Навоий вилояти Хатирчи туманидаги 20-умумий ўрта таълим мактабида марҳум журналист Ўрин Камолов хотирасига бағишланган “Қаламдан томган ҳақиқат” номли маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Журналистлар уюшмасининг Навоий вилояти бўлими ҳамда туман Ахборот-кутубхона маркази ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда ижодкорлар, кенг жамоатчилик вакиллари, ёшлар иштирок этди ҳамда марҳум устоз журналистнинг бой ҳаёт йўли ва ижодий мероси ҳақида сўз юритилди.
Тадбирда сўзга чиққан Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси Навоий вилояти бўлими раиси Отабек Аслонов Ўрин Камоловнинг матбуот соҳасидаги фидокорона меҳнати, айниқса, “Паxтакор” газетаси (ҳозирги “Xatirchi hayoti” таҳририяти)да муҳаррир сифатидаги сермазмун фаолияти ҳақида тўхталиб, устоз журналистнинг ўз даврида нафақат тинимсиз ижод қилган, балки туман матбуоти ривожига муносиб ҳисса қўшган, ёш қаламкашларни қўллаб-қувватлаганини алоҳида эътироф этди.
Марҳум журналистнинг қизи, бугунги кунда нафақада бўлган фахрий журналист Муҳаббат Камолова ҳам отаси бошлаб берган йўлни давом эттириб, узоқ йиллар матбуот соҳасида хизмат қилган.
[gallery-27380]
– Тадбирдан кўзланган асосий мақсад ижодкор хотирасини абадийлаштириш, шу орқали ёш авлод қалбида китобга, сўзга, матбуотга ва тарихий хотирага бўлган ҳурматни мустаҳкамлашдан иборат, – дейди туман Ахборот-кутубхона маркази мутахассиси Зилола Рустамова. – Ўрин Камоловнинг бой ижодий мероси бугун ҳам ўз қимматини йўқотмаган, балки замонлар оша маънавий йўл кўрсатувчи маёқ бўлиб хизмат қилмоқда.
Кеча давомида ижодкорлар ва ёшлар томонидан Ватан, тинчлик, меҳр-оқибат ва инсонпарварлик ғояларини тараннум этувчи шеърлар ўқилди. Мактаб ўқувчилари ижросидаги саҳна кўринишлари эса тадбирга алоҳида руҳ бағишлаб, иштирокчилар қалбида чуқур таассурот қолдирди.
А.Бўриев, С.Аслонов (сурат), ЎзА мухбирлари