Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Қалбларга нур бағишлаган зиёрат
11:44 / 2020-11-29

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 28 майдаги “Кексаларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига кўра, нуронийларнинг юртимиздаги туристик ва маданий мерос объектлари, муқаддас қадамжоларга саёҳатини ташкил этиш, шунингдек, ҳар йили 1 ноябрдан 30 ноябргача «Кексалар учун туризм ойлиги»ни ташкил қилиш каби тадбирлар белгиланган.

Шу муносабат билан жорий йил туризм ойлиги доирасида Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги томонидан республика “Нуроний” жамғармаси ҳамкорлигида юртимиздаги бир қатор тарихий меъморий мажмуаларга саёҳатлар ташкил этилди. Жумладан, Тошкент шаҳридаги "Ғалаба боғи", Ҳазрати Имом, "Шаҳидлар хотираси" ёдгорлик мажмуаларига, Тошкент вилояти Зангиота туманидаги “Зангиота”, Паркент туманидаги “Заркент ота” тарихий обидаларига уюштирилган саёҳатлар иштирок этган кекса авлод вакиллари учун таассуротларга бой бўлди.

“Кексалар учун ички туризм ойлиги” доирасида вазирлик ташаббуси билан Хива шаҳри бўйлаб яна бир экскурсия ўтказилди. Унда турли соҳаларда кўп йиллар самарали меҳнат қилиб, жамият равнақига муносиб ҳиссасини қўшган, баркамол фарзандларни тарбиялаб вояга етказган, оилада ҳам, жамиятда ҳам обрў-эътиборга эга бир гуруҳ кекса авлод вакиллари иштирок этди.

Тадбирнинг биринчи куни қатнашчилар Хива шаҳрининг машҳур тарихий обидаси – Ичан қалъа меъморий мажмуаси билан танишди. Археологик тадқиқотларга кўра, Хива шаҳри камида 2500 ёшга кирган. Буларнинг ҳаммаси ЮНEСКО ташкилотига Хивани қўриқхона аҳамиятидаги шаҳар деб эълон қилишга, шаҳарнинг ички қисми бўлган Ичан қалъани эса жаҳон аҳамиятидаги тарихий ёдгорлик дейишга асосдир.

Зиёратчиларга минтақадаги энг йирик ва ноёб меъморий ёдгорлик бўлган Ичан қалъа тарихи ва унинг қайтадан бунёд этилиш жараёнлари ҳақида атрофлича маълумот берилди. Жумладан, тадбир иштирокчилари 1967 йили Ичан қалъа давлат музей қўриқхонаси, деб эълон қилинганлиги, 1990 йилдан Ўрта Осиёда биринчи тарихий меъморий ёдгорлик сифатида Бутун жаҳон ёдгорликлари рўйхатига киритилганлиги ҳақидаги маълумотларга эга бўлди. Ушбу мажмуадан жой олган Саид Алауддин ва Паҳлавон Маҳмуд мақбаралари, Исломхўжа мадрасаси ва минораси, Кўк Минор тарихи билан танишди. Катта жоме масжидларида зиёратда бўлди.

–Юртимизда биз – нуронийларнинг иззат-ҳурматини жойига қўйиш, уларнинг жамият ҳаётида фаол иштирок этиши билан бирга, саломатликларини муҳофаза қилиш, улар учун турли маданий-маърифий тадбирлар, хусусан, туристик саёҳатлар ташкил этиш борасида олиб борилаётган ишлар барчамизни қувонтирмоқда, – деди меҳнат фахрийси Бектурган Абулхаиров. – Ичан қалъа мажмуасини зиёрат қилишни анчадан бери дилимга туккандим. Туристик гуруҳимиз аъзолари номидан шундай имконият, бой таассуротлар учун ташкилотчиларга миннатдорчилик билдирамиз.

Саёҳат доирасида "Эъзоз, эҳтиром, эътибор" мавзуида маданий маърифий тадбир ўтказилди. Тадбирда Калта минор, Янги турмуш, Гулшан ва Тоза боғ маҳаллалари фаоллари иштирок этди.

Саёҳатнинг иккинчи кунида Хива шаҳар “Нуронийлар” жамоатчилик кенгаши, "Бувижонлар мактаби" жамоатчилик кенгаши аъзолари, маҳалла фаоллари иштирокида "Ибрат мактаби" мавзуидаги давра суҳбати ҳам самимий руҳда ўтди. Давра суҳбатида Маҳалла ва оилани қўллаб қувватлаш вазирлиги бошқарма бошлиғи Хайриниса Мирзажонова, Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати аъзоси Гавҳар Дурдиева юртимизда нуронийлар учун кўрсатилаётган эътибор, жумладан, туризм ойлиги доирасида ўтказилаётган тадбирлар ҳақида сўзлади.

Маҳаллаларнинг бир гуруҳ фаолларига фахрий ёрлиқлар топширилди. Шу куни зиёратчилар Хива шаҳридаги Ферузхон ва Нуриллахон саройлари ёдгорлик мажмуалари билан танишди.

Зиёратчилар Хива шаҳри сафаридан бир олам таассуротлар билан, ўзларига кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрликлардан миннатдор бўлиб қайтишди.

 

Н.Усмонова, ЎзА