Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Қалқон” жамоатчилик гуруҳи: жасорат ва маҳорат синовида
15:04 / 2025-12-24

Жиззах шаҳрида ёшларда ҳарбий-ватанпарварлик руҳини юксалтириш, соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш ҳамда Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 34 йиллиги муносабати билан кенг қамровли тадбир ўтказилди.

Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши, Жиззах гарнизонидаги ҳарбий қисм, Миллий гвардия бошқармаси, фахрийлар ҳамда ҳарбий прокуратура ҳамкорлигида Қозон федерал университети Жиззах филиалида ташкил этилган тадбир “Миллий армия — Она юрт қалқони, тинчлигимиз посбони!” шиори остида ҳарбий-ватанпарварлик фестивали ҳамда “Қалқон” жамоатчилик гуруҳи аъзолари ўртасида “Хавфсизлигинг қалқониман, Она Ватан” шиоридаги “Темурбеклар” ҳарбий-спорт мусобақаларини ўз ичига олди.

Тадбирнинг очилиш маросими Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳияси садолари билан бошланди. Шундан сўнг, ҳарбий оркестр ижросидаги ватанпарварлик руҳидаги куй-қўшиқлар, ҳарбий хизматчиларнинг қўл жанги элементлари, фахрий қоровул чиқишлари ҳамда қурол-аслаҳа кўргазмалари ёшларда Ватанга муҳаббат, ҳарбий касбга ҳурмат туйғуларини янада мустаҳкамлагани шубҳасиз.

[gallery-26878]

Фестиваль доирасида “Қалқон” жамоатчилик гуруҳи аъзолари низомга мувофиқ олти шарт бўйича беллашдилар. Хусусан, камондан отиш, АК-74 автоматини қисмларга ажратиш ва йиғиш бўйича эстафета, “Моҳир мерган”, арқон тортиш, тош кўтариш ҳамда тест-синов шартлари иштирокчиларнинг жисмоний тайёргарлиги, чаққонлиги ва билим салоҳиятини намоён этди.

Қизиқарли ва шиддатли кечган мусобақалар якунига кўра, биринчи ўринни мезбон — Қозон федерал университети Жиззах филиалининг “Қалқон” жамоаси қўлга киритди. Иккинчи ўрин Жиззах давлат педагогика университетининг “Жасорат”, учинчи ўрин эса Ўзбекистон миллий университети Жиззах филиалининг “Темур издошлари” жамоаларига насиб этди.

Ғолиб ва совриндор жамоалар Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи вилоят кенгашининг диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.

А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА мухбирлари