Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Қамчиқ” довонининг 100 км қисмида интеллектуал транспорт тизими жорий этилади
15:25 / 2024-02-05

Маълумки, жорий йил 29 январь куни Президент ҳузурида уй-жой, қурилиш, коммунал хўжалиги, транспорт ва экология йўналишлари бўйича видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтган эди. Йиғилишда автомобиль йўллари тизимида эскича ёндашувларга барҳам бериш зарурлиги таъкидлаб ўтилган.

Хусусан, йўл қурилишидаги аксарият стандарт ва меъёрлар бугунги кун талабига жавоб бермаслиги, йўл қурилиши лойиҳаларига махсус сертификатга эга муҳандис-консультантлар етарли даражада жалб қилинмагани, йўл объектларини лойиҳалаштириш ишларидан бошлаб, қурилиш-таъмирлаш ишларини амалга ошириш, фойдаланишга топшириш ва эксплуатация қилишгача бўлган жараёнда ажратилган ресурслардан тўғри ва самарали фойдаланиш тизими яратилмагани, йўлларни қуриш ва эксплуатацияга бериш бўйича давлат-хусусий шериклик шартлари асосида лойиҳалар амалга оширилмаётгани ҳамда транспорт воситаларининг вазн ва ҳажм параметрларини назорат қилувчи тарозиларни ўрнатиш ишлари қониқарсиз экани танқид қилинган. 

Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида ташкил этилган брифингда Автомобиль йўллари қўмитаси ахборот хизмати раҳбари Нилуфар Жумаева видеоселектор йиғилишида белгилаб берилган вазифа ва топшириқлар ижроси, соҳани ривожлантиришга қаратилган чора-тадбирлар хусусида маълумот берди. 

Мутахассиснинг сўзларига кўра, эндиликда йўл ишлари бўйича техник топшириқ шартларини ишлаб чиқишда намунавий лойиҳа андозаларидан воз кечилиб, ҳар бир лойиҳага алоҳида ёндашган ҳолда йўл қопламалари конструкцияларига замонавий материаллар ва технологиялар қўлланилади. Шунингдек, ажратилаётган маблағлардан самарали фойдаланиш, жумладан таннархни пасайтириш ва оптималлаштириш, қимматлашувнинг олдини олиш ишлари олиб борилади. 

21 минг 300 км автомобиль йўллари ва 315 та кўприк реконструкция қилинади ва таъмирланади. Бунда йўл қурилиши лойиҳаларига махсус сертификатга эга муҳандис-консультантлар жалб қилинади. Лойиҳадан объектни топширишгача, уларни эксплуатацияси билан боғлиқ барча жараёнларда талон-торожликка чек қўйиш мақсадида янгича тизим яратилади. Бунда соҳани рақамлаштириш бўйича “Ягона электрон платформа”ни яратиш ишлари якунланади ва “тест” режимида ишга туширилади. 

Соҳага давлат-хусусий шериклик шартлари асосида ҳудудларда 20 кмдан кам бўлмаган жами 260 км автомобиль йўлларини эксплуатация қилиш ишларига хусусий сектор жалб қилинади. 40 тадан ортиқ стандарт ва норматив ҳужжат Халқаро муҳандис-консультантлар федерацияси талаблари асосида ишлаб чиқилади. Жойларда 30 донадан ортиқ кўчма ва стационар тарози ишга туширилади. Осиё тараққиёт банки билан ҳамкорликда А373 “Тошкент – Ўш” автомобиль йўлининг “Қамчиқ” довонидан ўтган 100 км қисмида интеллектуал транспорт тизимини жорий этиш ишлари олиб борилади. 

Муҳайё Тошқораева, ЎзА