Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Қалбимизда, дилимизда шукроналик бўлсин!
16:26 / 2024-05-08

“Бу кун яна хат олганмиз. Ажойиб хат,
Госпиталдан чиққан эмиш соғ-саломат,
Бошидаги жароҳати битган эмиш,
Ҳатто ўрни билинмасдан кетган эмиш.
Берлин томон тушар энди йўлим дебди.
Хат сўнгида яхши ўқи, ўғлим, дебди”.

“Нидо” достонидан

Минглаб навқирон ўғлонларини йўқотган, минглаб фарзандларни отасиз қолдирган, минглаб аёлларни қон йиғлатган урушнинг азоби ва ваҳимасини ҳеч қачон уни бошидан кечирган одамчалик ҳис қила олмасак керак. Тинчлик ва хотиржамликнинг қадри, урушнинг даҳшати  юрагимга Эркин Воҳидовнинг “Нидо” достони ҳамда Ўткир Ҳошимовнинг “Икки эшик ораси” асари билан кириб келган. Ҳар гал ўқиганимда кўзимда ёш, вужудимда титроқ уйғонади: 

 

Ҳаёлнинг туманли пардаси аро
Йиллар кўз олдимда чарх ураётир.
Қишлоқ кўчасидан занжидай қаро
Олов болалигим югураётир.
Дунё қайғусига бўлмаган ошно,
Қаҳ-қаҳ ураётир,
Барқ ураётир.
Билмас, боши узра булутли само
Чақмоқ чақаётир,
Гулдураётир.
Билмас, яраланган бу мажруҳ дунё
Қасос сўраётир,
Бонг ураётир…

 

Тинчликни қадрини урушнинг аччиқ заҳматини кўрган инсонлардан, фарзандини фронтга юборган оналардан, яқинларини узоқ кутиб фақатгина тушларидагина қучоғига отила олган болалардан, отасини кўрмай туғилган норасидалардан, жуфти-ҳалолини урушга жўнатиб қалби томчилаб қонаб оққан келинчаклардан, набирасига сўнгги ушоқ қаттиқ нонини илиниб, ўзи кўз ёш тўккан бувилардан сўранг. Уруш ҳақида сўз очилганда киши борки бир оз сукутга кетади. Урушни кўрган, жанг ваҳимасини сезган одам борки ўша давр ҳақида эслаганда кўзига ёш олади, ичини титроқ босади. Мусаффо осмон ва хотиржамлик энг азиз неъмат эканлигини қайта ва қайта такрорлайди.

 

Қирқ биринчи йилларнинг даҳшати кўз олдимда,
Гўдак эдим, отамни кузатганим ёдимда.
У кўплар бахти учун кирар экан зўр жангга.
Онам бошимни силаб, ўхша, деган отангга.
Менинг мардлик мактабим жонфидо отам эди.
Мен отам фарзандиман, у эса одам эди.

 

Уруш бўлаётган ҳудуд қурбонлар танламайди. Эркаклар, аёллар, норасида болалар – барча миллат ва элат вакиллари тенг жабр чекадилар, тенг азоб ва уқубатда қоладилар. Фашизмга қарши бўлган курашда кўпгина давлатлар қатори миллионлаб ўзбекнинг юртга муҳаббат, ёвузликка нафрат билан қалби тўла фарзандлари ҳам қатнашган. Ўзбек халқининг фронт ва фронт ортидаги фидокорона меҳнати ва ғалабага қўшган беқиёс ҳиссаси, фронт ҳудудларидан республикамизга кўчириб келтирилган юз минглаб инсонларга нисбатан кўрсатган юксак инсонпарварлик фазилатларини ҳар қанча эътироф этса арзийди.

Дарҳақиқат, иккинчи жаҳон уруши йилларида олис-олисларда бўлган урушнинг совуқ шамоли қанчадан-қанча ўзбек оилаларининг ҳам ҳаловатини изғириндек учириб кетди. II жаҳон урушида мамлакатимиздан 1 миллион 433 минг 230 нафар ҳамюртларимиз иштирок этган бўлса, шундан 604 минг 52 нафари уруш майдонларидан ногирон бўлиб қайтди, 450 мингдан ортиқ ватандошимиз эса қонли жангларда ҳалок бўлди. Қанча-қанчаси майиб-мажруҳ бўлиб қайтгани, қанчаси бедарак йўқолгани ҳисобга олинадиган бўлса, бу ғалаба халқимиз учун нақадар қимматга тушгани яққол намоён бўлади. Ўзбекистонда етти ёшдан етмиш ёшгача бутун халқимиз “Ҳамма нарса – фронт учун, ҳамма нарса – ғалаба учун!” деб яшади, ором ва ҳаловатдан воз кечиб, тинимсиз оғир меҳнат қилди. Ўзбекистонга бир миллионга яқин киши эвакуация қилинди. Уларнинг 200 мингдан зиёди болалар бўлган. Юзлаб ўзбек оилалари бу болаларни ўз паноҳига олди. Тошкентлик Шомаҳмудовлар оиласи 14 нафар, Каттақўрғонлик Самадовлар оиласи 12, Бухоролик Жўраев ва Ашурхўжаевлар оиласи 8 нафардан болани ўз бағрига олди. Бундай мисолларни яна кўплаб келтириш мумкин. 

