21 октябрь – ўзбек тилига Давлат тили мақоми берилган кун муносабати билан Сурхондарё вилоятида турли маънавий-маърифий тадбирлар бўлиб ўтмоқда.
Ўзбекистон Халқ демократик партияси вилоят кенгаши Ангор туманидаги 14-умумтаълим мактабида ташкил этган тадбир ҳам ана шу санага бағишланди.

“Қадринг баланд бўлсин, она тилим!” шиори остида ташкил этилган учрашувда кейинги йилларда ўзбек тилининг мақоми ва мавқеини янада мустаҳкамлаш юзасидан кенг қамровли ишлар амалга оширилаётгани таъкидланди. Мамлакатимизда 21 октябрь – Ўзбек тили байрами куни, деб белгилангани ва қадимий сўзлашув воситаси сифатида эътироф этилаётган она тилимиз халқимиз учун миллий қадрият, мустақил давлатчилик тимсоли, маънавий бойлик, ўзликни англаш, ҳаётимиздаги сиёсий-ижтимоий, маънавий-маърифий тараққиётда муҳим аҳамият касб этаётгани алоҳида қайд этилди. Жорий йилда Давлат тили мақоми берилганига 36 йил тўлаётган ўзбек тилининг пайдо бўлиш тарихи ва ривожланиш босқичлари, унинг нуфузини янада ошириш, давлат тилини ривожлантириш, вазирлик ва идораларда иш юритишни тўлиқ давлат тилида ташкил этишга қаратилаётган эътибор ҳақида фикр алмашди.

– Тил – миллат бойлиги, у орқали мулоқот қилувчи халқ қиёфаси, – дейди Ўзбекистон Халқ демократик партияси вилоят кенгаши раиси ўринбосари А.Холтўраева. – Инсон она тилини танлай олмайди. У инсон билан бирга туғилади. Қадимий, нафис ва бой тилимиз билан ҳар қанча фахрлансак, уни улуғлаб, шарафласак арзийди. Шу боис байрам олдидан жойларда турли маънавий-маърифий тадбирлар ташкил этиб, она тилимизнинг ана шу жиҳатларини кенг тарғиб қилишга, қадрини янада оширишга алоҳида аҳамият беряпмиз. Бу тадбирларимиз таълим, тиббиёт ва бошқа ижтимоий соҳа муассасаларида, меҳнат жамоаларида давом этади.
Она тилимиз улуғланган тадбирда ўқувчилар қизиқарли саҳна кўринишлари ва нафис куй-қўшиқлари билан даврага ўзгача файз, қувонч улашди.
Холмўмин Маматрайимов,
ЎзА мухбири