Бугунги кунда Сирдарё ёки Чирчиқ дарёлари бўйлаб сайр қилган киши, бир вақтлар бу ерлар инсон қадамини ўйлаб босишга мажбур қиладиган даҳшатли йиртқичлар – Турон йўлбарсларининг макони бўлганини тасаввур қилиши қийин.
Замонавий Ўзбекистоннинг табиат манзарасидан бутунлай ўчиб кетган, номи фақат кексаларнинг ривоятлари ва сарғайган қоғозларда қолган бу жонзотлар, атиги бир ярим аср муқаддам шунчаки афсона эмас, балки кундалик ҳаётнинг хавфли ҳақиқати эди. XIX асрнинг иккинчи ярмида Туркистонга келган рус рассоми ва ҳарбийси Николай Каразиннинг “Нива” журналининг 1872 йилги 12-сонида эълон қилинган эсдаликлари бизга ана шу йўқотилган дунё – қалин тўқайзорлар ва уларнинг ҳақиқий эгалари бўлмиш йўлбарслар ҳақида тарихий гувоҳликларни тақдим этади. Ушбу ёзишмалар шунчаки ов саргузаштлари эмас, балки инсон цивилизациясининг ёввойи табиатга шафқатсиз ҳужуми бошланишидан олдинги сўнгги манзаралардир.
XIX асрнинг 70-йилларида Тошкент атрофи ва Сирдарё ҳавзаси бугунгидек кенг далалар ёки аҳоли манзилларидан иборат эмас, балки ўтиб бўлмас қамишзорлар – тўқайлар билан қопланган эди. Каразин ўз хотираларида Европа ҳайвонот боғларида кўргани бенгал йўлбарсларидан фарқли ўлароқ, Турон йўлбарсларининг иқлим инжиқликларига мослашувчанлигини ҳайрат билан қайд этади. Қишнинг қаҳратон совуғида, қамишзорлар қиров билан қопланган, ҳатто дарё сувлари музлаган пайтда ҳам бу йиртқичлар ўзларини эркин ҳис қилган. Чирчиқ бўйидаги рус ҳарбий лагерларида казаклар ва аскарлар тунлари гулхан атрофига ғуж бўлиб исинар экан, қуюқ туман орасидан нафақат совуқ шамол, балки йўлбарсларнинг нафаси ҳам сезилиб турарди. Маҳаллий чўпонлар ва аҳоли учун йўлбарс билан ёнма-ён яшаш ҳаётнинг одатий, аммо хатарли қисми ҳисобланган. Каразиннинг ёзишича, чўпонлар қишда дарёнинг нариги қирғоғидан муз устидан ўтиб келган йўлбарслар ҳақида ҳарбийларни огоҳлантириб, уларга яқинлашмасликка уринганлар, бу эса йиртқичларнинг йўллари инсонлар яшаш ҳудудлари билан қанчалик боғлиқ бўлганини кўрсатади.
Инсон ва табиат ўртасидаги бу зиддиятли қўшничилик кўпинча фожиали тўқнашувларга ҳам олиб келган. Манбаларда тасвирланган воқеалардан бири Чирчиқ дарёси бўйидаги қамиш ўриш жараёнида юз беради. Олти нафар қуролланган казакнинг қалин тўқайзорга кириб бориши, уларнинг хавфсизликка бўлган ишончи қанчалик алдамчи эканини кўрсатди. Тўқай ичидан тўсатдан пайдо бўлган улкан йўлбарс нафақат отларни ваҳимага солиб, уларни ҳаракатсизлантириб қўйган, балки бир казакка ташланиб, уни оғир жароҳатлаган. Бу эпизод Турон йўлбарсининг нафақат жисмоний қудрати, балки унинг ақли ва довюраклигини ҳам намоён этади. Ҳатто ўқ еган ҳолатда ҳам йиртқич дарҳол таслим бўлмай, қамишзор ичига яшириниб, таъқибчиларини чалғитишга уринган.
Турон йўлбарсининг кучи ва айёрлиги ҳақидаги тасаввурлар фақат дала тўқнашувлари билан чекланмаган. Улар инсонлар яратган қўрғонларга ҳам бемалол кириб боришга журъат эта олганлар. Тошкент ва Тўйтепа (ҳозирги Нурафшон) оралиғидаги карвонсаройлардан бирида содир бўлган воқеа бунга яққол мисолдир. Тўрт аршин (тахминан 2,8 метр) баландликдаги девордан ошиб ўтган йўлбарс, ҳовлидаги одамлар ва итларнинг шовқинига қарамай, ўзига ўлжа танлашда хотиржамлик намоён қилган. Энг ҳайратланарлиси, йиртқич тирик жонзотни эмас, балки Тошкент бозорига олиб кетилаётган, оғирлиги 8 пуд (тахминан 130 кг) бўлган қўй ёғи (думба) солинган қопни олиб чиқиб кетган. Улкан юкни судраб, девор оша ғойиб бўлган йўлбарснинг бу ҳаракати унинг нақадар кучли эканини ва ўша давр инфраструктураси бундай йиртқичлардан ҳимояланишга ожизлик қилганини кўрсатади. Бу фактлар йўлбарсларнинг одамлар билан ёнма-ён яшашга мослашганини, аҳоли манзиллари улар учун қўшимча озуқа манбаига айланганини тасдиқлайди.
Аммо бу курашда кучлар тенг эмас эди. Каразиннинг фазан ови пайтида йўлбарс болаларига дуч келиши ва она йўлбарс билан юзма-юз тўқнашуви рамзий маънога эга. Йиртқичнинг оналик инстинкти ва ўз ҳудудини ҳимоя қилишга уриниши, замонавий ўқотар қурол қаршисида ожиз қолди. Овчининг ўқи билан икки кўзидан айрилган она йўлбарснинг аянчли ўлими ва унинг жасади кейинчалик бўрилар ва қумрсқаларга ем бўлиши – бу бутун бошли турга нисбатан чиқарилган ҳукмнинг дебочаси эди. Каразин ва унинг замондошлари учун бу шунчаки ов, жасорат намойиши ёки экзотик саргузашт бўлган бўлса, тарих нуқтаи назаридан бу Туркистон табиати мувозанатининг бузилиши эди. Йўлбарсларнинг яшаш муҳити бўлган тўқайзорларнинг йўқ қилиниши, ерларнинг ўзлаштирилиши ва ов қилиш натижасида XX аср ўрталарига келиб бу ноёб тур бутунлай йўқлик қаърига сингиб кетди.
Николай Каразин қолдирган бу битиклар бугунги авлод учун муҳим тарихий сабоқ вазифасини ўтайди. Улар бизга бир пайтлар “рус чегаралари” деб аталган, аслида эса асрлар давомида шаклланган экотизимнинг ажралмас қисми бўлган Турон йўлбарсларининг қудрати ва фожиасини эслатади. Бугун музейлардаги қотирилган экспонатлар ёки эски китоблардаги гравюраларга боқиб, биз фақат йўқотилган табиий бойликни эмас, балки инсоннинг табиатга бўлган муносабати қанчалик ҳалокатли оқибатларга олиб келиши мумкинлигини ҳам англаймиз. Сирдарё ва Чирчиқ қирғоқларидаги жимлик – бу унутилган “тўқай қироллари”нинг инсониятга қолдирган сўзсиз ва абадий ҳайқириғидир.
Алишер Эгамбердиев тайёрлади, ЎзА