Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Қадриятлар қадр топаётган Денов
11:16 / 2025-04-08

Инсоният тарихини кузатиб шундай хулосага келиш мумкинки, иқтисодий ютуқлар маърифат ва маданиятнинг юксаклигидан далолат беради ва айни пайтда иқтисодиётни ривожлантирмай туриб илмий – маърифий юксакликларга ҳам эришиб бўлмас экан. Бу жўнгина фикрга иқрор бўлмоқ учун ҳам иқтисодиёти, ҳам маданияти тараққий этган мамлакатлардаги иқтисодий, маърифий манзараларни кузатишнинг ўзи кифоядир. Чунки эҳтиёжнинг қаноатлантирадиган даражада турли илм ва билимларни эгаллаш учун маблағ керак. Уст – бош ва дастурхондан ортиб қоладиган миқдорда маблағ тўплаш учун эса унумли ва самарали меҳнат қилмоқ лозим. Назаримда, мамлакатимизда маҳсулот ишлаб чиқариш суръатларининг халқаро экспертлар томонидан эътироф этилаётган даражада ўсишини асосий сабабларидан бири жамиятимиздаги маънавий янгиланишдир. Ҳақиқатан ҳам кейинги йиллар давомида халқимизнинг маърифий, маданий, илмий салоҳиятини жаҳон андозалари даражасига кўтариш учун сарф қилинаётган маблағларни кўз олдимизга келтирсак, ҳар қандай ҳисобдоннинг ҳам бошини айлантириб юборадиган рақамларни кўрамиз. Энг муҳими, бундай беқиёс ҳаражатлар ҳозирданоқ ўзининг ижобий самараларини бермоқдаки, буни биргина спорт соҳасидаги юксалишлар мисолида кўриб турибмиз.

Баҳодир Жалолов - оғир вазн тоифасида профессионал боксчи. Ўзбекистон Республикаси халқаро тоифадаги спорт устаси, икки карра Олимпия ўйинлари чемпиони, икки карра жаҳон чемпиони, у – Ўзбекистон байроғини олам узра кўтарган ўғлон, «Ўзбекистон ифтихори» ордени соҳиби. 

Тўғри, дунёда полвонлар кўп, аммо уларнинг бирови ҳам Баҳодир Жалоловга бас кела олмаяпти-ку! Тарихий нуқтаи назардан кечагина мустақилликка эришган мамлакатнинг фарзандлари жуда қисқа фурсатларда оламшумул муваффаққиятларга эришаётгани ўз-ўзидан содир бўлаётгани йўқ. Энг муҳими, бу каби ютуқлар салмоғини мамлакатимизнинг марказида ҳам, олис вилоят ва туманларида ҳам яққол кўриш, кузатиш мумкин. 

Ана шундай гуркираб ривожланаётган музофотлардан бири Денов туманидир. Истиқлолимиз миллий мафкурамиз қарор топишига кенг йўл очиб берди. Унинг томирлари эса кўп минг йиллик тарихга эга бўлган қадриятларимиздан озиқланади. Мамлакатимизнинг ҳар бир гўшаси сингари Денов ҳам фахрланса арзийдиган шонли ва зафарли ўтмишга эга. Археолог ва тарихчилар манбалар ва моддий топилмаларни ўрганиб, Денов шаҳри ва теварак – атроф бундан икки – уч минг йил илгари ҳам ривожланган ҳудуд бўлганлигини асослаб бердилар. Шуни билинг, азиз ўқувчим –  қолоқ ҳалқ ҳеч қачон минг йиллар собит турувчи мустаҳкам қўрғонларни қуролмайди! Ҳа, боболаримиз маърифат, маданият, иймон ва эътиқодда беназир одамлар бўлишган. Денов тарихини айтаверсак, катта бир достон бўлади. Шаҳарнинг қоқ марказида бундан олти юз йил илгари қурилган Саййид Оталиқ мадрасаси қад ростлаб турибди. Рўпарасидаги “Эгизи”ни ўтган асрнинг йигирманчи йилларида шўро жангарилари “Эскилик сарқити” сифатида бузиб, олти юз йилдан бери қилт этмай турган пишиқ ғиштларни бўлмағур мақсадлар учун ишлатиб юборишганди. Аммо, ҳозир гап бу ҳақда эмас, хайрли тасодиф туфайли сақланиб қолган Саййид Оталиқ мадрасасининг истиқлолимиз учун нечоғлик аҳамиятли экани ҳақида гапирмоқчиман. Мен унинг тимсолида буюк қадриятларимизнинг завол билмас ҳайкалини кўргандай бўламан. Ҳар жойнинг ўз ҳақиқатлари ва уларни меъёрда ушлаб турадиган азалий қонун – қоидалари бор. Ўз – ўзидан аёнки, бундай ўлчамлар Деновга ҳам тўла тааллуқлидир. Демак, Денов, бу – Деновда! Денов чўллар тугаб, тоғлар бошланадиган минтақага тўғри келади. Ёзи салқин, қиши мўътадил. Шунинг учун бир вақтлар бу ерда шакарқамиш етиштирганлар. Денов хурмоси Ўзбекистондан ташқарида ҳам машҳур. Тўғри, қўшни туманларда, ҳатто бошқа вилоятларда ҳам хурмони ўстириш мумкин ва шундай бўлаяпти ҳам. Аммо хурмо бирор жойда Деновдагичалик серҳосил ва ширин бўлмайди. Деновнинг марказида Дендрарий боғи бор. У ерда қандай дарахтлар ўсмайди дейсиз. “Лола” дарахтини кўриб, бу дунёнинг турган – битгани мўжиза эканда, дейсиз. Бир пайтлар Петрарканинг бошига гултож бўлган дафнага бу ерда жайдари ўсимлик сифатида қарашади. Ҳай – ҳай демасангиз, бамбук бир кеча-кундузда беш метрга ўсади. 

