Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Қалами ўткир, диёнатли, софдил журналист
21:26 / 2025-12-26

Таниқли журналист Гулчеҳра Умарова дадил, кескирсўзли, виждони уйғоқ ва айни пайтда диёнатли, ориятли, миллатпарвар, юртпарвар ижодкорлардан саналади.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими Гулчеҳра Умарова таваллудининг 70 йиллигига бағишланган маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.

Адабий анжуманда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раисининг ўринбосари, атоқли шоира Фарида Афрўз, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси, “Жаҳон адабиёти” журнали бош муҳаррири Аҳмаджон Мелибоев ва бошқалар Гулчеҳра Умарова ижоди, унинг ўзига хос ибрат бўлишга арзигулик инсоний фазилатлари хусусида батафсил сўзладилар.

- Ёзувчилар уюшмаси биносида янги китоблар тақдимоти, устоз адиб ва шоирлар, журналистларнинг таваллуд санасига бағишланган анжуманлар мунтазам ўтказилиб турибди, - деди устоз шоира Фарида Афрўз. – Бу эса миллий адабиётимизга бўлган эҳтиромнинг амалий намунасидир.  Ижод ҳам қайсидир маънода курашлар майдони саналади. Гулчеҳра опа  бу ижод майдонидаги садоқатли, кўнгли тоза инсонлардан биридир.

– Гулчеҳра билан 22 йил бирга таҳририятда  меҳнат қилганмиз, – деди “Жаҳон адабиёти” журнали бош муҳаррири Аҳмаджон Мелибоев. – Уишга бирор марта кеч келмаган, бирон топшириқни бажармай қолмаган. Гулчеҳранинг ёзган мақолалари сал аччиқроқ, лекин унинг характери ҳам шунга яраша. Ижодкор турли синовларни бошдан кечириши табиий. Гулчеҳра ҳам синовлардан янада қатъиятли, шиддатли бўлиб чиққан инсон.

Гулчеҳра Умарова 1978 йили Тошкент давлат университети – ҳозирги Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетини тамомлаган. Маҳоратли устоз журналист  1978 йилдан 2024 йилгача “Ўзбекистон адабиётива санъати” газетасида мусаҳҳиҳ, таржимон, мухбир¸1997 йилдан бўлим мудири вазифасида фаолият кўрсатиб келган.  Устоз ижодкор 2024 йилдан буён  “Жадид” газетасида  бўлим мудири сифатида меҳнат қилмоқда.

Гулчеҳра опа 47 йиллик  фаолияти давомида журналистика  соҳасида  катта тажриба орттириб, ўзига хос ижодий  мактаб яратди. Санъат, маданият соҳаларини ривожлантириш, муаммо ва ечимларга бағишланган туркум мақолалари билан жамоатчилик эътиборига тушган.

Г.Умарова моҳир журналист, адабиётшунос, эссенавис  бўлиб, ижодида журналистик мақолалар, таҳлилий чиқишлар ва адабий фикрлар муҳим ўрин тутади. У ўзининг ўткир таҳлиллари, айниқса, кино асарлари ва маънавиятга оид масалалар юзасидан кенг қамровли мақолалари билан жамоатчилик эътиборини қозонган. Унинг адабиётга кириб келишини сокинликка йўйилса, ижодий дунёси ғоят бетакрор, ҳақпарвар, кенгва софдил қаламкаш сифатида эътироф этилади.

Устоз журналист  миллий маънавиятимиз, санъат, жамиятдаги муаммоларни босма оммавий ахборот воситалари ва телевидениедаги  кўрсатувлар орқали  дадил ёритиб келмоқда. Кино ва адабий асарларни кенг ва чуқур таҳлил этади. Маънавий камолот, зиёлиларнинг жамиятдаги ўрни каби масалаларга теран таҳлилий асосда, софдиллик ва ҳақиқат мезони билан ёндошиши  эътиборга моликдир.

[gallery-26928]

Гулчеҳра Умарова “Меҳнат шуҳрати” ордени, “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими” унвони билан тақдирланган. Адабий тадбирда Гулчеҳра Умарова ижодий фаолиятига оид видеофильм намойиш этилди.

Ижодкор мамлакатимизда қалам аҳлига кўрсатилаётган эҳтиром ва эътибордан мамнунлигини билдирди.

Тадбирда миллий истиқлолимиз, она-Ватанимиз, мамлакатимизда кечаётган янгиланиш жараёнлари,ижод аҳлига кўрсатилаётган меҳр ва эътиборни тараннум этувчи куй-қўшиқлар янгради.  

Назокат  Усмонова, Носиржон Ҳайдаров (сурат) ЎзА мухбирлари