French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Қадринг баланд бўлсин, она тилим!
12:18 / 2025-10-20

Сирдарё вилоятининг барча ҳудудларида бўлгани каби Янгиер шаҳрида ҳам 21-октябрь — “Ўзбекистон Республикасининг давлат тили тўғрисида” ги қонунини қабул қилинганининг 36 йиллиги муносабати билан “Ўзбек тили – миллий ўзлигимиз ва мустақил давлатчилигимиз тимсоли” шиори остида кенг кўламли байрам тадбири ўтказилди.

Тадбирда Янгиер шаҳар ҳокими Отабек Носиров сўзга чиқиб, тилимизнинг миллат ҳаётидаги беқиёс ўрни ҳақида тўхталар экан, жумладан шундай деди:

— Ўзбек тили — бу бизнинг қалб овозимиз, тарих ва тақдиримизнинг тирик мулкидир. Тил бор жойда миллат бор. Агар она тилимизни асрасак, у ҳолда юртимизга бўлган муҳаббатимиз ҳам, мустақиллигимиз ҳам абадий бўлади. Ҳар бир ёш юрагида она тилига муҳаббат туйғуси жонланса, демак келажагимиз ёруғ, давлатчилигимиз мустаҳкам бўлади.

Тадбирда ёш ижодкорлар ва ўқувчилар она тили ҳақидаги шеърлар, бадиий чиқишлар ҳамда куй-қўшиқлар орқали она тилимизга бўлган муҳаббат ва ифтихор туйғуларини юракдан изҳор этишди. Майдонда “Она тилим — жон тилим!” овозлари янгради, қалблар ғурур ва меҳр туйғулари билан лиммо-лим бўлди.

Томошабинларга ўзбек тилининг чуқур тарихий илдизлари, асрлар давомидаги тараққиёт босқичлари ҳамда унинг бугунги кундаги давлат тили сифатидаги юксак мақоми ҳақида қизиқарли маълумотлар тақдим этилди.

Шунингдек, давлат тили куни муносабати билан ўтказилган “Ўзбек тили – миллий ўзлигимиз ва мустақил давлатчилигимиз тимсоли” мавзусидаги оммавий диктант ва иншо танловлари ғолибларига шаҳар ҳокими томонидан фахрий ёрлиқлар ҳамда эсдалик совғалари топширилди.

Байрам тадбири она тилимизга бўлган муҳаббат ва ифтихор руҳи билан йўғрилган ҳолда ўтди. Ҳар бир иштирокчи тилида “Қадринг баланд бўлсин, она тилим!” деган сўзлар янгради ва бу сўзлар нафақат байрам шиори, балки ҳар бир ўзбекнинг юрагидаги муқаддас қасамдек жаранглади.

Ғулом Примов, ЎзА