Қалбаки пулларни ясаш билан шуғулланган яна бир жиноий гуруҳ фош этилди. Бу ҳақида Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси Ахборот хизмати маълум қилди.
Ғиждувон тумани ИИБ ходимлари томонидан тезкор тадбир ўтказилди. Тадбир давомида туманнинг Соктари маҳалласида яшовчи, 2001 йилда туғилган фуқаро С.А. 2023 йил май ойи ўрталаридан май ойи охирларига қадар бўлган вақт оралиғида, танишлари фуқаролар И.А. ва А.И.лар билан олдиндан ўзаро жиноий тил бириктиради.
Натижада бир гуруҳ бўлиб, Ғиждувон тумани Тодон маҳалласида жойлашган уйда, “EPSON L-3100” русумли рангли принтер ёрдамида Ўзбекистон Республикасининг 100.000 сўмлик ва 200.000 сўмлик пул купюраларини келгусида ўтказиш мақсадида нусха кўпайтириш йўли билан ясаб келаётганликлари аниқланади. Улар ижарада турган туманнинг Шарқ маҳалласидаги хонадондан 2 дона 200.000 сўмлик купюрадаги, 1 дона 100.000 сўмлик купюрадаги қалбаки пуллар, 26 дона А4-форматдаги махсус қоғоз листларнинг ҳар бирига 3 донадан нусха олиш йўли билан кўпайтирилган 100.000 сўмлик купюрадаги қалбаки пуллар ва бошқа ашёвий далиллар тегишли тартибда ҳужжатлаштириб олинади.
Мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси ЖК.нинг 176-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирги кунда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Зариф Комилов, ЎзА