Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Қаҳрамонлар хотираси халқимиз қалбида мангу яшайди
19:49 / 2025-05-23

Пойтахтимиздаги “Ғалаба боғи” ҳудудида барпо этилган “Миллат фидойилари” хиёбони юртимиз мустақиллигини асраш ва мустаҳкамлаш, чегараларимиз дахлсизлиги, халқимиз тинчлигини сақлаш йўлида жон фидо қилган марҳум юртдошларимиз хотирасига кўрсатилган юксак ҳурмат-эҳтиромнинг яна бир намунасидир.

Ушбу хиёбонда юртимизнинг 200 нафарга яқин фидойи ўғлонлари номи зарҳал ҳарфлар билан битилган. Улардан бири мард ва фидойи ички ишлар ходими, марҳум полковник Баҳодир Ҳошимовдир.  

Баҳодир Ҳошимов 1950 йилда Андижон вилоятининг Асака шаҳрида таваллуд топган. 1968-1970 йиллари ҳарбий хизматни ўтаган. У 1977 йили Тошкент автомобиль ва йўллар институтини муваффақиятли тамомлаб, меҳнат фаолиятини Андижон вилоят ички ишлар бошқармаси давлат автомобиль назорати бошқармасида давлат автомобиль инспектори вазифасидан бошлаган.

Б.Ҳошимов 16 йил давомида вилоят ИИБ давлат автомобиль назорати бошқармасида турли лавозимларда сидқидилдан хизмат қилди. 1993-1997 йилларда эса Асака шаҳар ички ишлар бўлими бошлиғи ўринбосари, 1997-2000 йилларда вилоят ички ишлар бошқармаси, хусусан, ИИБ Жамоат тартибини сақлаш хизмати бошлиғи ўринбосари лавозимида фаолият юритди.

2000 йил 20 августдан 21 августига ўтар кечаси Андижон вилояти Избоскан тумани Пойтуғ шаҳарчасидаги чекка бир хонадонга ин қуриб олган бир гуруҳ террорчилар билан бўлган қуролли тўқнашувда у мардлик ва жасорат намунасини кўрсатди. Минг афсуски, отишмалар чоғида полковник Баҳодиржон Ҳошимов мардларча ҳалок бўлди.  

Мустақиллигимизнинг дастлабки йилларида юртимиз эркини кўролмай, четдан ғараз ният билан қараб, аммо ичкарисига суқилиб киролмаётган ғаламислар ўтиш даврида айрим ёшларимиз онгида ҳосил бўлган бўшлиқлар ўрнига ўзларининг чиркин мафкурасини олиб киришга интилди. Афсуски, баъзан бунга қисман бўлса-да, эришишди. Улардан қурол сифатида бизга қарши фойдаланиш мақсадида ҳаракат қилишди. Ватанфуруш, нафс йўлида ўзлигини йўқотган бир ҳовуч хоинлар уларнинг пуч ғояларига ишонди. Ёвуз кучларнинг ноғорасига ўйнаб, қўлларида қўғирчоққа айланиб, уларга эргашган эди.

...Избоскан тумани Пойтуғ шаҳри кўчаларининг биридаги уйга паранжи ёпинган номаълум аёллар кириб-чиқиб юришибди...

Буни кўрган маҳалладаги ҳушёр фуқаролар ички ишлар идораларига етказишди. Маълумот олингач, туман ички ишлар бўлимида тезкор-тергов гуруҳи тузилиб, айтилган манзилга етиб келишди. Режа бўйича иш бошлаган ходимлар “шитир” этган шарпага синчков қулоқ тутишди. Ярим тунда ён томондаги дарвоза товушсиз очилди-да, ундан икки нафар паранжи ёпинган аёл чиқиб, шитоб билан кета бошлади.

– Кечирасизлар, опажонлар! Қоронғида нима юмуш билан юрибсизлар? “Опажонлар” жавоб бермади. Шу пайт дарвоза яна очилиб, ундан чиққан икки паранжили “аёл”нинг метин қўллари ички ишлар идораси ходимини бўғиб, ичкарига судрай бошлади. Спортнинг қўл жанги билан мунтазам шуғулланиб юрган милиция ходими тўрт нафар паранжили “аёл”ларга қаршилик кўрсатиб, ҳужумга ўтди. Олишув пайтида ички ишлар идораси ходимлари уларнинг аёл эмас, эркак киши эканлигига, қуролланганлигига ишонч ҳосил қилди. Бу ҳақида вилоят ички ишлар бошқармасига хабар берилди...

...Тунги соат 22.30 дан бошлаб тонгги 05.25 гача бўлган музокарага ичкаридаги террористлар ўқ отиш билан жавоб бериб туришди. Иложи йўқ, энди уларни қуролсизлантириш керак эди. Бунинг учун полковник Баҳодиржон Ҳошимов бошчилигида жанговар ҳаракатдаги отряд девор панасидан туриб, ҳужумга ўтиши режалаштирилди.

Топшириқ асосида режа бўйича ёриб кирган ходимлар уйга жойлашиб олган террорчилар “жонли девор” сифатида фойдаланаётган икки бола ва бир аёлни соғ-омон олиб чиқишди.

Шу пайт уй айвони шифтидаги туйнукдан отилган ўқ полковник Баҳодиржон Ҳошимовнинг эгнидаги зирҳли камзулнинг ёқасидан кириб, уни йиқитди.  

Ўша туйнукдан яна бир неча бор ўқ узилди. Мўъжиза туфайли ўқлар нишонга тегмади. Афсуски, олган жароҳатининг жиддийлиги туфайли полковник Баҳодиржон Ҳошимов вафот этди.

Баҳодиржон Ҳошимовнинг кўрсатган жасорати хақида кейинчалик унинг ҳамкасблари томонидан “Жасоратнинг машаққатли йўллари” номли ҳужжатли китоб ёзилди. Шу билан бирга, унинг хотирасини абадийлаштириш мақсадида вилоят ички ишлар бошқармаси музейида Баҳодир Ҳошимов ҳаёти, фаолиятига бағишланган бўлим, вилоятдаги қатор умумтаълим мактабларида қаҳрамон ҳаёти ҳақида ҳикоя қилувчи стендлар ташкил этилди.  

Ҳозир Баҳодиржон Ҳошимовнинг оиласи Асака туманидаги Арғин маҳалласида яшаб келмоқда. Унинг катта фарзанди Баҳтиёржон прокуратура, кенжа фарзанди Ботиржон Ҳошимов ички ишлар тизимида самарали фаолият юритиб келмоқда.

Б.Ҳошимовнинг хотирасини абадийлаштириш мақсадида Асака туманидаги 30-умумтаълим мактабида “Жасорат” бурчаги ташкил қилиниб, ўқувчиларга унинг қаҳрамонлиги ҳақида қўшимча дарслар ўтиб келинади. Бундан ташқари, ҳар йили туман миқёсида спортнинг бокс ва футбол турлари бўйича Б.Ҳошимов хотирасига бағишланган турнирлар ўтказилади.  

Юртимизда Баҳодиржон Ҳошимов сингари фидоий инсонларнинг номи, порлоқ хотираси “Миллат фидойилари” хиёбони орқали мангуликка муҳрланди. Юрт, халқ тинчлиги йўлида ўз жонини тикиб, ғанимга қалқон бўлган ана шундай қаҳрамонларимиз хотираси халқимиз қалбида мангу яшайди.    

Ф.Убайдуллаев, З.Умрзоқов (сурат), ЎзА мухбирлари