Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Қамаши туманида вилоят ҳокими раҳбарлигида амалий семинар ўтказилди
16:34 / 2026-02-09

Қашқадарё вилояти Қамаши туманида вилоят ҳокими Муротжон Азимов раҳбарлигида “Маҳаллаларни ривожлантириш ва аҳоли даромадларини ошириш” мавзусида амалий семинар ташкил этилди. Унда туман ва шаҳар ҳокимлари, мутасадди ташкилотлар раҳбарлари иштирок этди.

Семинар доирасида иштирокчилар Одоқжонбўз маҳалласида тадбиркор Шерзод Маҳматмуродов томонидан 19 гектар майдонда етиштирилаётган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан танишди. Майдонларда брокколи карам, картошка, пиёз ва саримсоқ, помидор, тарвуз, қовун ҳамда булғор қалампири каби экспортбоп маҳсулотлар парваришланмоқда. Ҳозирда 16 гектар ерда очиқ усулда картошка ва саримсоқ етиштирилиб, жорий мавсумда 2 минг тонна картошка ва 200 тонна саримсоқ ҳосили олиш режалаштирилган.

Семинар аввалида “Яшил макон” лойиҳаси доирасида дала четларига дарахт кўчатлари экилиб, ҳудудларни кўкаламзорлаштириш ишларига алоҳида эътибор қаратилди. Шунингдек, иштирокчилар етиштирилаётган маҳсулотларнинг агротехнологияси, ўсимликларни касаллик ва зараркунандалардан ҳимоя қилиш бўйича амалга оширилаётган ишлар билан танишди.

Шунингдек, Одоқжонбўз маҳалласида истиқомат қилувчи Низомиддин Турсунов хонадонидаги намунавий томорқа тажрибаси ҳам кўздан кечирилди. Умумий 29 сотих ер майдонидан самарали фойдаланаётган мазкур хонадонда 21 сотих майдонда плёнка остида картошка, 4 сотихда замонавий иссиқхонада сабзи етиштирилмоқда. Томорқада ёмғир сувини тўплаш учун махсус ҳавза ташкил қилиниб, суғориш ишларида ундан самарали фойдаланилаётгани сув тежамкорлигини таъминламоқда. Шу билан бирга, хонадонда чорва ва паррандачилик йўлга қўйилиб, қўшимча даромад манбалари яратилган.

Семинарнинг кейинги қисми Яккабоғ туманида давом эттирилиб, иштирокчилар “Кумуш куз файзи” МЧЖ томонидан ташкил этилган замонавий чорвачилик комплекси фаолияти билан танишди. Лойиҳанинг аҳолини иш билан таъминлаш, озиқ-овқат хавфсизлигини мустаҳкамлаш ва қишлоқ хўжалигини ривожлантиришдаги аҳамияти алоҳида таъкидланди. Шунингдек, Оқтош маҳалласида қурилаётган замонавий истироҳат боғи ва Ёшлар маркази қурилиши ҳам кўздан кечирилди.

Таъкидланганидек, семинар давомида намойиш этилган илғор тажрибаларни вилоятнинг бошқа ҳудудларида ҳам жорий этиш орқали қишлоқ хўжалиги самарадорлигини ошириш, аҳоли бандлиги ва даромадларини кўпайтиришга алоҳида эътибор қаратилади.

Ўлмас Баротов, ЎзА мухбири