Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Қадимий Самарқанддаги Конфуций олами
11:15 / 2022-09-16

Самарқанд шаҳрида Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг йигирма иккинчи саммити давом этмоқда. Ушбу катта тадбир муносабати билан қадим кентда кенг кўламли қурилиш-бунёдкорлик, ободонлаштириш ишлари амалга оширилди. Янги бино ва иншоотлар, боғ ва хиёбонлар ташкил этилди, мавжудларининг тематикаси бойитилди.

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан Самарқанд давлат университети ҳудудида 2019 йилда ташкил этилган Конфуций хиёбони ҳам саммит олдидан мазмунан бойитилиб, кўркам кўриниш олди. Хитой маданияти ва тарихидан сўзловчи бу маскан бугун Самарқанднинг эътиборга молик, шаҳар аҳолиси ва меҳмонлари билан гавжум жойларидан бири саналади.

– Президентимиз томонидан 2017 йил бу масканни қуриш ғояси берилганидан кейин ўзбек ва хитой меъморлари, тарихчилар, мутахассислар фикри ўрганилди, – дейди Самарқанд давлат чет тиллар институти ҳузуридаги Конфуций институти директори Шаҳриёр Сафаров. – Якуний тўхтамга келинганидан сўнг икки мамлакат ҳамкорлигида ушбу хиёбон яратилди. Хитойнинг Шанхай университети ҳудудида улуғ мутафаккир Алишер Навоийнинг ҳайкали ўрнатилган майдон бор. Ҳар гал у ерга борганимда кўнглим ғурурга тўлади. Бугун Самарқанддаги Конфуций майдони ҳам хитойликлар учун ана шундай ғурур-ифтихор масканига айланган, десам хато бўлмайди. Ўзимизнинг ёшларимиз, зиёлилар, умуман, улуғ аллома Конфуций меросига қизиқувчилар учун ушбу хиёбон ўзига хос ҳайрат ва таассуротлар майдони бўлиб қолган. Ҳар икки хиёбон халқларимизнинг тарихий дўстлик ришталари мустаҳкамлиги ва қадриятларимиз, илмга, адабиёт ва фалсафага муносабатимиз ўхшашлигидан дарак беради. Қолаверса, Конфуций ғоялари бутун инсоният учун аҳамиятлидир.

Хиёбонни яратишда Хитой меъморчилиги анъаналари ва ландшафт дизайнига алоҳида эътибор қаратилган. Бу ердаги айвонлардан тортиб, тунги ёритиш чироқларигача – барча деталлар Чин юрти архитектураси ва ўзига хос турмуш тарзини ифода этади. Айвонларнинг ёғочлари, кўприк ва дарвозага ишлатилган тошлар Хитойдан келтирилган.

[gallery-8807]

Хиёбон тўрида ўрнатилган Конфуций ёдгорлиги, илмга бошловчи рамзий дарвоза, учта кўприк ҳамда бошқа деталлар ўзига хос яхлитлик касб этиб турибди.

Майдондаги ҳар бир детал рамзий маънога эга. Масалан, хиёбонга – илм даргоҳига анҳорда ўрнатилган кўприклар орқали кирилади. Бу илм олишга, эзгу амалга покланиб, ниятни холис қилиб ўтиш лозимлигини англатади. Дарвоза пештоқида “Энг буюк мутафаккир ва донишманд устозга” ёзуви туширилган. Хитой халқининг Конфуцийга эҳтироми жуда юқори. Майдондаги мармар қопламаларга иероглифлар туширилган. Уларда Конфуций ғоялари акс этган.

Шу кунларда хиёбонга келаётган меҳмонлар ҳар қачонгидан ҳам кўп. Улар бу ерда Самарқанд илмий-маънавий муҳити ва Конфуций олами билан яқиндан танишиб, бу муштарак ғоялардан баҳраманд бўлмоқда.

 

Икром Аввалбоев, Муқимжон Қодиров(сурат), ЎзА