Қадимий ва ҳамиша навқирон Самарқанд деярли ҳар йили ўзгариб туради. Минг йиллик тарихга эга бу замин Бобил ва Афина билан бирга инсоният тараққиётида катта ҳисса қўшган, унинг ўзи ҳам ЮНEСКО мероси рўйхатига киритилгани бежиз эмас.
МИРЗО УЛУҒБEКНИНГ ОЧИҚ КИТОБИ
Қадимий шаҳарнинг ягона ҳаво бандаргоҳи – «Самарқанд» халқаро аэропортида кенг кўламли қурилиш ишлари якунланди.
Эски аэропорт 1967 йилда қурилган ва бугунги кунда замон талабларига жавоб бермай қолганди. 2019 йил июль ойида давлат раҳбари ташаббуси билан янги аэропорт қуриш режаси ишлаб чиқилди.
Айни пайтда бу ерда замонавий терминал ва янги учиш-қўниш йўлаги қурилиши ниҳоясига етди, у аллақачон авиалайнерларни қабул қилиб, республиканинг турли ҳудудлари ва хорижий давлатларга жўнатмоқда. Умумий қиймати 83 миллион АҚШ доллари бўлган янги аэропорт биносининг лойиҳаси туркиялик мутахассислар томонидан ишлаб чиқилган. Бино Мирзо Улуғбекнинг «Зижи жадиди Курагоний» очиқ китоби шаклида қад ростлади. Ҳафталик мунтазам қатновлар сони 40 тадан 80 тага кўпайди.

– Инфратузилмаси нуқтаи назаридан, бу Марказий Осиёдаги ноёб лойиҳалардан биридир, – дейди «Аир Мараканда» тижорат директори Дмитрий Мартйненко. – Шундай экан, биз аэропортимизни нафақат Самарқанднинг ҳаво бандаргоҳи, балки Европа ва Осиё ўртасидаги муҳим транзит пункти деб ҳам биламиз.
– Самарқандга ташрифимдан асосий мақсад аэропортни тайёрлаш, унинг халқаро стандартларга мослигини таъминлаш эди, – дейди «Air Marakanda» бош директорининг эксплуатациялар бўйича ўринбосари Ҳилми Йилмаз. — Аэропорт қурилишида энг замонавий технологиялардан фойдаланилди. Масалан, эндиликда йўловчи рўйхатдан ўтиш пунктига бормасдан ҳам авиачиптани рўйхатдан ўтказиши мумкин бўлади, бинонинг иситиш, ёритиш ва совитиш тизимлари махсус компьютер орқали бошқарилади.
ЗИЁРАТЧИЛАР УЧУН ҚУЛАЙЛИКЛАР
Хабарингиз бор, ҳар йили мусулмон дунёсидан минглаб сайёҳлар Самарқандга асосан Паяриқ туманида жойлашган Имом ал-Бухорий ёдгорлик мажмуасини зиёрат қилиш учун келишади. Чорак аср олдин қурилган мажмуа сўнгги йилларда сезиларли даражада эскирган эди.
Давлатимиз раҳбари ўтган йилнинг февраль ойида эски ёдгорлик ўрнида янги ёдгорлик мажмуаси барпо этиш ташаббуси билан чиққан эди. Қурилиш Ишлари таниқли "Enter Engineering" қурилиш компанияси томонидан амалга оширилмоқда.
Лойиҳага кўра, объект фойдаланишга топширилгач, зиёратчилар улуғ мутафаккир қабрини ер устида ҳам, сувоқ ишлари якунланаётган ер ости галереяси орқали ҳам зиёрат қилишлари мумкин бўлади. Бу ерда 9200 ўринга мўлжалланган улкан жоме масжиди ва ҳар бири 62 метр баландликдаги тўртта минора қурилиши қизғин давом этмоқда.

– Объектда 500 нафардан ортиқ ишчи ва мутахассис уч сменада ишлайди, – дейди маъмурий-хўжалик ишлари бўйича менежер Фурқат Шоимов. — Қурилаётган объектларнинг умумий майдони беш гектардан ортиқ, унинг салкам бир гектари мажмуа ҳовлисига тўғри келади. Энг муҳими, мажмуа ҳовлисида кўп йиллик чинорлар ва ҳовуз сақланиб қолган.
