Қашқадарё вилояти Қамаши тумани “Манғит” маҳалласида “Iroda sof tekstil” оилавий корхонаси томонидан янги пайпоқ ва қўлқоп ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Лойиҳа раҳбари Шамсиддин Хуррамов раҳбарлигида амалга оширилаётган мазкур лойиҳа маҳаллада саноатни ривожлантириш ва аҳоли бандлигини оширишга қаратилган муҳим ташаббус ҳисобланади.
Лойиҳанинг умумий қиймати 300 миллион сўмни ташкил этиб, шундан 120 миллион сўми банк кредити орқали молиялаштирилган. Янги корхона йилига 100 минг дона пайпоқ ва қўлқоп ишлаб чиқариш имкониятига эга бўлиб, маҳаллий бозор талабини қондириш билан бирга, маҳсулотларини экспорт қилиш йўлларини ҳам изламоқда.

Корхона ишлаб чиқариш фаолиятини жорий йилнинг март ойидан расман бошлади. Лойиҳа доирасида икки нафар доимий иш ўрни яратилди. Бу эса маҳаллада аҳоли бандлигини оширишга хизмат қилади. Шунингдек, лойиҳа маҳаллий ишлаб чиқарувчилар ва етказиб берувчилар учун ҳам янги имкониятлар эшигини очади.

“Ирода соф текстил” оилавий корхонаси раҳбарияти ўз лойиҳаси орқали нафақат саноатни ривожлантириш, балки маҳаллада ижтимоий ва иқтисодий барқарорликни мустаҳкамлашга ҳам ҳисса қўшмоқда.
Ўлмас Баротов, ЎзА мухбири