Сирдарё вилояти Мирзаобод туман Оила ва хотин-қизлар бўлими томонидан Халқаро қишлоқ аёллари куни муносабати билан “Қадоқ қўллар тафти” деб номланган маданий-маърифий тадбир ташкил этилди.
Тадбир доирасида Ўзбекистон Республикаси Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси бўлим бошлиғи Р.Мирхолиқова, вилоят Оила ва хотин-қизлар бошқармаси бошлиғи Н.Тожибоева Мирзаобод тумани “Ойдин” маҳалласидаги “Бек кластер” МЧЖ пахта далаларида пахта тераётган ҳашарчи хотин-қизлар билан учрашди.
Айни кунларда қишлоқ томонларга йўлингиз тушса, оппоқ, кенгликлар узра ястаниб ётган пахтазор сизни ўз бағрига чорлайди. Қишлоқ аёлларининг одатий иш куни ҳали тонг отмасдан, жуда эрта бошланади. Токи пахта даласига йўл олгунга қадар сигир соғиш, нон ёпиш, нонушта ва тушлик тайёрлаш каби рўзғор юмушларига ҳам улгуради.
Мулоқот давомида мамлакатимизда хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасида яратилаётган имкониятлар, оила мустаҳкамлигини таъминлаш, миллий қадриятларимизни асраб-авайлаш ҳақида фикрлар билдирилди ва илғор теримчилар рағбатлантирилди.
– Кунига 100-120 килограммдан пахта теряпмиз, – дейди "Ойдин" маҳалласининг илғор теримчиларидан бири Жамила Болбекова. – Шунга яраша ҳар 5 кунда пулларимизни оляпмиз.
Дала меҳнаткашлари учун дастурхон ёзилди. Куй-қўшиқлар даврага янада файз киритиб, қишлоқ аёлларини рақсга чорлади.
Ш.Суяров, Ф.Тошматов (сурат), ЎзА