Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Қанча қарздорнинг мамлакатимиздан четга чиқиши вақтинча чекланган?
17:41 / 2022-07-29

Жорий йил ўтган даврида МИБ Сурхондарё вилоят бошқармаси ва унинг ҳудудий бўлимлари 2 триллион 912 миллиард 818 миллион сўмлик 170 минг 396 та ижро ҳужжатлари юзасидан мажбурий ижро ҳаракатларини олиб бориб, 1 триллион 790 миллиард 330 миллион 500 минг сўмлик 84 минг 914 та ҳужжат ижросини таъминлади.

Бу ҳақда МИБ вилоят бошқармаси ва ҳудудий бўлимларининг 2022 йил дастлабки олти ойида амалга оширган ишлари ҳамда алимент ундирувлари билан боғлиқ ижро ҳаракатларига бағишлаб ўтказилган матбуот анжуманида атрофлича маълумот берилди.

Таъкидландики, ҳисобот даврида давлат фойдасига ундирувлар бўйича 29 минг 439 та ижро ҳужжати тугатилиб, давлатга етказилган зарарни қоплаш, солиқ қарздорлиги, давлат божи, жиноий ва маъмурий жарималарни тўлаш билан боғлиқ 223 миллиард 951 миллион сўм ундирилди.  

Вилоятда алимент ва унга тенглаштирилган тўловлар ундируви билан боғлиқ 26 минг 5 та ижро ҳужжати бўйича мажбурий ижро ҳаракатлари олиб борилди. Алимент тўловларини олдиндан тўлаб бергани, фарзандларининг 18 ёшга тўлгани, тарафлар ўзаро ярашгани сабабли 3 минг 703 та ижро ҳужжати тамомланди. 1 минг 33 алимент тўловчи давлат ижрочиларининг саъй-ҳаракатлари билан ёки оила вакилларининг ўзаро ярашганлиги учун уларга алоқадор ижро ҳужжатлари муддатидан олдин иш юритувидан тугатилди. 

Алимент ундирувига доир ижро ҳужжатлари ижросига янгича ёндашув тамойиллари асосида олти ойда 23 миллиард 976 миллион 300 минг сўм алимент пули ундирувчилар номига очилган банк пластик карталари орқали тўланиши таъминланди. Айни пайтда 22 минг 302 та алимент ундириш тўғрисидаги ижро ҳужжати бўйича ижро ҳаракатлари давом эттирилмоқда. 

Жорий йилнинг биринчи ярмида бошқарманинг қидирув бўлими олиб борган тадбирлар чоғида 774 нафар қарздордан 352 нафари топилиб, қарийб 90 миллион сўм қарз ундирилиши таъминланди. Уларнинг 348 нафари алимент қарздорларидир. Қидирувда бўлган 206 та автотранспорт воситасининг 73 таси топилиб, улар бўйича қарздорлардан 4 миллиард 106,1 миллион сўм, шу жумладан, 667,4 миллион сўм солиқ қарзлари  ундирилди. Алимент тўлашдан бош тортган 26 нафар қарздор жиноий жавобгарликка тортилди. Воҳада 15 минг 768 нафар қарздорнинг Ўзбекистон Республикасидан четга чиқиш ҳуқуқи вақтинча чекланган.

– Йилнинг ўтган даврида ижро ҳужжати бўйича қарздорлардан хатланган 50 миллиард 715 миллион 600 минг сўмлик мол-мулк “E-IJRO AUKSION” ягона электрон савдо майдончаси орқали аукцион савдоларига чиқарилди, – дейди МИБ вилоят бошқармаси бўлим бошлиғи Ҳамид Тоғаев. – Қарздорларнинг автотранспорт воситалари, кўчмас мулк объектлари ва бошқа хатланган мулклари тегишли тартибда сотилиб, қарздорликни қоплашга йўналтирилмоқда. 

Шунингдек, жиноят натижасида етказилган зарар, жиноий ва маъмурий жарималар, давлат божи ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 200-қарори таъсири тушувчи ундирувлар билан боғлиқ 56 миллиард 126 миллион сўмлик ижро ҳужжатларининг ижроси иш юритувдан тамомланиб, “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари” жамғармаларига 14 миллиард 910 миллион 700 минг сўм йўналтирилди.

Матбуот анжумани якунида журналистларни қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб берилди.

Холмўмин Маматраимов, ЎзА