Хизмат сафари билан Туркия Республикасида бўлиб турган ЎзА ижодий жамоаси ўтган йил 6 февраль куни рўй берган кучли зилзила эпицентри Қаҳрамонмараш вилоятидан махсус фоторепортаж тайёрлади.
Жорий йил 9-12 февраль кунлари Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон ва Озарбайжон оммавий ахборот воситалари вакилларидан иборат делегациялар учун Туркиянинг Қаҳрамонмараш, Адияман ва Малатья вилоятларига пресс-тур уюштирилди.
[gallery-15908]
Қаҳрамонмарашда 1 миллион 170 минг киши яшайди. ЎзА тайёрлаган фототўпламда ҳудудда рўй берган табиий офат оқибатида юзага келган вайроналар, шу билан бирга бир йил ичида қуриб, аҳолига топширилган уйлар, барпо этилган янги мактаб, спорт майдончалари ва иш офислари акс этган.
Қаҳрамонмарашда 7491 та бино вайрон бўлди, 4434 та объект шошилинч бузилган. Жами 53 945 та бино зарар кўрган. Чиқиндиларни олиб ташлаш жараёнининг 93,68 фоизи бажарилган. Шунингдек, аҳоли истиқомат қилиб турган контейнерлар шаҳарчасида шарт-шароит мавжуд, жумладан, ёшлар таълими олиши учун имкониятлар яратилган.
Беҳруз Худойбердиев, Нозимжон Мардонов (сурат), ЎзА