Жиззах вилоятининг Зомин туманида Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 34 йиллиги муносабати билан ўтказилган “Умуммиллий бирдамлик” фестивали ва гала-концерт тадбирлари нафақат байрамона тантана, балки миллатлар ва қалблар бирлигининг ёрқин намойишига айланди.
Дуоба маҳалласида ташкил этилган ижтимоий-маърифий фестиваль эса ҳар томонлама унутилмас таассуротларга бой бўлди. Турли миллат ва элатлар вакиллари ўз миллий либослари, мазали таомлари, рақслари ва мусиқавий намойишлари билан қатнашиб, юртимиздаги маданий хилма-хиллик ва бирдамлик қандай чуқур илдиз отганини намоён этишди.

Ушбу фестиваль Зомин туман ҳокимлиги, Республика Маънавият ва маърифат маркази, “Нуроний” жамғармаси, Маҳаллалар уюшмаси, Маданият бўлими, Маҳалла еттилиги ҳамда “Баркамол авлод” болалар мактаби сингари бир қатор муассаса ва ташкилотларнинг ҳамкорлигида ташкил этилди.

Зомин туман марказий ўйингоҳида ташкил этилган гала-концерт эса байрамга том маънода маданий шукуҳ бахш этди.

Тантаналар давомида турли миллат вакилларининг бир дастурхон атрофида жам бўлиб, бир-бирларига эзгу тилаклар билдириши, юрт тинчлиги ва миллатлараро тотувлик борасидаги умумий қарашлар атрофида бирлашиши байрамнинг чинакам маънавий юксаклигини намоён этди.

Бундай тадбирлар нафақат байрам кайфиятини олиб келади, балки қалбларни яқинлаштиради, миллатлар ўртасидаги ишончни чуқурлаштиради, келажакка бўлган ишончни мустаҳкамлайди.
А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА мухбирлари