Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Қалбимизга абадул-абад дафн этилган қатағоннинг мазлумалари
13:54 / 2026-03-09

Ўтган асрнинг машъум сиёсий қатағон даври миллатимизнинг қанчадан-қанча зиёлиларини, давлат ва жамоат арбобларини, халқи, юрти учун фидойилик кўрсатган юртдошларимизни ўз домига тортиб, айбсиз айбдор қилиб қўйди. Шу аснода ХХ асрнинг 20-50 йиллари халқимиз тарихида ниҳоятда мураккаб ва фожеали давр сифатида тарихга муҳрланди.

Шу йилларда совет ҳукумати томонидан амалга оширилган сиёсий қатағонлар нафақат эркак зиёлиларни, балки жамиятнинг энг ҳимоясиз қатламларидан бири бўлмиш хотин-қизларни ҳам ўз домига тортгани ачинарли. Улар “халқ душманининг оила аъзоси” ёки “халқ душманининг турмуш ўртоғи” деган ўта беъмани айбловлар ила таъқиб остига олиниб, ижтимоий ҳаётдан четлаштирилди, сургун қилинди ва қатл этилди.

Мазкур машъум давр тарихини ўрганиш, тадқиқ этиш ва келажак авлодларга асл ҳақиқатларни етказиш тарихчи олимлар зиммасидаги масъулиятли вазифа ҳамда бурчдир. Бу борада мамлакатимизда бир қатор қарорлар қабул қилиниб, амалий саъй-ҳаракатлар амалга оширилмоқда, тарихчиларимиз томонидан изланишлар олиб борилмоқда.  

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Қатағон қурбонлари хотираси давлат музейи ходими, тарих фанлари бўйича фалсафа доктори Азиза Аҳророва томонидан “Ўзбекистонда хотин-қизларнинг қатағон қилиниши (ХХ асрнинг 20-50 йиллари мисолида)” номли монография яратилди. Ушбу монография миллатимизнинг қоронғи, айни дамда шарафли даврларидан гувоҳлик берувчи муҳим тадқиқот бўлди.  

Тарихимизнинг энг оғир, аммо муҳим саҳифаларидан бирини ёритувчи ушбу тадқиқот асарининг тақдимот маросимида соҳа мутахассислари, тарихчи олимлар сўзга чиқиб, асарда тилга олинган давр ва унинг қурбонлари бўлган хотин-қиз ватандошларимизнинг қаҳрамонликлари ҳақида ўз мулоҳазаларини билдирди.  

– Мазкур асарни ўқиш орқали қатағон йилларида ўз ҳаётини, эркинлигини ва қадр-қимматини муносиб тарзда ҳимоя қилган, манфур тузумнинг яланғоч қиличига бўйин эгмасдан ўлимни шараф билан қарши олган Хайринисо Мажидхонова, Марям Султонмуродова, Матлуба Муҳамедова, Хадича Алиева, Кимёхон Ашурова ва яна кўплаб метин иродали хотин-қизларимизнинг жасоратига гувоҳ бўламиз, – деди Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети доценти, тарих фанлари бўйича фалсафа доктори Муслимбек Алижонов. – Гарчи биз бугун бу улуғ оналаримизнинг қабрлари қаерда эканини билмасакда, лекин бир нарсани жуда яхши биламиз – биз уларни ўз қалбимизга абадул-абад унутилмайдиган қилиб қайта дафн этганмиз.  

Абдурауф Фитрат ўз вақтида шундай деган эди: “Ўтмишини эсдан чиқарган миллат уни албатта, яна такрорлашга маҳкумдир”.  

Тарихни ўрганиш бу фақат ўтмишга боқишгина эмас, балки келажак олдидаги улкан масъулиятни ҳис қилиш ҳамдир. Муаллиф ушбу тадқиқоти билан ана шу масъулиятни яна бир бор бизнинг ёдимизга солишга ҳаракат қилган, – деди тарихчи олим.  

Дарҳақиқат, ўтмишимизнинг ҳар бир даврини илмий жиҳатдан ўрганиш тарих ҳақиқатлари бўй кўрсатишига хизмат қилади. Бунда тарихчи олим ва олималаримизнинг қимматли меҳнати, игна билан қудуқ қазишга тенг бўлган машаққатли илмий изланишлари долзарб аҳамият касб этади.  

Ўзбекистонда хотин-қизларнинг қатағон қилинишига оид ушбу асар ҳам тарихчиларга қўлланма ва ёшларимиз учун тарихий манба бўлиш баробарида, тарихимизнинг ўта аянчли саҳифаларидан хабардор қилади.  

Муҳтарама Комилова, ЎзА