Ўтган олти ойда Самарқанд-Ал-Бухорий автомобиль йўлини кенгайтириш, Қорадарё устидан эни қарийб 30 метр бўлган замонавий кўприк қуриш ишлари ниҳоясига етказилди.
ЧОРРАҲА ОСТИДАГИ ТУННЕЛЬ
Ҳудудий ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастури ижроси доирасида собиқ Чўпон ота йўл патруль пости биноси ёнида жойлашган «Тошкент-Қарши» автомобиль йўли чорраҳаси ҳам янги қиёфа касб этди. Автотранспорт воситаларининг хавфсизлигини таъминлаш, тирбандликни камайтириш мақсадида автомобиль йўлига замонавий светофорлар ўрнатилди.
– Сўнгги йилларда автомагистралнинг мазкур қисмида транспорт воситаларининг нормал ҳаракатланишига тўсиқлар яратилиб, кўплаб йўл-транспорт ҳодисалари содир бўларди, – дейди Қашқадарёлик ҳайдовчи Ҳусан Олимов. – Ҳозир бу муаммо ҳал бўлди, биз энди катта йўл бўйлаб тирбандликсиз ҳаракатланмоқдамиз.
Бундан ташқари, айни пайтда бу ерда шаҳарлараро автобуслар учун янги Самарқанд автостанцияси ҳам қурилмоқда.

Самарқанднинг Бўстонсарой ва Рудакий кўчалари шаҳарнинг энг гавжум автомобиль йўллари ҳисобланади. Рудакий кўчасида автомобиль ва трамвай йўллари, пиёдалар ва велосипед йўлаклари қурилди.
"Бустонсарой" кўчасидаги туннель ёнида галерея типидаги кўприк қурилди. Бўстонсарой кўчасининг Сиёб канали орқали ўтадиган қисми авваллари анча пастроқ бўлиб, ёмғир пайтида транспорт ва пиёдалар учун ноқулайлик туғдирарди. Шу боис йўл 23 метрга кўтарилиб, 31 метрга кенгайтирилди.
Қиймати 67 миллиард сўмдан ортиқ бўлган лойиҳага кўра, туннель устидаги чорраҳа айланма йўналишга эга бўлади. Эр ости йўл ўтказгичи Рудакий кўчаси бўйлаб чўзилади.
ШАҲАРНИНГ ЯНГИ – МЎЪЖИЗАВИЙ РАМЗИ
Вилоятдаги янги объектлар орасида сўнгги икки йил ичида энг каттаси, шубҳасиз, «Тошкент-Қарши» автомобиль йўли бўйлаб жойлашган Эшкак эшиш канали ёнидаги «Силк Роад Самарканд» - «Ипак йўли Самарқанд» сайёҳлик маркази қурилиши бўлди. Мутахассисларнинг фикрича, 260 гектар майдонга эга ушбу мажмуа дунёда Москва ва Мюнхендан кейин учинчи ўринни эгаллайди ва янги Самарқанднинг рамзига айланади.
Бу ерда халқаро стандартларга жавоб берадиган меҳмонхоналар, ресторанлар, истироҳат боғлари, спорт ареналари, халқаро конгресс-холл барпо этилди.
Марказ ва спорт мажмуаси қурилишида 7 мингга яқин киши иштирок этган бўлса, уларнинг 30 фоизи Туркия фуқароларидир. Бу ерда Россия, Италия, Сербиядан келган мутахассислар ҳам ишламоқда.

– Мажмуада конструктив қисм қурилиши ниҳоясига етди, коммуникация тармоқлари тортилди, – дейди Саноат ва фуқаролик объектлари қурилиши дирекцияси бошлиғи Мўминжон Қодиров. – Айни пайтда ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш, манзарали дарахт кўчатлари экиш ишлари қизғин давом этмоқда.
