Қозоғистон Республикасида “Қалқон – 2021” Ўзбекистон – Қозоғистон ўқувлари бошлангани ҳақида хабар берган эдик.
Жамбул вилоятининг “Гвардейский” ўқув маркази ҳамда “Матибулоқ” дала-ўқув майдонида ўтказилган машғулотлар якунланди.
Ҳамкорликдаги машғулотлар ҳарбий хизматчилар учун синовларга бой бўлди. Улар янги қурол-аслаҳалар, бошқа муҳит, иссиқ ва совуқ об-ҳаво шароитларида ўзларининг қанчалар чиниққан ва чидамли эканликларини намойиш этишди. Тактик машғулотларда ҳам гоҳ у, гоҳ бу давлатнинг иштирокчилари ўзига хос ёндашув ва манёврларини кўрсатиб беришди.

–Икки халқ ўртасидаги муносабатлар қадим тарихга эга. Ўтказилаётган ҳамкорликдаги машғулотларни ушбу анъаналарнинг узвий давоми дейиш мумкин. Юртимизда ўтказилган “Қалқон – 2019” машғулотлари бу борадаги муҳим қадамлардан бири бўлган эди. Ҳамкорлигимиз яна мамлакатимизда давом этади. Иқлимдаги, минтақа ва жаҳондаги кескин ўзгаришларга ҳар томонлама тобланаяпмиз, – деди подполковник Муроджон Сафаров.

Икки давлат ҳарбий хизматчилари шартли душманга қарши авиация ва артиллерияни қўллаган ҳолда тактик ҳаракатларни амалга оширдилар. Бу эса машғулот иштирокчилари учун амалий билимларини ошириб, ўзаро тажриба алмашиш имконини берди. Тактик ҳаракатларнинг бири бўлган пистирма ва босқинни амалга ошириш давомида ҳам икки давлат ҳарбий хизматчилари бир-бирини тушунган ҳолда белгиланган вазифани муваффақиятли амалга оширди.
Тантанали ёпилиш маросида машғулотнинг фаол иштирокчилари ҳар икки давлат мудофаа вазирларининг буйруғига асосан фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.





Азиз Норқулов,
Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий
коммуникациялар департаменти ходими.
ЎзА