Бир қарашда эътиборни тортмайдиган бу тафсилотлар Деновнинг тупроғи ва иқлими созлигини исботловчи далиллардир. Тафаккур бобида оламни ҳайратга солган улуғ бобомиз Абу Наср Форобий “Фозил одамлар шаҳри” номли китобида истиқомат учун соз ва носоз бўлган манзилларнинг таърифини баён қилади. Соз жойларнинг аломатлари санаб ўтилган саҳифаларни ўқиб, муаллиф шу ўринда Деновни назарга тутмадимикан, деб ўйлаб қоласан киши. Шу китобда битилишича, соз тупроқ тоғларнинг қандай жойлашуви, шамолларнинг қандай ва қаёқдан эсиши, ичимлик сувининг сифати ўша юрт аҳолисининг нафақат сиҳат – саломатлигига, балки уларнинг қуввайи – ҳофизаси, ақлий ривожланишига ҳам жуда сезиларли таъсир қилар, одамларнинг табиатидаги муайян хусусиятлар ҳам шу омилларга боғлиқ экан. Қаранг, мустақиллик йилларида Деновдан Истиқлолимизнинг беш нафар фидойилари – Иброҳим Файзуллаев, Аҳмат Нарзуллаев, Раҳмон Муҳаммадиев, Ҳамза Маҳкамов, Юсуф Зиёевлар Ўзбекистон Қаҳрамони деган юксак шарафли унвонга сазовор бўлдилар. Ўзбекистон халқ ёзувчи Тоғай Мурод, Ўзбекистон халқ артисти Ўлмас Расулов, Ўзбекистон халқ бахшиси Боборайим Маматмуродовлар шу замин фарзандларидир. Адабиёт йўналиши бўйича тўрт нафар шоира қиз – Феруза Қурбонова, Шаҳноза Турсунова, Фарида Тошпўлатова, Дилрабо Норқулова Зулфия номидаги давлат мукофоти совриндорлари бўлдилар. Академик Назар Тўраевни илм аҳли яхши билади. Назар акадан бир сафар илмий фаолиятининг мазмунини сўрадим: ўн миллион даража иссиқликда сиртнинг емирилишини қандай қилиб камайтириш муаммолари устидаги тадқиқотларини шогирдлари ҳамроҳлигида давом эттираётган экан. Агар ижтимоий тараққиёт шундай суръатлар билан давом этаверса, 50-60 йилдан сўнг инсоният ер юзидаги ва ер остидаги ёқиш мумкин бўлган ҳамма нарсани битиради. Ана ўшанда инсониятнинг энергияга бўлган эҳтиёжини қаноатлантириш ва қондириш керак бўлади. Қандай қилиб? Бу ёқда ёқиш мумкин бўлган ўтин ҳам, кўмир ҳам, газ ҳам тугайди... Ўшанда одамлар сувнинг таркибидаги водород атомини парчалашдан бошқа иложи қолмайди. Дунёдаги барча денгиз, уммонлар водород атомини эса ҳавода парчалаб бўлмайди. Бунинг устига унинг парчаланиши учун 10 миллион даражада иссиқлик керак. Биз ҳозир водород парчаланаётган, тўғрироғи, портлаётган макон деворининг емирилиши даражасини камайтириш муаммоларини тадқиқ қилаяпмиз, деган эди Назар ака ўшанда. Назар ака баён этган назарий илм манзараларини кўз олдимизга келтириб ҳайратга тушган эдим. Денов шаҳрининг кун ботишида Қизилсув дарёси бўйида Денов қалъаси деган манзил бор. Унинг ярмини дарё тошқини ювиб кетган. Ана шу ўпирилишлар чоғи чиқиб қолган буюмларни кўздан кечирган академик Галина Пугаченкова уларнинг милоддан олдинги даврларда ясалганини аниқлади. Икки минг йилларга бардош берадиган бу Тупроққўрғонни ота-боболаримиз бунёд этган. Манбаларда Қизилсув дарёсининг таги билан ўтиб қўрғоннинг ичидан чиқадиган лаҳм – ерости йўли ҳақида ҳам гапирилади. Бундай азамат қўрғонлар, албатта, хўжакўрсинга қурилмаган. Айни ҳақиқат шундан иборатки, Қизилсув ҳам шунча вақтдан бери ўзанини ўзгартиргани ё қуриб қолгани йўқ, қўрғон ҳам эртаклардаги афсона эмас, жойида турибди. Ўзбекистон Мустақилликка эришгандан сўнг “Тарихий хотира” деган ибора бежиз муомалага киргани йўқ. Чунки дарахтнинг эрталабки сояси кечқурунги соясига тенг бўлади. “Ислом Каримов –Ўзбекистон Президенти” деган китоб ёзган Леонид Левитин ўз асарида Йўллуғ тегиннинг Билга ҳоқон ва Қултегин қабр тошларига битган қуйидаги битикларни келтиради: “Авлодларнинг биринчи бурчи – ўз аждодлари номини унутилишдан асраб қолишдир. Ўшанда шафқатсиз ва қудратли вақт улар устидан ҳукм юрита олмайди”. Бир минг икки юз йил илгари Қултегин айтган бу гапга деновликлар доим амал қиладилар десам, ишонаверинг. 

Тоштемир Турдиев,

Ўзбекистон Республикасида хизмат

кўрсатган маданият ходими,

ЎзА