Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Қадриятлар дипломатияси ва реал сиёсат: Глобал тартибот қайта шаклланмоқда
15:32 / 2025-11-06

Глобал сиёсий жараён шиддат билан ўзгараётган, геосиёсий кучлар нисбати қайта мувозанатланаётган ҳозирги даврда “Қадриятлар дипломатияси” атамаси халқаро муносабатлар оқимида тобора муҳим ўрин эгалламоқда. ХХI асрда давлатлар ўз ташқи сиёсатини нафақат иқтисодий ва ҳарбий манфаат асосида, балки ғоявий мақсад, маданий тамойил, миллий ўзлик ва умуминсоний қадриятларга ҳам таяниб шакллантирмоқда. Айни жараёнда Ғарб томонидан илгари сурилаётган демократия, инсон ҳуқуқи, очиқ жамият тамойиллари билан Шарқнинг суверенитет, миллий барқарорлик, ижтимоий уйғунлик ва анъанавий қадриятларга асосланган ёндашуви ўртасида ўзига хос глобал баҳс майдони юзага келмоқда. Натижада ҳақиқий сиёсат ва қадриятлар дипломатияси ўртасидаги муносабат мураккаблашиб, давлатлар бу икки йўналишни уйғунлаштириши зарурияти кучаймоқда.

Ғарб – Шарқ муносабатидаги трансформация

Совуқ урушдан кейинги даврда Ғарб, хусусан АҚШ ва Европа Иттифоқи глобал сиёсий тартиботнинг асосий йўналишларини белгиловчи куч сифатида майдонга чиқди. Бундай ташқи сиёсат асосан либераллашув, инсон ҳуқуқи, бозор иқтисодиёти ва халқаро ҳамкорлик тамойилига таянган эди. Бинобарин, охирги ўн йилликда дунё сиёсатида кучлар мувозанати сезиларли даражада ўзгарди – Хитойнинг иқтисодий ва ҳарбий қудрати ортиши, Россия ўз геосиёсий мақсадларини тиклаши, Туркия, Ҳиндистон, Саудия Арабистони каби минтақавий кучлар фаоллашуви глобал тартибот кўп қутбли тус олишига сабаб бўлди.

Шу маънода Ғарб ва Шарқ ўртасидаги трансформация бир неча омил асосида намоён бўлмоқда:

Халқаро тартиб ва хавфсизлик масаласи қайта кўрилиши. Шарқ давлатлари ўз хавфсизлигини мустақил қуришга интилмоқда, Ғарбнинг ҳарбий ва сиёсий устунлигига таяниш камаймоқда. НАТО ва АҚШнинг глобал ролига нисбатан ишонч сусайгани, минтақавий хавфсизлик платформалари кучайиши бунга яққол мисол.

Маданий ва ғоявий суверенитет кучайиши. Шарқ мамлакатлари ўз тараққиёт йўлини демократик қадриятлардан воз кечмаган ҳолда, миллий анъаналарга мослаштирилган бошқарув услуби орқали белгиламоқда. Хитойнинг “ўзига хос модернизация” концепцияси, Ўзбекистоннинг “инсон қадри улуғ” тамойилига асосланган ривожланиш стратегияси ёки Қатар ва БААнинг миллий қадрият билан уйғунлашган такомиллашув модели бунга мисол.

Иқтисодий шериклик кенгайиши. Ривожланаётган давлатлар Ғарбдан ташқари муқобил иқтисодий ҳамкорлик платформаларини изламоқда: BRICS кенгайиши, “Бир макон, бир йўл” ташаббуси, Евросиё иқтисодий иттифоқи ва ШҲТ имконияти ошиши янги иқтисодий геохаритани шакллантирмоқда.

Ахборот ва технология суверенитети учун кураш. Ахборот технологиялари, сунъий интеллект, кибер хавфсизлик соҳаларида рақобат кучайиб, ахборот макони устидан назорат давлат геостратегиясининг ажралмас қисмига айланди.

Хуллас, Ғарб – Шарқ муносабатининг бугунги босқичи қарама-қарши блоклашувдан кўра, манфаат, қадрият ва стратегик эҳтиёж мувозанатини излаш жараёни билан тавсифланади. Айни ҳолат иқтисодий ҳамкорликни чуқурлаштириш, глобал муаммоларни биргаликда ҳал этиш, маданиятлараро мулоқотни кучайтириш орқали янги дипломатик парадигмани шакллантириш заруратни юзага чиқармоқда.

Миллий манфаат ва умуминсоний қадрият мувозанати

Глобал сиёсат майдонида миллий манфаат ва умуминсоний қадрият ўртасидаги мувозанат масаласи бугунги куннинг асосий геосиёсий муаммоларидан биридир. Бир томондан, ҳар қандай давлат ўз суверенитети, ҳудудий яхлитлиги, иқтисодий манфаати, ички сиёсий барқарорлигини таъминлашга интилади. Бошқа томондан, халқаро ҳамжамият демократия, инсон ҳуқуқи, эркин бозор тамойили, тинчлик ва хавфсизлик каби умумий қоидаларга амал қилишни талаб этади. Натижада “Қадриятлар дипломатияси” ва “Ҳақиқий сиёсат” кесишаётган нуқтада мураккаб стратегиялар шаклланмоқда.