Халқаро конгресс маркази биносида кўп функцияли банкет заллари, халқаро делегациялар учун учрашув заллари ҳам жойлашган.
Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган фан арбоби Игор Савитский номи билан аталган 11 қаватли «Savitsky Plaza» ва «Мирзо Улуғбек» меҳмонхоналарининг қурилиши ҳам якунланди. Ушбу объектлар Осиёдаги етакчи сайёҳлик компанияси – "Minyoun Hospitality" томонидан бошқарилади.
КУРОРТ ТИББИЁТ КЛАСТEРИ
Жорий йилнинг сентабрь ойида «Silk Road Samarkand» илк сайёҳларни қабул қилиб, йирик тадбирлар ўтказиладиган жойга айланишни режалаштирмоқда. Айни пайтда бу ерда сўнгги пардозлаш ишлари якунланиб, оператив тадбирлар йўлга қўйилиб, ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари олиб борилмоқда.
«Silk Road Samarkand» кўп функцияли сайёҳлик марказида сентабрь ойида умумий фонди 1 200 га яқин хонага эга саккизта халқаро даражадаги меҳмонхона эшикларини очади. Улардан бири Марказий Осиёдаги биринчи беш юлдузли меҳмонхона бўлиб, дунёдаги етакчи меҳмонхоналар ассоциацияси – "The Leading Hotels of the World" рўйхатига киради.
Марказ нафақат саёҳатчиларни, балки ишбилармон меҳмонларни ҳам кутиб олишни режалаштирган. Улар учун махсус 18 000 м2 майдонга эга конгресс маркази қурилди. Юқори технологияли залда 3 500 иштирокчига мўлжалланган ўн учта конференция заллари мавжуд.
Соғломлаштириш туризми мажмуанинг яна бир йўналишига айланади. Дам олиш масканининг тиббий кластери тизимига тўртта "Wellness Park" меҳмонхонаси киради.
«АБАДИЙ ШАҲАР» МАЖМУАСИ
10 гектар майдонда Ўзбекистон халқларининг тарихи ва анъаналарини ўзида мужассам этган тор кўчали қадимий Самарқанд қиёфаси тикланмоқда. Бу кўчаларда ҳунармандлар, мусаввирлар, ошпазлар, амалий санъат намояндаларининг савдо расталари ташкил этилган. Ташриф буюрувчилар миллий таомларнинг хилма-хил таъмидан баҳраманд бўлишади. Шунингдек улар халқ амалий санъати дурдоналарини яратиш жараёнининг бевосита гувоҳлари бўлиб, кўча томошаларини кўриб, ўзларини ўша олис даврлар маданияти чорраҳасида ҳис этишади.
«Абадий шаҳар» объекти фақат маҳаллий хомашёдан – қурилиш материалларидан фойдаланган самарқандлик ҳунармандлар меҳнати билан барпо этилмоқда.
– Вилоятимизнинг кўп асрлик тарихи жамланган ва мужассамлашган ушбу мажмуа асосан маданий-кўнгилочар хусусиятга эга, – дейди лойиҳа муаллифи, таниқли рассом Бобур Исмоилов. — Мажмуа ҳам хорижлик, ҳам маҳаллий сайёҳларда қизиқиш уйғотиши шубҳасиз.
РEСПУБЛИКАДА БИРИНЧИ ВА ЯГОНА
Лойиҳага кўра, сайёҳлик мажмуасининг 180 гектар ҳудуди ободонлаштирилади ва кўкаламзорлаштирилади. Мутахассисларнинг фикрича, ҳозирча Марказий Осиёда бундай сунъий боғнинг ўхшаши йўқ. Бу ерга Европадан маҳаллий иқлимга мослашган майсазорлар келтирилди.
Боғда Германия, Бельгия, Италия ва Голландиядан олиб келинган 280 минг тупдан ортиқ дарахт ва буталар экилган. Меҳмонлар 10 000 донадан кўпроқ маҳаллий мевалар: олма, узум, анор, тутнинг энг яхши навлари, шунингдек, олхўри, шафтоли ва ўрик дарахтларини кўришлари мумкин.

