Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Қаҳрамонлар ўлмайди
17:07 / 2025-01-14

14 январь – Ватан ҳимоячилари куни

Ватан нима? 

Ватан – бу мен, Ватан – бу сен, Ватан – бу биз, Ватан – бу ҳаммамиз. Киндик қонимиз тўкилган бу заминнинг ҳар қарич ери, бир ҳовуч тупроғи қадрли бизга. Бугун ҳарбийларимиз унинг равнақи ва тинчлиги йўлида фидокорона хизмат қилмоқда. 

Уларнинг беминнат хизматлари ортида фидокорлик, мардлик, жасорат мужассам. Ватаннинг чинакам фарзандлари унинг тинчлиги ва осойишталиги йўлида ҳатто ўз жонини қурбон қилади. 

1982 йил 4 августда Навоий вилоятининг Қизилтепа туманида туғилган Шерали Идиев ҳам болалигидан ҳарбий бўлишни орзу қиларди. 
Ўқувчилик чоғидаёқ ҳарбий аскар бўлиш, Ватан сарҳадларини ҳимоя қилишни ўз олдига мақсад қилди. Ҳарбийларга хос ҳаёт кечириш, мавжуд тўсиқ ва қийинчиликларни енгиб ўтиш учун аввало, билим ва дунёқараш, жисмоний етуклик муҳим ҳисобланади. Барчасини тўғри англаган Шерали ҳарбий хизматни тугатгандан кейин ҳаётини ушбу соҳа билан боғлади. 

2003 йилда Навоий шаҳридаги ҳарбий қисмда иш бошлаган қаҳрамонимиз 2009-2013 йилларда Қашқадарё вилоятида, 2013-2015 йилларда эса Бухоро вилояти Когон шаҳрида фаолият олиб борди. Когон шаҳридаги ҳарбий қисмларнинг бирида алоқа тугуни гуруҳи бошлиғи лавозимигача кўтарилди. У қаерда, қандай вазифада ишламасин, тажрибали мутахассис сифатида сафдошлари орасида обрў-эътибор қозонди. 

Аммо тақдир экан... 

Шерали Идиев 2015 йилнинг 29 апрель куни Когон шаҳрида хизмат вазифасини ўтаётган вақтда ҳалок бўлди. Бугун эса у оиласи, фарзандлари, яқинлари ва юртдошларимиз хотирасида яшамоқда. 

– Турмуш ўртоғим Ватан олдидаги бурчини шараф билан уддалади, – дейди Назокат Нурова. – Хизмат вазифасини ўташ чоғида ҳалок бўлди. Орадан шунча вақт ўтсада, мутасаддилар тез-тез йўқлаб, ҳолимиздан хабар олиб туради. Навоий шаҳридан бизга уй берилди. Икки нафар фарзандим бор. Келгусида ўғлим Шарифжон ҳам ҳарбий бўлмоқчи. Отаси каби юртимизнинг тинчлиги, осойишталигини таъминлашга ўз ҳиссасини қўшмоқчи. 

Ҳа, бугун юрт тинчлиги, Ватан тараққиёти ва халқ фаровонлиги йўлида ўз жонидан кечган Шерали сингари қаҳрамонларимиз орамизда йўқ. Улар бошлаган эзгу ишларни сафдошлари, фарзандлари давом эттирмоқда. 

Дарвоқе, қаҳрамонлар ўлмайди. Улар хотираси ҳамиша барҳаёт. Ҳар бир миллат ўз қаҳрамонларини унутмайди. Улар халқ тилида ва дилида мангу яшайди. 

Абдували Бўриев, ЎзА мухбири