Мажбурий ижро бюроси (МИБ)нинг Тошкент шаҳар бошқармаси ходимлари 1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан прокуратура органларида кўп йиллар хизмат қилган ва кўплаб шогирдларни тарбиялаган устозлар учун тадбир ташкил этилди.
“Қадрингиз ва қаддингиз доимо баланд бўлсин, азиз устозлар!” деб номланган тадбир пойтахтимиз марказидаги кўркам боғда уч авлод учрашуви кўринишида ўтказилди.
Фахрий устоз Олим Мустанов иш фаолиятини 1994 йилдан бошлаб Самарқанд вилояти Нарпай туманлараро прокуратураси иш ўрганувчи вазифасидан бошлаб, 30 йил давомида прокуратура органларида турли лавозимларда фаолиятини давом эттирган. 2019 йил июль ойидан 2023 йилнинг апрель ойига қадар МИБ органларида фаолиятини давом эттирган.

Ижро соҳасида 28 йиллик тажрибага эга бўлган Рустам Ҳайдаров ҳозирда ҳам МИБ органларида меҳнат қилмоқда.
МИБнинг пойтахт бошқармаси ёш ходимлари билан бўлиб ўтган учрашувда устозлар ёш мутахассислар даврасида ўз меҳнат фаолияти, босиб ўтган ҳаёт йўли, дуч келган қийинчиликлари ҳамда бой тажрибалари билан ўртоқлашди. Ёшларга амалий маслаҳатларини берди.
Самимий ўтган учрашувда шогирдлар устозларига эсдалик совғалар ҳадя этди.
Н.Абдураимова,
ЎзА