Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Қалам сеҳрини ҳис этиб...
17:01 / 2025-08-28

Ватан учун, миллиат учун, халқ учун!

Пойтахтимизда бўлиб ўтган “Энг азиз, энг улуғ” танловининг Республика босқичи жуда катта ҳаяжонларга бой бўлди. “Ватан учун, миллат учун, халқ учун” бош ғояси асосида ташкил этилган ушбу тадбирда кейинги йилларда амалга оширилаётган Ўзбекистонимиздаги кенг кўламли ислоҳотлар самаралари, Янги Ўзбекистон ғояси ифодаси, учинчи ренесанс пойдеворини яратиш йўлидаги муҳим қадамларни турли жанрларда ижод қилаётган фидоий ижодкорлар ютуқлари эътироф этилди.

Босма ОАВ ходимларининг энг яхши журналистик ишлари номинациясида 1 ўрин таниқли публицист ва тарихий мавзулардаги асарлари билан тилга тушган ижодкор Ҳаким Сатторийга насиб этди. Чиндан-да, кейинги йилларда ижодкорнинг марказий даврий нашрларда жуда кўплаб мақолалари ўқувчилар эътиборини тортди. У “Ҳазрат соҳибқирон”, “Имзоли хатлар”, ”Вақт манзараси”, ”Ерда юлдуз кўрдим“ каби ўнга яқин китоблар муаллифи.

— Бадиий публицистика жамиятда кечаётган ижтимоий–сиёсий, маданий–маърифий жараёнларга, инсон онгу шуури, дунёқараши, турмуш тарзига, маънавиятига ҳозиржавоб ижодий тафаккур маҳсулидир, – дейди ижодкор биз билан суҳбатда. — Ҳакамлар ҳайъати изланишларимизни қадрлаб мукофотга лойиқ кўришибди. Бу эътирофдан мамнунман. Келгусида эса янги асарларга қўл уриш ниятидаман.

Ушбу номинацияда 2 ўрин эса “Халқ сўзи” газетасининг маънавият бўлими бошлиғи Нурулла Остоновга насиб этди. Нурулла ака кўп йиллар ЎзАнинг Самарақанд вилояти мухбири, МТРК нинг “Ахборот” дирекцияси вилоят мухбир, Самарқанд шаҳар ҳокимлиги газетаси бош муҳаррири, “Ўзбекистон овози“ газетаси бўлим бошлиғи бўлиб ишлаган. Кейинги йилларда “Халқ сўзи“ газетасида унинг турли мавзулардаги ўқимишли мақолалари жамоатчилик томонидан ижобий баҳоланди. У киши ўнга яқин лирик шеърларни жамлаган ўзига хос услубдаги лирик шоир сифатида эътироф этилса, болалар учун аталган бир қанча китоблар муаллифи ҳамдир. Шунингдек, “Кесакнинг таъсири” ,”Йиғлайдиган ўлик” ҳажвия ва памфлетлари жамланган китоблари, бир қатор публицистик асарлари ижодкорнинг қалами нечоғлик ёниб турган беҳаловат қалб соҳиби эканлиги билдириб туради.

— Ижодкор ҳаётга теран назар ташлаши лозим , – дейди Нурулла Остонов. – Албатта, биринчи ўринда Ватанни севиш ва ардоқлаш, ўз юртининг қувончу қайғусига шерик бўлиш, замондошининг нафасини сезиб туриш лозим. Кейинги пайтда марказий нашрларда нисбатан мақоланавислик жонлана бошлади. Буни ўзим хизмат қилаётган “Халқ сўзи“ газетаси фаолиятида ҳам сезиш мумкин. Газетамизнинг муаллифлари сони ошаяпти. Умуман, газеталарнинг умри тугади, деган сўзнинг ўзи ўринсиз фикр. Газета ўнлаб кечани кеча, кундузни кундуз демай, ўз соҳасининг ташвишидан чўчимайдиган, қалам ва сўз сеҳрини ҳис этадиган ижодкорларнинг минбари. Газетадаги мақоланинг руҳини, ифорини ҳис этадиган миллионлаб ўқувчилар кутиб турган бўлади. Бугунги “Энг улуғ, энг азиз” танловида иштирок этиб, номинация соҳиби бўлганимдан, фахрли иккинчи ўринга муносиб кўришганидан мамнунман. Келгусида ҳам янги асарларга қўл уриш ниятидаман. Келаётган улуғ байрам барча замондошларимизга муборак бўлсин.

Яна бир муносиб номзод “Фермер” журнали бўлим мудири Улуғбек Жумаевга эса 3 ўрин насиб этди. Улуғбек Жумаев ўқувчиларга мамлакатимиз қишлоқ хўжалиги ҳаётига оид жуда кўплаб мақолалари билан таниш. Шунингдек, унинг маърифий мавзудаги материаллари “Бобур ва дунё” журналида, “Ҳуррият”, “Бугунги Ўзбекистон” нашрларида доимий чоп этилиб борилади. 

— Танловда қатнашиб ушбу номинацияда ғолибликни қўлга киритганимдан хурсандман, – дейди суҳбатдошимиз. — Аслида ижодкор мукофот учун ёзмайди. Бу ижодкорга бир эътибор, яна рағбат. ”Фермер” журналимиз кейинги пайтда фермерларимизнинг қувончи ва ташвишларини ёритиш билан бирга маънавий маърифий бадиий асарларга ҳам ўрин бермоқда. Бугунги мукофот аслида тиниб тинчимайдиган ижодий жамоамизга берилган мукофотдир. Келаётган байрам барчамизга муборак бўлсин.

Ўлжабой Қаршиев