Ўзбекистон Гидрометеорология маркази 21-22 январь кунлари Ўзбекистоннинг аксарият ҳудудларида ёғингарчиликлар бўлиши ҳақида хабар берган эди.
Хусусан, 20 январдан 21 январга ўтар кечаси Пойтахтни Фарғона водийси вилоятлари билан боғловчи "Қамчиқ" довонида қор ёғиб, автомобиллар ҳаракатланиши учун ноқулайликлар туғдирди. Қайд этиш керакки, Фарғона водийсига олиб борувчи бу ягона йўлда кунига ўртача 20 мингта атрофида автомобиль ҳаракатланади.
Шунинг учун ҳам довон йўлларини тезда тозалаб, автомобилларнинг хавфсиз ҳаракатланиши учун тегишли чоралар кўрилди. Мазкур саъй-ҳаракатларда “Қамчиқавтойўл” ихтисослаштирилган йўллардан фойдаланиш унитар корхонаси тезда ишга киришди. Бу ишларга корхонанинг 150 дан ортиқ техникаси сафарбар қилинди.
Тонгга яқин “Қамчиқ” довонининг автомобиль йўллари қордан тўлиқ тозаланиб, транспорт воситаларининг узлуксиз ва хавф-хатарсиз ҳаракати таъминланди.