Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Қаҳҳор Раҳимов: “Ғурурланиб, фахрланиб куйлайман”
14:51 / 2022-03-18

Ассалом, Наврўз – янгиланиш, меҳр-оқибат ва қадр-қиммат айёми!

Бахшичилик санъати миллий маданиятимизнинг нодир намуналаридан ҳисобланади. Қадим қадриятларимиз, анъаналаримиз, ўлмас меросимиз намоёни бўладиган бу ноёб санъат тури йиллар ўтса-да ўз қадр-қимматини йўқотмай келмоқда. Қашқадарёда ўзига хос бахшичилик мактабларининг вужудга келганлиги, элга таниқли бахшиларнинг етишиб чиқаётгани бу санъат турига бўлган қизиқишни янада оширмоқда.

Бахшилар айтимларини тинглаганмисиз. Бу оҳанг ва айтим қалбимизга энг гўзал ҳис-туйғуларни сингдиради. Бахшининг сози-ю овозида халқчиллик, ўзбекнинг ўзлиги, орияти, мардлиги, бутун бўй-басти билан намоён бўлади. Алпомишнинг жўмардлиги, Барчинойнинг садоқати, юрт қадри, тинчликнинг шукронаси бор дўмбиранинг садоларида.

Ўзбекистон халқ бахшиси Қаҳҳор Раҳимов билан суҳбатлашар эканмиз, унинг суҳбат орасида қофияларни келтириши, қашқадарёликларга хос бўлган шевада сўзлашидан завқланамиз. Кайфиятимиз кўтарилиб, “дўмбирани қўлга олинг”, деб юборганимизни билмай қоламиз. Ўзбекнинг ана шундай бахшилари бор.

Қаҳҳор бахши Раҳимов Қашқадарёнинг тоғли Деҳқонобод туманида туғилиб ўсди. Бахшичилик унинг қонида бор. Отаси Қодир бахши Раҳимов достон куйлаб, кунни тунга улаган, юзлаб санъатсеварларни бир кеча-ю бир кундуз ёнидан силжитмай ўзига маҳлиё этган беқиёс истеъдод эгаси эди. Қаҳҳор бахши ўзининг таъбири билан айтганда бешикда отасининг терма-ю достонларини тинглаб вояга етган. 7 ёшида отаси унинг қўлига сеҳрли дўмбирани тутқазган. Сарғайота кенгликлари, қалбларга улуғворлик бахш этувчи пурвиқор тоғлар, қир-адирлар, чўпон-чўлиқларнинг мардонавор ҳайқириқлари, дарёдай кенг феъл, соддадил тоғликлар унга илҳом бахш этди.

[gallery-6203]

– Бахтимизнинг чопгани, пешонамизнинг жарқиллагани Президентимизнинг бахшиларга жуда катта эътибор бераётганида, – дейди Ўзбекистон халқ бахшиси Қаҳҳор Раҳимов. – Термиздаги бахшичилик мактаби, Қашқадарёда мусиқа мактабларининг таркибида бахшилар синфининг очилишининг ўзи бахт.

2019 йилда Термиз шаҳрида халқаро фестиваль бўлди, 73 мамлакатдан хорижий меҳмонлар таклиф этилди. Бахшиларимизнинг ички овозда куйлаши, уларнинг бадиҳа йўли билан достонлар ижро этиши хорижликларни ҳайратга солди. Мана шу фестивалдан кейин бахши деганини бутун жаҳон билди. У ким эканлигини тушуниб етди. Тўнимизга сиғмай кетдик. Мана шу фестивалда мен Алпомиш достонидан Ойбарчинни ўзининг юрти, ёри, элига бўлган садоқатини тараннум этдим. Бизни олқишлаб туришди. Қайта-қайта саҳнага таклиф қилишди. Бахшичилик ўлмайдиган санъат эканини, уни таркибида одоб-ахлоқ, иззат-икром, ватанпарварлик ғоялари борлигини, бу керак бўлса, бошқа миллат вакилларига ҳам таъсир этганини кўрдим. Уларда ҳам бахши бор экан. Лекин улар биздай бадиҳа йўли билан куйламас экан.