Уруш тугади, анча вақтлар ўтди, аммо ўша давр одамлари уруш дамларини ҳар гал алам ва ўкинч билан ёдга оладилар. Уларнинг уруш ҳақидаги хотираларини эслаб, катталарнинг дуоси нима учун айнан “Тинчлик-ҳотиржамилик бўлсин” сўзи билан бошланишини, тинчликнинг нақадар улуғ неъмат эканлигини англаб етасан киши. 

Урушнинг мен танимаган, мен билмаган дахшатга тўла азоб-уқубатлари ёритилган яна бир асар Ўткир Хошимовнинг “Икки эшик ораси” китобидир. Ушбу китоб мени илк танишувимизданоқ ўзига сеҳрлаб олди. Кўзларим саҳифалардаги ҳарфлар кетма-кетлиги устидан югуриб борар экан, ўшанда кўз олдимда ҳар бир қахрамон жонлангани, фронтда отилган ўқлар ёмғири, миналар портлашининг шовқини қулоғим остида сезилгани, “қорахат” олган оналар билан бирга йиғлаганим, келинчаклар билан бирга азобланганим, норасидалар билан бирга вогзалда поезд ортидан югурганларим, ҳаттоки фронт учун озиқ-овқат йиғиладиган пиёз тўла омбор ҳидини туйганим...ҳаммаси эсимда. 

Халқимизнинг энг сара, навқирон йигитларидан айирган, қанчасини ногирон қилган, қанчасини тиригини олиб кетиб совиган жасадини қайтарган, қанчасини эса ҳатто қабр учун ҳам қайтармаган иккинчи жаҳон уруши давридаги оғриқ ва азобли ҳаёт тасвирланган “Икки эшик ораси” асари юрагимга ўқ каби кириб ўзининг катта изини қолдирган эди. 

“Вагонлардан бирининг очиқ эшигидан беш-олти қўл баравар чўзилиб Кимсан акамни қоп-мопи билан ичкарига тортиб олди.

Ҳамма ёқ қий-чув бўлиб кетди.

- Худога топширдим, болам!

- Тезроқ келинг, дадаси.

- Хайр, адажон!

- Бегим, хат ёзинг бегим!

- фарзандимиз исмини нима қўйай?

- Худо паноҳида асрасин ўғлим! Бошинг тошдан бўлсин!”

Асарда халқимизнинг ўзини эр деб билган, орияти, “белида белбоғи” бор, чақирувдан ҳам аввалроқ бориб рўйхатга ёзилиб келган ҳар бир  қаҳрамон билан бирга жангга кирасиз, ўқ текканда оғриқ сезасиз, йиғлаганда йиғлайсиз. Мутолаадан узилгингиз келмайди, худди сиз китобни ёпасизда, қандайдир бир воқеа сизсиз ўтиб кетиши мумкиндек юрагингиз безовталанаверади. 

Муаллиф ўзи ёзганидек “Икки эшик ораси” асарида фожеа кўп – чунки замон фожеали эди, ҳар бир инсон тақдири, ҳаёти қил устида эди. Китобхон урушнинг тўлақонли дахшатини ҳис қилмасада, ўша даврдаги ҳаётнинг совуқ ва ваҳимали шамолини сезиши аниқ:   

“...Нонни карточка билан оладиган қилиб қўйишди. Почтахонага чиқсам, нон дўкони олдида тунрақатор навбат кутиб турган одамларни кўриб юрагим эзилади...

“Қорахат”... кейинги пайтда шу совуқ сўз кўпайиб қолди...”

Қалб хотиржамлигисиз ҳар дақиқа “совуқ” хабар келиши мумкинлигини билиб эшикка термулиб кун ўтказиш нақадар оғир. Буни биз – бугунги осуда ва тинч замон вакиллари том маънода англамаймиз. Аммо урушни кўрган, ўша давр мусибатларини бошидан ўтказган бобо-бувиларимизнинг биргина “уруш” хотираси билан сукутга кетишларидаги нигоҳларида, чуқур тортган “уҳ”ларида, секин тебранишларида, кўз ёшларида ўша азобларнинг акси, ҳарорати ҳали ҳам бор. Бугунги мусаффо осмонимиз, тинч ва осуда ҳаётимиз, бахтиёр фарзандларимиз учун минг шукроналар қилсак арзийди. Тинчлик ва қалб хотиржамлиги азиз неъматдир.

Иккинчи жаҳон урушида халқимиз 450 мингдан ортиқ ўғлонларидан айрилди, 450 минг хонадонда аза очилди. Бу катта мусибат, катта йўқотиш эди.   

