Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Қаҳрамон ая ҳашарга бош-қош бўлди
10:23 / 2022-05-01

Уй-жойлар, кўча-ҳовлиларни озода, саранжом ҳолатда сақлаш халқимизнинг азалий қадриятларидан саналади. "Маҳалла ободлиги – юрт фаровонлиги" шиори остида ташкил этилган умумхалқ хайрия ҳашари Наманган вилоятининг шаҳар ва туманларида ҳам кўтаринки руҳда ўтди.

Тўрақўрғон тумани Чусткўприк маҳалласи аҳолиси ҳашарга уюшқоқлик билан қатнашди. Ўзбекистон Қахрамони, “Хадича ая” фермер хўжалиги раҳбари, қишлоқ хўжалиги фахрийси Халчахон Мирзаева ҳашарга бош-қош бўлиб, маҳалладошларини фаолликка чорлади. Ҳашар давомида уюшмаган ёшлар, уй бекалари билан учрашувлар ташкил этилди. Унда ота-боболаримиздан қолган, асрлардан асрларгача қадр топиб келаётган миллий удумимизни эъзозлаш, ҳашарда енг шимариб меҳнат қилиш ҳақида сўз борди.

Йўл бўйларига 500 тупдан ошиқ гул кўчатлари, 1 минг 200 туп терак қаламчалари ва кўчатлари экилди. Ариқ зовурлар, лотоклар тозаланиб, 100 тупдан ортиқ дарахтларга шакл берилди. Ҳашар давомида эҳтиёжманд, боқувчисини йўқотган, кексалари бор 20 дан зиёд хонадонлар ҳолидан хабар олиниб, уларнинг ҳовлиларида тозалаш ишлари бажарилди. Уларга Рамазон Ҳайити арафасида озиқ-овқат маҳсулотлари, моддий ёрдам пуллари берилди.

– Ҳашар – халқимизга хос улуғ қадрият, – дейди Наманган вилояти Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш бошқармаси бошлиғи Аҳмаджон Аълохўжаев. – Бугун ўтказилаётган ҳашар ҳам байрамолди тайёргарликнинг бир босқичидир. Ҳашар туфайли вилоятдаги 1 минг 200 гектар ер-майдонлари, боғу хиёбонлар ободонлаштирилди. 530 километрга яқин ариқлар тозаланиб, 673 та қабристон ва 31 та зиёратгоҳ тартибга келтирилди.

“Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида ҳамда жорий йил 22 майдан 5 июнь кунига қадар ўтказилиши режалаштирилган “61-Халқаро гуллар фестивали” га тайёргарлик кўриш мақсадида барча турар жой мавзелари ва маҳаллаларда 130 минг тупдан зиёд мевали ва манзарали дарахт кўчатлари, 800 минг тупдан зиёд гул кўчатлари экилди. Ҳашарга 656 та техника воситаси жалб этилди.

Бундан ташқари, ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламлари, айниқса эҳтиёжманд, меҳр-мурувватга муҳтож, боқувчисиз қолган кекса ва ногиронлиги бўлган фуқаролар уй-жой шароитларини яхшилашга кўмаклашишга алоҳида эътибор қаратилди. Айни шу мақсадда юзга яқин оилаларнинг 28 минг кв.метрга яқин уй-жойлари ҳашар йўли билан таъмирланди, бунинг учун 251,7 миллион сўм сарфланди, шунинг 164,2 миллион сўми вилоят “Маҳалла” хайрия жамоат фонди ҳисобидан ажратилди.

Шунингдек, “Ҳеч ким меҳр ва эътибордан четда қолмасин” шиори остида ногиронлар, ёлғиз кексалар, Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва меҳнат фронти фахрийлари, ёрдамга муҳтож мингдан ортиқ фуқароларга қарийб 300 миллион сўмлик моддий ва маънавий ёрдам кўрсатилди.

Оқилхон Дадабоев,

ЎзА