспортини расмийлаштириш бўйича кўчмас мулк объектига тақиқ ёки хатлов қўйилгани сабабли бино-иншоотларга кадастр паспорти расмийлаштирилмайди.  

Гулноза Бобоева, ЎзА