Ипак йўли Самарқанд сайёҳлик мажмуаси иши табиий ресурслардан эҳтиёткорона ва экологик тоза фойдаланишни ҳисобга олган ҳолда қурилган. Дам олиш маскани бўйлаб фақат «яшил» транспортда ҳаракатланиш мумкин бўлади.
– Ноёб табиат боғи яратиш учун 21 минг туп манзарали дарахт кўчатлари келтирилди, – дейди туризм маркази бош агрономи Ёрқин Ҳожиев. — Бу кўчатлар аллақачон катта дарахтзорда маҳаллий иқлимга мослашган. Экишдан сўнг ҳар бир кўчат учун алоҳида микро суғориш линияси ётқизилди. Улар гуллаганда, турли хил гуллардан иборат ажойиб манзара пайдо бўлади. Маҳаллий дарахтлардан анжир ва анор экилади. Бир сўз билан айтганда, Самарқандда биринчи ва ҳозиргача ягона дендропарк барпо этилмоқда.
САМАРҚАНДГА НАФАҚАТ САЙЁҲЛАР ТАШРИФ БУЮРАДИ...
Яқинда Самарқанддан 15 километр узоқликда, Жомбой тумани ҳудудида "Sof Expo Samarkand" кўргазма маркази очилди.
"Loft" услубида яратилган замонавий иншоот маҳсулотларни намойиш этиш, анжуман ва фестиваллар ўтказиш учун кенг майдондир.
Учрашувлар ва тақдимотлар ўтказиладиган хоналар зарур оргтехника ва мебеллар билан жиҳозланган. Кафе, ётоқхона, ресторан мавжуд.
Мутахассислар мазкур мажмуа халқаро андозаларнинг юксак талабларига жавоб беришини, келажакда нуфузли хорижий кўргазмалар билан рақобатлаша олишини эътироф этди.
– Ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш ва импорт ўрнини босиш масалалари жуда долзарб бўлиб, бундай платформаларнинг яратилиши тадбиркорларга ҳамкорлик қилиш имконини беради, – дейди Самарқанд вилояти ҳокимининг маҳаллий саноатни ривожлантириш масалалари бўйича ёрдамчиси Нозир Иброҳимов. — Қуёнчилик, паррандачилик, балиқ етиштириш билан шуғулланаётган оилаларга маҳсулот сотишда кўмак беришни режалаштирганмиз. Бугунги кунда вилоятимиздан 98 турдаги мева-сабзавот ва озиқ-овқат маҳсулотлари экспорт қилинмоқда. Йил давомида биз IT, franchayzing ва бошқа йўналишларда 11 дан ортиқ кўргазма ўтказишни режалаштирганмиз. Келгуси йилда 8 минг м2 майдонга эга яна бир ёпиқ павильон қуриш ниятидамиз.
Павильонларда йирик қишлоқ хўжалиги техникалари, агрегатлар, эҳтиёт қисмлар, интенсив суғориш технологиялари, иссиқхоналар қуриш, ветеринария препаратлари, минерал ўғитлар, чорвачилик маҳсулотлари намойиш этилмоқда.
– Жорий йилнинг февраль ойидан бошлаб жисмоний шахсларга ўз хўжалигида якка тартибдаги тадбиркорлик фаолияти йўли билан балиқ етиштиришга рухсат берилди, бу давлатимиз раҳбарининг қарорида кўзда тутилган, – дейди «Оқ Амур балиқлари» масъулияти чекланган жамияти котиби Шуҳрат Мардонов. – Биздаги каби йирик балиқчилик хўжаликлари янги бошловчи тадбиркорларни аэратор, 20 куб метрлик мембрана ҳовузлари, 700-800 дона сазан балиқлари ва бир тонна озуқа билан таъминлайди. Буларнинг барчасига қарийб 42 миллион сўм сарфланади.
Кўргазма доирасида учрашувлар, тақдимотлар ва бошқа тадбирлар ўтказилди, унда тўрт мингга яқин иштирокчи иштирок этди.
Ёрмамат РУСТАМОВ