Бугун кўплаб давлатлар қуйидаги саволларга жавоб изламоқда:

– суверен манфаатни ҳимоя қилиш жараёнида халқаро ҳуқуқ тамойили қай даражада устувор?

– тараққиётнинг замонавий модели жамият қадрияти ва маданий анъаналарга қанчалик мос келиши керак?

– умуминсоний қадриятлар универсалми ёки турли цивилизацияларда турлича талқин қилинадими?

Кўплаб мамлакатлар ушбу мувозанатни ўз тарихий тажрибаси, ижтимоий тузилмаси ва ривожланиш босқичидан келиб чиқиб шакллантирмоқда. Масалан, Осиёда “барқарорлик + босқичма-босқич модернизация” модели устувор бўлса, Ғарб давлатлари “эркинлик + демократик институтлар” концепциясига таянади. Шунингдек, замонавий цивилизациялар мулоқоти жараёни қадриятлар хилма-хиллиги глобал ижтимоий тараққиёт манбаи эканини тасдиқлайди.

Бу борада Ўзбекистон тажрибаси диққатга сазовор: мамлакатимиз миллий ўзлик, тарихий мерос, диний бағрикенглик, ижтимоий бирдамлик тамойилларига асосланган ҳолда очиқ ва прагматик ташқи сиёсат олиб бормоқда. Шу билан бирга ислоҳотлар инсон ҳуқуқи, қонун устуворлиги, гендер тенглик, ёшлар сиёсати каби йўналишларни ҳам қамраб олган. Бундай услуб миллий манфаат ва умуминсоний қадриятлар уйғунлашганини кўрсатади.

Демак, ҳозирги даврнинг асосий сиёсий вазифаси –қадриятлар дипломатиясини ҳақиқий сиёсат билан мослаштириш, давлат манфаатини ҳимоя қилган ҳолда глобал барқарорликни сақлаш ва халқаро ишончни мустаҳкамлаш. Бу эса мувозанатли ёндашув, стратегик мулоқот, келишувга тайёрлик ва конструктив ташқи сиёсатни тақозо қилади.

Демократия, хавфсизлик ва стратегик ҳамкорлик

Глобал тартиботнинг янги босқичи демократия ва хавфсизлик ўртасидаги диалектик боғлиқликни янада ёрқин намоён этади. Бир томондан, демократик бошқарув, ошкоралик ва фуқаролик институтларини мустаҳкамлаш давлат барқарорлиги ва халқаро ишончнинг асосий омили ҳисобланади. Бошқа томондан геосиёсий рақобат, терроризм, кибер хавфсизлик хатари кучайиши, энергетика ва логистика йўлаклари учун кураш хавфсизлик масаласини биринчи ўринга олиб чиқмоқда.

Замонавий дипломатия ушбу икки асосий тамойилни уйғунлаштиришга интиляпти. Масалан: Ғарб модели хавфсизлик демократия ва эркинлик орқали таъминланишини таъкидлайди. Шарқ модели барқарорлик ва кучли давлатни модернизация гарови сифатида кўради. Кўп қутбли ёндашув турли цивилизацион ёндашувларни тан олган ҳолда шериклик кўламини кенгайтиради.

Бугунги реал шароитда давлатлар стратегик шерикликка таянмоқда: энергетика, инфратузилма, транспорт йўлаклари, рақамли хавфсизлик, мудофаа соҳасида ҳамкорлик кучаймоқда. Шунингдек, цивилизациялараро мулоқот платформалари – БМТ, Евросиё тузилмалари, OIC, SCO, BRICS каби институтлар глобал ишончни тиклаш ва тинчликни мустаҳкамлашда муҳим ўрин тутмоқда.

Демократия ва хавфсизлик ўртасидаги мувозанатни топиш шунчаки сиёсий масала эмас, балки ХХI аср глобал тараққиёти парадигмаси ҳисобланади. Халқаро ҳамкорлик, мулоҳазали дипломатия, прагматизм, маданиятлар хилма-хиллигини ҳурмат қилиш янги глобал тартиботнинг асосий тамойилларига айланмоқда.

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, қадриятлар дипломатияси ва реал сиёсат ўртасидаги уйғунлик янги глобал тартибот шаклланиши гаровидир. Бу йўлда мувозанатли ташқи сиёсат, ҳамкорликка очиқлик, халқаро ҳуқуқ тамойилига ҳурмат ва миллий манфаатни оқилона ҳимоя қилиш энг муҳим сиёсий стратегияга айланмоқда.

Мусулмон Зиё, ЎзА