“Ҳеч банданинг бошига фарзанд доғини солмасин экан. Юрса ер титрайдиган шундай Холпош овсиним уч кунда шилиниб тушди... “Болам”лаб йиғлайвериб, кўзда ёш, танида мадор қолмади. Қўшалоқ ўғлининг еттиси куни бутунлай овози чиқмай қолди. Сочини юлиб йиғлаганиям баҳарнов экан. Сандалга тиқилиб олади-да, бир бурчакка термилиб ўтираверади. Биров чақирса, анграяди. Потма Зўра келинлар эрталаб туриб, уввос тортганиниям эшитмайди” 

Уруш миллат танламайди, жинс танламайди, ёш танламайди.  “Ўрмонга ўт кетса хўл-қуруқ бирдек ёнади” деганларидек – уруш ўз домига ҳаммани бир йўла тортиб кетган.

Кимсанжоннинг Робияга ўз кечинмалари ҳақида ёзган мактубида яна бир бор уруш даҳшатини сезасиз, юрагингиз бир музлаб кетади: 

“...Боланинг юзини силасам, бармоғимга юмшоқ, иссиқ нарса уннади. Жонҳолатда қўлимни тортдим. Аммо бармоқларимга резинкадек нарса ёпишиб қолган эди. Қўлимни тортган сайин юзи чўзилиб кетяпти. Ваҳима ичида қўлимни силтаб ажратиб олдим. Чўнқайиб ўтирганча болага термилдим. Ловуллаб ёнаётган уйлар гулханида болакайнинг азобдан қийшайиб кетган чеҳраси аниқ кўринарди. Икки юзи, қош-киприклари куйиб, қорайиб кетган, кўзлари ваҳима билан бир нуқтага бақрайиб қотиб қолган, фақат лаблари ярим очиқ; ҳамон “а-а-а-а” деб чинқираётганга ўхшар, кемшик тишлари орасидан ғарчча тишлаб олган тилининг учи чиқиб турарди...”

Орадан қанча вақтлар ўтди, қанча сувлар оқди – бугун ҳаётимиз тинч, осуда, осмонимиз мусаффо. Аммо, орадан қанча йилар ўтган бўлмасин, уруш хотиралари ҳамон оғриқли бўлиб қолаверади. Бугунги осойишта кунларда иккинчи жаҳон урушида ҳалок бўлган минглаб юртдошларимиз хотирасини ёд этиш, оловли жанггоҳлардан омон қайтган боболаримизга, оғир кунларни сабр-бардош билан енгган, машаққатли дақиқаларда ҳам ўзлигини йўқотмаган, иймони бутун юртдошларимизга ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш том маънода миллий қадриятга айланди.

Тинчлик – жамиятда адолат, тенглик, барқарорлик ва фаровонлик ҳукм сураётганини, ҳамманинг ҳаётдан рози эканини кўрсатадиган энг муҳим мезондир. Ана шундай улуғ неъматни асраб-авайлаш ва қадрлаш бўйича ҳам мамлакатимиз бошқаларга ибрат бўлиб келаётгани барчамизни чексиз қувонтиради. 

Фронт ва фронт ортида бизнинг бугунги тинч ҳаётимиз учун тўкилган ҳар бир томчи қон ҳаққи, ҳар бир тўкилган томчи кўз ёши ҳаққи биз бугунги тинч ҳаёт, мусаффо осмон ва қалб хотиржамлигини келажак авлод учун асраб авайлашимиз, унинг қадру қимматини тушунтира олишимиз даркор. 

Биз азал-азалдан тинчликсевар халқмиз. Айнан шу ғоя тарғиботига бағишланган буюк миллий маънавий меросимиз бор. Уларнинг барида тинчликнинг қадрига етиш тарғиб этилади, уруш эса батамом қораланади. Иккинчи жаҳон уруши йилларида Ўзбекистонлик жангчиларнинг кўрсатган мардлик ва қаҳрамонлиги биз учун улкан жасорат мактаби, ғурур-ифтихор манбаи бўлиб қолади. Биз мана шундай мард ва жасур ота-боболаримизнинг авлодларимиз, давомчиларимиз. Уларнинг орзулари, курашган мақсадлари учун қўлимизда мустақил ва тинч юрт байроғини баланд кўтарамиз, кўксимизга шараф ва ғурур билан “Шараф тасмаси”ни тақамиз. Бугунги Янги Ўзбекистоннинг ҳар бир фарзанди “Улар” биз фаровон яшашимиз учун жон қурбон қилганликларини англаши, қалбдан сезиши лозим. Зеро, аждодларимиз жасорати — мангу барҳаёт ва шундай бўлиб қолаверади.

Муҳайё Исмаилова,

Республика Маънавият ва маърифат 

маркази Тошкент шаҳар бўлими раҳбари,

ЎзА