Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Қадимий  Мингтепадаги халқ кутубхонаси
14:52 / 2024-03-15

Оламшумул шон-шуҳрат топган улуғ аждодларимиз илм-маърифат йўлидаги тинимсиз саъй-ҳаракатлари, машаққату изланишлари натижасида мақсадларига эришган, қолаверса, яратган асарлари, илмий-ижодий мероси билан дунё халқлари эътибор ва эътирофини қозонган.

Инсон фаровонликда яшаши учун фақат меҳнат қилишнинг ўзи етарли эмас. Маънавий камолотга маърифат етказади. Яратувчилик, бунёдкорлик, тўкин ҳаёт, муваффақият, юксак марраларга ҳам илм ортидан эришилади.

Ёшларнинг чин ватанпарвар бўлиши учун ҳам, энг аввало, уларни китобга муҳаббатли, илму маърифатли қилиб улғайтиришимиз керак. 

Республикамизда, хусусан, Андижонда ҳам замонавий кутубхоналар йилдан- йилга кўпайиб бормоқда. Жумладан, қарийб юз йилдан зиёд тарихга эга Заҳириддин Муҳаммад Бобур номидаги вилоят ахборот-кутубхона маркази таъмирдан чиқарилиб, энг замонавий зиё масканларидан бирига айлантирилди. Шунингдек, Андижон шаҳрининг Чўлпон боғи ҳудудида кўзи ожизлар кутубхонаси янги қад ростлаган замонавий, кенг ва ёруғ бинода фаолият юритмоқда. “Боғи Бобур”да Бобур ва бобурийлар тарихига оид кутубхона-музей ҳам замонавий ва миллий услубдаги бинода жойлашган. Умуман, айни кунда “Боғи Бобур”ни Президентимиз ташаббуси билан янги лойиҳа асосида дунё бобуршунослари, чет эллик сайёҳлар учун гавжум масканга айлантириш бўйича саъй-ҳаракатлар олиб борилмоқда.

Бугунги кунда юртимизда халқ кутубхоналари сони ҳам ортиб бораётгани, китобхон ёшлар кўпаяётгани қувончли, албатта. Инсон қалбидаги энг гўзал туйғулар, чин инсоний фазилатлар бетакрор бадиий асарлар, китоблар мутолааси орқали шаклланади. Эзгу мақсадлар, юксак марралар ҳам китобхонлик, маърифатлилик ортидан қўлга киритилади. 

Республикамиз Президенти Шавкат Мирзиёев 2017 йилда китобхонликни ривожлантириш, ёш авлоднинг китобга бўлган муҳаббатини юксалтириш бўйича муҳим ҳужжатларни имзолаган. Кейинги йилларда адабиёт аҳлига, маънавиятга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ўз ўрнида бу эътибор халқнинг олдинги сафида юрувчи, ортидан халқни эргаштира олувчи адиблар зиммасига залворли вазифа ва масъулият ҳам юклайди. 

Учинчи Ренессанс пойдеворини қўйиш, инсониятга улуғ даҳоларни берган халқимиз ичидан янги уйғониш даврининг йирик вакиллари етишиб чиқиши учун ҳам айнан зиёли қатлам зиммасида улкан вазифалар турибди. 

Президентимиз 2023 йил 22 декабрда “Маънавият ва маърифат” Кенгашининг кенгайтирилган йиғилишида тилга олган бугунги кун жадидларидан бири, ташаббускор инсон, Андижон вилоятининг Марҳамат туманида яшовчи тадбиркор Қобилжон Обидов аввал турли йўналишларда, халқимизнинг турмуш фаровонлигини яхшилаш, юртимиз иқтисодиётини юксалтириш борасида кўплаб ишларни амалга ошириб, халқнинг ҳурматига сазовор бўлган. У кейинги йилларда маънавият соҳасида янги-янги ташаббусларни илгари суриб, ибратли ишларни олиб бораётганлиги эътиборга молик.

