Навоий шаҳридаги ҳарбий қисмда Марказий ҳарбий округ қўмондонлиги, вилоят мудофаа ишлар бошқармаси, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, фахрийлар ва чақирилувчиларнинг ота-оналари иштирокида Ватан олдидаги муқаддас бурчини бажаришга отланган йигитларни муддатли ҳарбий хизматга кузатиш тадбири бўлиб ўтди.
“Умумий ҳарбий мажбурият ва ҳарбий хизмат тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ, 2022 йилнинг 22 февраль куни “Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг муддатли ҳарбий хизматга навбатдаги чақируви ҳамда белгиланган хизмат муддатини ўтаб бўлган муддатли ҳарбий хизматчиларни Қуролли кучлар резервига бўшатиш тўғрисида” Президент қарори қабул қилинган эди.

Тадбирда ҳарбий хизматга бориш, халқимиз тинчлиги, сарҳадларимиз дахлсизлиги, Ватан ҳимояси ҳар бир йигит киши учун энг шарафли вазифалардан бири эканлиги таъкидланди. Ватанни ҳимоя қилишдек муқаддас ва шарафли бурчни бажаришга шай турган ўғлонларга букилмас ирода, сўнмас матонат ва куч-ғайрат тиланди.

Тадбир сўнгида мамлакатимиз тинчлиги сарҳадларини ишончли ҳимоя қилишга ваъда берган ўғлонларга вилоят ҳокимлигининг совғалари топширилди. Ота-оналар эса муддатли ҳарбий хизматга йўл олаётган фарзандларини Ватан олдидаги бурчини мардонавор бажариб, юзи ёруғ бўлиб қайтиб келишини сўраб дуо қилди.




Абдували Бўриев, ЎзА