ФОТОРЕПОРТАЖ
Сурхондарёда “Ёш гвардиячи” ҳарбий-спорт мусобақасининг вилоят босқичи бўлиб ўтди.
Маълумки, мазкур мусобақа ёшларни Ватанга муҳаббат, ҳарбий бурчга садоқат руҳида тарбиялаш, улар орасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш мақсадида Миллий гвардия вилоят бўйича бошқармасига бириктирилган таълим муассасаларининг ҳарбий-ватанпарварлик йўналишига ихтисослаштирилган синф ўқувчилари иштирокида анъанавий тарзда ўтказиб келинади.
Миллий гвардия ҳузуридаги Қорабайир отлари маҳорат мактаби ҳудудида ташкил этилган ҳарбий-спорт мусобақасининг бу йилги вилоят босқичи қизғин ва муросасиз баҳсларга бой бўлди. Мусобақа давомида иштирокчи жамоалар ҳарбий мажмуавий эстафета (умумҳимоя тўпламини кийган ҳолда заҳарланган ҳудуддан ўтиш, автоматни нотўлиқ қисмларга ажратиш ва йиғиш, ўқ-дориларни белгиланган жойга етказиш, беморга биринчи тез тиббий ёрдам кўрсатиш, отларни эгарлаш), сувли тўсиқдан ўтиш, камондан отиш, саф тайёргарлиги ҳамда билимдонлар беллашуви каби 5 та шарт бўйича ўзаро беллашди.
[gallery-6587]
Музработ туманидаги 51-ихтисослаштирилган умумтаълим мактабининг ҳарбий-ватанпарварлик синфи ўқувчиларидан ташкил топган “Қалқон” жамоаси шижоати ва эпчиллиги билан мусобақада юқори натижаларни қайд этиб, мутлақ ғолибликни қўлга киритди. 2-ўрин Олтинсой туманидаги 2-ихтисослаштирилган мактаб ўқувчиларига, 3-ўрин Термиз шаҳридаги 9-сонли ҳамда Узун туманидаги 4-ихтисослаштирилган мактаб жамоаларига насиб этди.
Мусобақа якунида барча ғолиб ва совриндорларга Миллий гвардия бошқармаси томонидан диплом, кубок ва эсдалик совғалари топширилди.
Жонибек ҚЎЗИМУРОДОВ (сурат),ЎзА