Унинг ташаббуси билан 2020 йилда Марҳамат туманидаги Алитепа маҳалласида замонавий, муҳташам кутубхона ҳамда шахмат мактаби барпо этилди. Очиғи, ушбу зиё масканлари бетакрор замонавий архитектураси, ўз олдига қўйган мақсади билан ажралиб туради. Ҳозир “Ёшлар кутубхонаси” деб номланган, баланд ва ёруғ залларга эга уч қаватли кутубхона дунёнинг машҳур кутубхоналари каби ўзига хос дизайн асосида безатилган. Бой китоб фонди, китобларнинг ўзига хос тарзда жойлаштирилганлиги, китобхонларга хизмат кўрсатишнинг қулай ва замонавий услуби жорий этилганлиги билан ҳам ушбу масканни Фарғона водийсидаги ягона халқ кутубхонаси, дейиш мумкин. 

Президентимиз жорий йил февраль ойида Андижон вилоятига ташрифи чоғида ушбу кутубхона ва шахмат мактаби фаолияти билан танишди. Дарсдан бўш вақтларида тажрибали мураббийлардан сабоқ олаётган шахмат мактаби ўқувчиларининг интилишларини қўллаб-қувватлаб, бошқа шахмат мактаблари билан тажриба алмашиб бориш муҳимлигига эътибор қаратди. “Ёшлар кутубхонаси”да эса вилоятнинг фаол ёшлари вакиллари билан мулоқот ўтказди. 

– Давлатимиз раҳбари билан учрашувда дастлаб бироз ҳаяжонландим, – дейди Муҳаммад Юсуф номидаги Ижод мактаби ўқувчиси Маржона Умарова. – Юртбошимизнинг самимий мулоқоти,  оталарча ғамхўрлик билан ёшларнинг фикрларини қўллаб-қувватлашларини кўриб, ўзимга ишонч ва янги орзу-мақсадлар пайдо бўлди. Демак, биз нимага интилсак билимимиз, изланишларимиз орқали, албатта, мақсадимизга етишимиз мумкин. Бунинг учун биз ёшлар фақат берилаётган имкониятлардан унумли фойдалана олишимиз лозим.

Айни вақтда саккиз юз минг ёшга чет тилларини бепул ўргатаётган “Ибрат фарзандлари” лойиҳаси раҳбари Рустам Қориев натижалар ва истиқболдаги режалари ҳақида сўзлаганда, Президентимизнинг “Мени ҳам ҳаяжон босадиган пайт бор экан” деган гаплари барча учрашув қатнашчиларининг кайфиятини янада кўтарди. 

Ёшлар кутубхонасида ўттиз мингдан зиёд китоб мавжуд. Зиё маскани таниқли олимлар, мутахассислар тавсиялари билан шаклланган рўйхат асосида мумтоз, замонавий ўзбек адабиёти намуналари, жадид боболар мероси, жаҳон адабиётининг таниқли вакиллари китоблари билан бойитилган. Бундан ташқари, Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасининг тўрт юз минг нусха электрон китобларидан ушбу кутубхонанинг ўзида фойдаланиш имконияти яратилган. 

Кутубхона бир вақтнинг ўзида 250 нафардан зиёд китобхонга хизмат кўрсатади. Болалардан тортиб, кекса ёшдаги китобхонлар учун ҳам алоҳида мутолаа хоналари ташкил этилган. 

Ушбу кутубхона билан Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Республика Маънавият ва маърифат маркази вилоят бўлимлари яқин ҳамкорлик ўрнатган. Бу ерда кўплаб адабий, маънавий-маърифий тадбирлар мунтазам ўтказиб турилади. 

Кутубхона қатор вазирликлар, уюшма ва ташкилотлар билан ҳам ҳамкорликни йўлга қўйган. Улар кутубхона китоб фондини бойитишга баҳоли қудрат кўмак бериб келмоқда. Масалан, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси беш юзта, Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги тўрт юзта бадиий адабиёт, Олий таълим, фан ва инновация вазирлиги тўрт юздан ортиқ электрон китоб билан кутубхона фондини бойитди. Келгусида Ёзувчилар уюшмаси томонидан нашр этилган янги китоблардан кутубхонага етказиб бериш режалаштирилди. 

