Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Қадриятлари қадрланган юрт
15:24 / 2023-03-22

Гўзал ва бетакрор юртимизда Наврўз шукуҳи кезмоқда. Бу йилги яшариш ва янгиланиш байрами – Наврўзи олам ҳар бир маҳаллада, ҳар бир қишлоқда, қолаверса, ҳар бир кўчада “Ҳар кунинг Наврўз бўлсин, жонажон Ўзбекистоним!” деган бош ғояни ўзида мужассам этган ҳолда ўзгача кўтаринкилик билан кутиб олинди.

Баҳор Нуротага бошқа ҳудудларга қараганда эртароқ ташриф буюради. Дала-дашт, қир-адирлар яшилликка бурканади. Нуроталиклар бу йилги Наврўзи оламни кўтаринки кайфиятда кутиб олди. Туман марказидаги “Чашма” табиий меъморий мажмуаси ўзгача тароват касб этган. Байрамона безатилган майдонда миллий таомлар ва кийимлар, ҳунармандчилик буюмлари кўргазмалари, миллий ўйинлар намойиш этилди.

Туман ҳокими бошчилигидаги секторлар ва ташкилотлар раҳбарлари ҳар бир кўргазмани кўздан кечиришиб, йиғилганларни Наврўзи олам билан қутлашди.  

– Наврўзи олам нафақат ўзбек халқининг, балки юртимиздаги барча миллат ва элатларнинг ҳам севимли байрамига, халқлар дўстлиги ва биродарлигини мустаҳкамловчи воситага айланган, – дейди туман ҳокими Азамат Файзиев. – Зеро, эзгулик рамзи бўлган бу байрам шунчаки оммавий тадбир эмас, балки турли миллатларга маънавий қувват берувчи, уларни бир-бирига жипслаштирувчи, улар қалбида муқаддас Ватан туйғусини мустаҳкамловчи бебаҳо қадриятдир.

Наврўзи олам Нурота туманининг энг чекка ҳудудларидан бири “Бўстон” маҳалласидаги Анна қишлоғида ҳам муносиб нишонланди. Вилоят марказидан қарийиб 120 қилометр узоқликда жойлашган қишлоқда ҳар йили Наврўз байрами “Йил боши” сифатида нишонланади. Ёшу қари, эркагу аёл, хуллас, барча-барча очиқ майдонга тўпланиб, байрам қилишди. Дошқозонда ош дамланиб, ўйин-кулги қилинади. Шу куни қишлоқда жойлашган ўрта мактаб ўқувчилари ўз санъатини намойиш қилишади. Яъни, ўқувчилар ўз билим ва қобилиятларини қишлоқ аҳли олдида имтиҳондан ўтказишади.  

– Тадбир аввалида қишлоқ оқсоқоли ва унинг 4 нафар ёрдамчиси Наврўздан Наврўзгача бўлган давр мобайнида қишлоқда амалга оширилган ишлар ҳақида маълумот беришади, – дейди маҳалла раиси Эшмуҳаммад Сафоев. – Қишлоқдошлар ўз фикр-мулоҳазаларини билдиришади. Агарда улар оқсоқол ва унинг ёрдамчилари хизматидан рози бўлишса, яна бир йилга қайта сайлашади. Акс ҳолда янги номзодлар тавсия этилади. Номзодлар кўрсатиш очиқ усулда амалга оширилади ва очиқ овоз бериш орқали сайланади. Қайси номзод кўп овоз олса, ўша қишлоқ оқсоқоли этиб сайланади. Худди шундай унинг ёрдамчилари ҳам сайлаб олинади ва бир йил давомида қишлоқнинг тўю-маъракаси, амалга ошириладиган барча ишлари, ҳаттоки, маҳалла томонидан бериладиган моддий ёрдам масалалари ҳам ана шу оқсоқоллар маслаҳати билан амалга оширилади.

Кексаларнинг дуоси билан янги оқсоқол ва унинг ёрдамчилари ишга киришади ҳамда барча ташкилий ишларни ўз назоратига олишади.

Наврўз сайлини спорт мусобақаларисиз тасаввур қилиб бўлмайди. Айниқса, шу куни ёш йигит-қизларимиз турли спорт ўйинларида ўзаро беллашадилар. Айниқса, футбол мусобақаси қизғин курашлар остида ўтади.  

Байрам мусобақаларида ҳеч ким совринсиз қолмайди. Ҳар ким иқтидори ва истеъдодига қараб рағбатлантирилади.  

Хуллас, Наврўзи олам шодиёналари ҳудудларда ҳамон давом этмоқда. Байрам сайлида бадиий ва фольклор-этнографик жамоалар, санъаткорлар томонидан тайёрланган театрлаштирилган томошалар, ижро этилган куй-қўшиқлар барчани рақсга чорлаб, хуш кайфият улашмоқда.

Абдували Бўриев, ЎзА.