Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли фармони билан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш чоғида айбланувчи ва судланувчини ҳибсхонага жойлаштиришдан олдин уни тергов ҳибсхоналарининг ўзида мажбурий тиббий кўрикдан ўтказиш жорий этилиши белгиланган эди.
Шундан келиб чиқиб, қонунчиликка ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш назарда тутилмоқда. Ушбу ўзгаришларни ўзида акс эттирган, жиноят ишини юритишда шахсни қийноққа солиш ҳолатларининг олдини олишга қаратилган қонун лойиҳаси Халқ демократик партияси фракциясининг йиғилишида муҳокама қилинди.

Қайд этилганидек, қамоққа олинганлар тергов ҳибсхонасига жойлаштирилишидан олдин унда қийноққа солиш ёки бошқа ҳолатлар натижасида олинган жароҳатларни, шикастланишларни ва яраларни аниқлаш мақсадида тергов ҳибсхонасининг ўзида мажбурий тиббий кўрикдан ўтказилиши белгиланмоқда.

Тиббий кўрикни ўтказиш учун вақт белгилаш таклиф этилмоқда. Унга кўра, қамоққа олинганлар тергов ҳибсхонасига олиб келингандан бошлаб бир соат ичида тиббий ходим томонидан мажбурий тиббий кўрикдан ўтказилиши мумкин.
Бу жараёнда адвокатнинг иштироки таъминланади ва кўрик замонавий аппаратлар ёрдамида олиб борилади. Агар мажбурий тиббий кўрик давомида қамоққа олинган шахснинг танасида жароҳатлар, шикастланишлар ва яралар аниқланса, улар белгиланган тартибда қайд этилиб, бу ҳақида зудлик билан прокурорга хабар берилади.
Муҳокамаларда қайд этилганидек, қонун лойиҳасининг қабул қилиниши инсоннинг шаъни ва қадр-қиммати дахлсизлиги кафолатларини кучайтиришга, жиноят содир қилишда гумон қилиниб ушлаб турилган шахсларга нисбатан қийноққа солиш ҳолатларининг олдини олишга хизмат қилади.
Муҳтарама Комилова,
ЎзА