Фидойи юртдошимиз Қобилжон Обидов адабиётга ихлоси, китобга муҳаббати туфайли адабиётшунослар, адиблар билан дўстона алоқада. Кутубхонага ёндош Эркин Воҳидов шахмат мактабида устоз адибнинг ўғли Хуршид Воҳидов билан ҳамкорликда алоҳида шоир ҳаёти, фаолияти, ижодий меросига оид музей ташкил этилган. 

– Кўп фарзандли, катта оилада ўсиб улғайганман, – дейди Қобилжон Обидов. – Ёшликдан китобга меҳрим баландлиги учун кутубхона қуриш орзуйим эди. Республикамиз Президенти Шавкат Мирзиёевнинг китобхонликка, ёшларнинг билим салоҳиятини юксалтиришга катта эътибор қаратгани, ёш авлоднинг китобга бўлган муҳаббатини юксалтириш бўйича қарорлар имзолаганидан кейин ушбу мақсадимни амалга оширишга астойдил киришдим.

Республикамизнинг чекка, чегара ҳудуди бўлмиш қадимий Мингтепа – Марҳаматда кексалару ёшлар орасида китобсеварлар кўп. Бу мақсадларимни амалга оширишда ижодкор дўстларим, таниқли олимлар Шуҳрат Ризаев, Олимжон Давлатов билан маслаҳат қилдим. Улар кутубхона фондини жаҳон адабиётининг нодир намуналаридан тортиб, мумтоз, замонавий адабиёт вакиллари китоблари билан бойитишни маслаҳат берди. 

Ёшлардан ташқари, турли ёшдаги китобхонлар ҳам кўп. Кекса ёшдаги юртдошларимиз уй шароитида фарзанд-набиралар қуршовида китоб ўқишга шароити бўлмаслиги мумкин. Бизнинг кутубхонамизда эса кексалар учун ҳам алоҳида заллар ташкил этилган. 

Китоб, кутубхона, маърифат учун маблағ сарфлаган киши ҳеч қачон ютқазмайди. Президентимиз улуғ жадид боболарни, Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов каби устоз адибларни, уларнинг халқимиз учун хизматларини кўп тилга олади. Мен шу юрт вакили, юртимизда яратилган кенг имкониятлар туфайли юқори натижаларга эришган тадбиркор сифатида келажак авлод саводхонлигини оширишга ҳисса қўшаётганлигимдан мамнунман.

Ёшларни китобхонликка қизиқтириш, билимларини ошириш учун мутасадди ташкилотлар билан ҳамкорликда жадид боболар ҳаёти ва фаолияти, маънавий меросини ўрганишга оид танловлар ўтказиш, кутубхона тармоқларини таълим муассасалари бўйича кенгайтириш галдаги режаларимдир. 

Қалбига эзгу ниятларни жо қилган, халқимиз турмуш фаровонлиги, Ватанимиз ободлиги, ёшларимизнинг эртанги ёруғ келажаги учун жадид боболар айтганидек, “Тилда, фикрда, ишда бирлик” шиори билан меҳнат қилаётган Қобулжон Обидов сингари юртдошларимиз омон бўлсин. Ана шундай фидойи, юксак маънавиятли инсонларга қуйидаги шеърий битикларни айтгим келади: 

Сизга мадад берсин Худойим, 
Сиз эл учун бўлинг мададкор, 
Гул очилсин йўлларингизда, 
Қалбингизда яшасин баҳор! 

Дуоларнинг хосиятидан 
Нур ёғилгай ой-юлдузлардан, 
Сизга нигоҳ тикканлар ҳаққи, 
Асрасин Ҳақ ёмон кўзлардан. 

Юрт деб уриб турса юраклар, 
Эзгуликка бўлса чин ҳамроҳ, 
Иншооллоҳ, сақлагай омон, 
Элга фидо зотларни Аллоҳ! 

Хуршида Ваҳобжон қизи, 
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси 
Андижон вилояти бўлими раҳбари, шоира. 

ЎзА