Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз бир йиллик байрами олдидан “Ўзбекистонда эл азиз, инсон азиз” шиори остида Андижон вилояти Марҳамат туманининг чекка ҳудудларидан бири бўлган “Янги ҳаёт” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги Қирғизистон Республикаси билан чегарадош Қалмоқбулоқ маҳалласида тиббий кўрик ўтказилди.
Қалмоқбулоқ маҳалласида 300 дан ортиқ оила таркибида 1,5 минг нафарга яқин аҳоли яшайди. Андижон вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси ташаббуси билан вилоятдаги марказий тиббиёт муассасаларининг малакали шифокорлари томонидан ушбу маҳалла аҳолиси чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилди.
– Мақсад, олис ҳудудда яшаётган аҳоли саломатлигини яна бир бор назоратдан ўтказиш, уларнинг саломатлигини мустаҳкамлаш, келиб чиқиши мумкин бўлган касалликларни эрта аниқлаш ва олдини олишдан иборат, – дейди Марҳамат тумани тиббиёт бирлашмаси бош шифокори Зуҳриддин Умаров. – Қолаверса, фуқароларнинг тиббий маданиятини ошириш, улар ўртасида соғлом турмуш тарзи тамойилларини кенг тарғиб этишдир.
Хирург, терапевт, кардиолог, кожвенеролог, ЛОР, окулист, онколог, травматолог, педиатр, болалар шифокорлари, фтизиатр, акушер-гинеколог, психиатр, ОИТС маркази ва бошқа йўналишлар мутахассислари, УЗИ, рентген, лаборатория текширувлари, мобиль офтальмолог кабинети, мобиль рентген, мобиль онко-кабинетлар ёрдамида ўтказилган бепул тиббий текширувларда аҳолига зарур тавсия ва маслаҳатлар берилди.
[gallery-8480]
Тиббий кўрик давомида кексалар, ногиронлар, сурункали хасталик билан оғриётган фуқароларга алоҳида эътибор қаратилди.
Шунингдек, кўрик давомида турли хасталиклари аниқланган фуқароларга вилоят тиббий муассасаларига бепул даволаниши учун йўлланмалар, шунингдек, турли дори-дармонларга муҳтож эҳтиёжманд оила вакилларига дори-дармонлар берилди.
– Маҳалламизга шифокорлар келиб, тиббий кўрик ўтказганидан жуда хурсандмиз, – дейди меҳнат фахрийси Барчиной Ашурова. – Қон босимим тез-тез кўтарилишидан, қулоғим яхши эшитмаслигидан азият чекаман. Текширувда тегишли шифокорлар кўригидан ўтдим. Саломатлигимни яхшилаш учун зарур тавсия ва маслаҳатлар, дори-дармонлар беришди. Яқин кунларда ўзимга мос эшитиш мосламаси олиб келиб берилишини айтишди. Биздек оддий одамларга кўрсатилган эътибордан бошимиз кўкка етди.
Тиббий кўриклар доирасида маҳалла аҳолисининг тиббий-ижтимоий муаммолари муҳокама қилинди. Шу билан бирга, шифокорлар томонидан турли касалликлар келиб чиқишининг олдини олиш, фуқароларнинг тиббий саводхонлигини ошириш, соғлом турмуш тарзини шакллантириш бўйича суҳбатлар ўтказилди.
Ф.Убайдуллаев, З.Умрзоқов (сурат),ЎзА