Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси Навоий вилояти бошқармасида 21 октябрь – Ўзбек тили байрами куни муносабати билан “Қадринг баланд бўлсин, она тилим!” шиори остида маънавий-маърифий тадбир ташкил этилди.
Тадбир иштирокчилари она тилимиз – ўзбек тилининг нуфузини ошириш, давлат тилида иш юритиш тизимини такомиллаштиришга қаратилган чора-тадбирлар ҳақида фикр билдирди. Улар она тилининг жамият ҳаётидаги ўрни ва уни авлодларга етказиш масъулиятига алоҳида эътибор қаратди. Шунингдек, ҳар бир мустақил давлат ўз миллий манфаатларини мустаҳкамлаш мақсадида, аввало, она тилини асраб-авайлаш ва ривожлантиришга устуворлик бериши зарурлиги таъкидланди.

– Ўзбек тилига давлат тили мақомининг берилиши унинг тараққиётида, маънавий-маданий мерос, умуммиллий бойлик, олий қадрият сифатида шаклланишига хизмат қилмоқда, – дейди Бюронинг Кармана туман бўлими давлат ижрочиси М.Облақулова. – Ўзбекистон Республикасининг “Давлат тили ҳақида”ги қонунининг қабул қилиниши она тилимизнинг тараққиёти, ривожланиши ҳамда ўзига хос ва бой бисотини намойиш этишга кенг имконият яратди. Биз она тилимиз орқали халқлар, миллат ва элатлар орасида ҳамиша ҳурмат ва эҳтиромда эканлигимизни асло унутмаслигимиз керак. Ўзбекона лутф, муомала, миллий қадриятлар, одоб-ахлоқ эса она тилимиз маданиятининг калитидир. Шундай экан, она тилимизни халқаро миқёсда обрў-эътиборини ошириш, уни миллий ва умумбашарий қадриятлар асосида ривожланаётган тиллар қаторига қўшишда ҳар биримиз тилимизга чуқур эҳтиром билан ёндашишимиз зарур.

Тадбир сўнггида Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси томонидан прокуратура органлари ходимлари ўртасида “Тил яшаса, миллат яшайди” мавзусида ўтказилган танловда 2-ўринни эгаллаган Бюронинг Кармана туман бўлими давлат ижрочиси М.Облақулова муносиб тақдирланди.
А.Бўриев, ЎзА мухбири