Юртни куйлаш, элимиз баҳодирларини куйлаш бахшиларнинг энг эзгу ниятларидан бири бўлади. Мардлик, вафодорлик, садоқат, меҳр-муҳаббат достонларда куйланади. Айниқса, ёшларимизга кўпроқ таъсир қилади. Ёшларимиз Алпомишга, Гўрўғлига ўхшагиси келади. Инсонни мардликка етаклайдиган улуғ санъат бу.

Тоғли элнинг тўйи, тадбирлари Қаҳҳор бахшисиз ўтмайди. Достону термаларни қўйиб берса, тонггача куйлайдиган бахши санъатига бўлган ҳавасмандлардан, мухлислари кўплигидан кўнгли ғурурга тўлади. Айниқса, давлатимиз раҳбарининг миллий қадриятларимиз, ўлмас меросимиз, миллий санъатимизни ривожлантиришга қаратаётган эътибори бахшининг кўнглини тоғдай баланд қилади. Шу боис янада жўшиб куйлайди.

Асли касби она тили ва адабиёти фани ўқитувчиси бўлган Қаҳҳор бахши Раҳимов узоқ йиллардан буён тумандаги 30-мактабда ёшларга таълим-тарбия бериш баробарида уларнинг юксак маънавиятли бўлиб улғайиши учун бор маҳоратини ишга солмоқда. Она тилимизнинг бебаҳолиги, улуғ мутафаккирлар ҳаёти, ўлмас мероси, маънавий бойликларимиз мисолида ватанпарварлик, она юртга садоқатни ёшлар қалбига сингдиришга ҳаракат қилади. Мактабда бахшилар тўгараги фаолияти ҳам йўлга қўйилган. Тўгарак аъзолари эса юз нафардан ошиқ. Шогирдларидан 2 нафари Ўзбекистон халқ бахшиси юксак унвонига сазовор бўлган.

– Қаранг, оддийгина ёғоч, – дейди бахши. – Бундан чиқаётган наво, нола, шодлик тароналари қалбни жунбушга келтиради. Мана шу дўмбирани қўлимга олиб, юртим, элим хизматини қилдим. Ватанимнинг тадбирларида куйладим, катта-катта саҳналарга чиқдим,ўнга яқин достон китоблар, терма китобларим нашр этилди. Туманимиз энг чекка ҳудудда жойлашган тоғли туман. Бу ерларга келиб кетишнинг ўзи оғир эди бир замонлар. Бугун қишлоқлар шаҳарга айланмоқда. Буни кўриб қувонаман, куйлагим келади. Деҳқонободни оралаб туриб, ҳай-ҳайлаб поезд ўтиб кетса денг, одам журалмайдиган жойлардан, от журалмайдиган жойлардан қичқириб шовқин солиб ўйноқлаб ўтиб кетяпти. Ана энди заводни қаранг. Деҳқонобод юраги десак бўлади-да. 2,5 минг одам ишли бўлди. Уларнинг 3-4 тадан боласи бор. 20 минг одам ризқ еяпти шу ердан. Ана шундай замонда ёниб куйлаш керак. Қарсиллаб, чарсиллаб куйлаш керак! Тафтингиз бутун даврага етиб туриши керак! Ғурурланиб, фахрланиб, ифтихор қилиб, юртимни, элимни куйлайман! Ҳайярааа...

Бахшининг ташаббуси, қизиқувчи ёшларниннг истаклари асосида туман марказида жойлашган 5-сонли болалар мусиқа ва санъат мактабида бахшичилик йўналиши очилди. Қаҳҳор бахши бошчилигидаги Ўзбекистон халқ бахшилари мактабга келиб, ушбу санъат турининг сир-синоатларини ўргатади. Бахшичиликда тингловчиларни ром этувчи оҳанг топа билиш маҳорати шакллантирилади.

Бахшининг мактаби ҳам устози ҳам халқ. У қанчалик кўп тингловчисини топса, юрт тинч ва фаровон бўлса, шунча тўлиб-тошиб куйлайверади.

Бугунги кунга келиб, Деҳқонободда Қаҳҳор бахши Раҳимов, Ғузорда Чоршанбе бахши Маҳмадалиев раҳбарлигида бахшилар мактаблари фаолият юритмоқда. Бахшилар йиғилган даврада эса гурунглар ҳам ўзгача бўлади. Қаҳҳор бахшининг эса ўз ижро услуби бор. У куйлаган достонлар бадиий мукаммалиги ва жозибадорлиги билан алоҳида ажралиб туради.

Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат), ЎзА