Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Қадринг баланд бўлсин, она тилим
17:18 / 2024-10-18

“Ўзбекгидроэнерго” акциядорлик жамияти тизимидаги “Қодирия ГЭСлар каскади” филиалида ўтказилган тадбир шундай номланди.

Унда “Ўзбекгидроэнерго” АЖ бошқаруви раисининг маънавий-маърифий ишлар бўйича маслаҳатчиси Сурайё Пўлатова, “Қодирия ГЭСлар каскади” филиали директори Алишер Тожибоев, “Маърифат” тарғиботчилар жамиятининг энг фаол аъзолари – фалсафа фанлари доктори, профессор, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийи Жамила Шермуҳаммедова, Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, “Шуҳрат” медали соҳибаси, шоира Фароғат Худойқулова она тилимизнинг жозибаси, ёш авлод тарбиясидаги ўрни, асрлар силсиласида турли эврилишлар билан сайқалланиб келаётгани, миллат ўзлигини англашда ва халқнинг маънавий-маърифий жиҳатдан юксалишида муҳим аҳамият касб этишини қайд этди.  

Тадбирда айтиб ўтилганидек, Ўзбекистон Республикасининг 2020 йил 10 апрелдаги  “Ўзбек тили байрами кунини белгилаш тўғрисида”ги қонунига асосан  21 октябрь – Ўзбек тили байрами куни сифатида белгиланиши муносабати билан она тилимизнинг тарихий тараққиёти ва бугунги аҳамиятини янада чуқур ўрганиш, тарғиб этиш, ривожлантириш борасидаги ишлар изчил давом эттириляпти.  

Айни кунларда мамлакатимиз бўйлаб миллатимиз маънавиятининг гултожи бўлмиш ўзбек тилига давлат мақоми берилган кунни муносиб нишонлашга бағишланган маънавий-маърифий байрам тадбирлари бўлиб ўтмоқда.  

Тадбирга таклиф этилган меҳмонлар ва Тошкент вилояти Қибрай туманидаги 7-сонли мактабнинг адабиёт ва санъатга ошно бир гуруҳ иқтидорли ўқувчиларининг ижодий чиқишлари иштирокчиларга янада кўтаринки кайфият бағишлади.  

Тадбирнинг якуний қисмида 21 октябрь – Ўзбек тили байрами куни муносабати билан “Ўзбекгидроэнерго” АЖ ва тизим корхоналари ишчи-ходимлари ўртасида ўтказилган иншолар танлови ғолибларини тақдирлаш маросими  ўтказилди.  

Ҳакамлар ҳайъатига кўра, биринчи ўринни “Чирчиқ ГЭСлар каскади” филиали ИЧТБ муҳандиси Достонжон Ёлқинов эгаллади. Иккинчи ўринга “Гидротехмониторинг” МЧЖ Гидротехника иншоотларини махсус ускуналар ёрдамида ташхис қилиш бўлими бошлиғи Абдураззоқ Қўзибоев ва учинчи ўринга “Ўзсувлойиҳа” АЖ режалаштириш-иқтисодиёт бўлими ходими Сарвар Ўрозбоев сазовор бўлди.  

Ғолибларга ташкилотнинг фахрий ёрлиқлари, бадиий асарлар тўплами ва қимматбаҳо совғалари топширилди.  

Н.Зиёдуллаева,  

ЎзА