French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Қаҳрамон Абдураҳимов: Санъат оламида янги давр бошланди
10:37 / 2021-08-20

Қаҳрамон Абдураҳимов қарийб ярим асрдан буён санъат оламида, гоҳ кино, гоҳ театрда бири-биридан ажойиб ролларни ижро этади. У ролни танлаб ижро этади. Шунинг учун ҳам томошабин ёдидан чиқмайди.

Ҳозирда актёр кино ва театрда роль ижро этиш билан бирга, Ўзбек миллий академик драма театрида санъат соҳасига кириб келаётган ижодкорларга устозлик қилмоқда.  

 - Санъат оламида янги давр бошланди,- дейди Қ.Абдураҳимов.- Қани энди яна ёш бўлиб қолсанг-да, ижод оламига шўнғиб кетсанг. Умримизнинг ярмидан кўпи театрдек муқаддас даргоҳда ўтяпти. Иккинчи эмас, биринчи уйим, десам ҳам муболаға бўлмайди. Бундан 35-40 йил олдин биз ишлаган театрлар бунчалик мукаммал таъмирланмаган эди. Қишда совиб кетарди, ёзда димиқиб, ҳаво етмай қоларди. Ҳозир ҳавони мўътадил сақловчи махсус жиҳозлар ўрнатилган. Ўриндиқлари-ю, бинонинг ички ва ташқи безакларини, жиҳозларини айтмаса ҳам бўлади. Биз собиқ совет даврида зах ҳиди уфуриб турадиган қоронғу ва файзсиз клубларда ҳам ижод қилганмиз, вилоятларда юриб, ижодий сафарларда бўлганмиз. Ҳозир ҳам тез-тез вилоятларга ижодий саёҳатлар уюштирамиз. Қувонарлиси, бугун вилоятларда, туман марказларида ҳам пойтахтдаги театр биноларидан қолишмайдиган маданият марказлари, санъат саройлари бор.  

 Актёр ижоди давомида «Оловли йўллар», «Ўткан кунлар» (иккинчи талқини), «Шайтанат», «Севгинатор», «Тавба», «Мен бу мен» каби фильмларда ва бошқа кўплаб спектаклларда роллар ижро этган.  

 - Театр томошалари, саҳна асарлари инсонга маънавий озуқа беради, - дейди актёр.- Театр бу ибратхонадир, деб бекорга айтмаган, жадидчи бобомиз. Мустақилликнинг ўтиш даври одамларда оғир кечди, фақат қоринни тўйғазиш йўлида яшади, ўз даврида театр ва киноларга боролмади, кутубхоналарда китобга навбатда турмади. Дўконларда озуқага навбатда турди. Турмуш ташвишлари одамни маданий хордиқ олишдан четлаштирди. Ҳозир қийинчилик даври эмас, одамларнинг қорни тўқ. Ҳатто қуйи қатлам ҳам дўконларда нонга навбатда турмайди. Энди театр ва кинолар томоша қилиш уларнинг кўнглига сиғади. Биз ҳам шу руҳда ижод киламиз. Томошабин кайфияти қанчалик юқори бўлса, биз ҳам бундан мамнун бўлиб ижод қиламиз  

 Маълумот ўрнида, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Қаҳрамон Абдураҳимов 1949 йил 18 августда таваллуд топган. Ҳозирги Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтини тамомлаган. Ўзбек миллий академик драма театрида фаолият юритмоқда.  

 

Д. Маматова, ЎзА