Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Қаҳрамонлар номи мангу яшайди
15:23 / 2026-01-14

14 январь – Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан Андижон вилояти Марҳамат тумани ҳокимлиги ҳамда Мудофаа ишлари бўлими масъул ходимлари, бир гуруҳ ҳарбий фахрийлар хизмат вазифасини бажариш чоғида жасорат кўрсатиб ҳалок бўлган ҳарбий хизматчи – жанговар десант гуруҳининг механик ҳайдовчиси, кичик сержант марҳум Акмалжон Кўчканов хонадонида бўлди.

Тумандаги Қорақўрғон маҳалласида истиқомат қилувчи қаҳрамоннинг ота-онаси ва яқинлари билан учрашув чоғида Ватан ҳимояси йўлида жонини фидо этган, эл-юрт тинчлиги учун жасорат намунасини кўрсатган мард ўғлонлар хотираси халқимиз қалбида ҳамиша барҳаёт экани таъкидланди.

Шунингдек, ўз хизмат бурчини бажариш асносида мардларча ҳалок бўлган ҳарбийлар нафақат бир оиланинг, балки бутун миллатнинг ғурури ва фахр-ифтихори экани, уларнинг ёрқин хотираси авлодлар қалбида абадий сақланиши қайд этилди.

Оила аъзолари билан суҳбат давомида марҳум Акмал Кўчкановнинг ватанпарварлиги, ҳарбий хизматдаги фидойилиги, кўрсатган жасорат ва қаҳрамонлиги, юксак инсоний фазилатлари ёдга олинди. 

– Акмал нафақат моҳир механик-ҳайдовчи, балки ўз қасамёдига содиқ, юрт муҳаббатини ҳамма нарсадан устун қўйган ҳақиқий аскар эди, – дея хотирлайди туман мудофаа ишлари бўлими бошлиғи Абдулло Баширов. – Унинг жанговар десант гуруҳи сафидаги дадил ҳаракатлари, ҳаётининг сўнгги нафасигача кўрсатган мардлиги бугунги ёшлар учун тарбия, ибрат мактабидир. Акмал каби қаҳрамонларни халқимиз ҳеч қачон унутмайди. 

Суҳбат якунида мутасаддилар марҳум Акмал Кўчкановнинг ота-онаси,  яқинларига миннатдорчилик билдириб, уларга байрам совғаларини топширди. Ўз навбатида қаҳрамоннинг ота-онаси кўрсатилган эътибор учун Президентимизга, мутасаддиларга ўз миннатдорчилигини билдирди. 

Ф. Убайдуллаев, З. Умрзоқов (фото),

ЎзА мухбирлари