Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Қадимий Ипак йўли – ҳамкорликнинг муҳим йўналиши
18:04 / 2022-11-09

Самарқанд шаҳрида “Марказий Осиё, Озарбайжон ва Туркия давлатлари ўртасидаги ҳамкорлик уфқларини кенгайтириш: Ипак йўли – ЮНЕСКОнинг трансмиллий йўналиши” мавзусида халқаро симпозиум бўлиб ўтди.

Туркий давлатлар ташкилоти саммити доирасида Халқаро турк маданияти ва мероси жамғармаси, Ўзбекистондаги Марказий Осиё тадқиқотлари халқаро институти томонидан Ипак йўли ва тарихий-маданий меросни ўрганиш ҳамда тарғиб қилиш маркази илмий кўмагида ташкил этилган анжуманда Озарбайжон, Туркия, Қозоғистон, Қирғизистон ва Ўзбекистон вакиллари, миллий координаторлар ва халқаро экспертлар, халқаро ташкилотлар ходимлари иштирок этди.  

Симпозиумнинг очилиш маросимида Халқаро турк маданияти ва мероси жамғармаси президенти Гюнай Эфендиева, Туркий давлатлар ташкилоти бош котиби ўринбосари Қисмет Гезалов, Туркий давлатлар парламент ассоциацияси бош котиби Меҳмет Сурейя Эр, Турк маданияти халқаро ташкилоти (ТУРКСОЙ) бош котиби Султон Раев, Озарбайжон Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Ҳусайн Гулиев, Озарбайжон Фанлар академияси аъзоси, профессор Шаин Мустафоев, Яҳё Ғуломов номидаги Археология институти директори вазифасини бажарувчи Мўминхон Саидов ва бошқалар сўзга чиқиб, мазкур анжуманнинг Буюк ипак йўлининг чорраҳасида жойлашган Самарқандда ўтказилиши тарихий аҳамиятга эга эканлигини таъкидлади.  

[gallery-9485]

– Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон ва Туркия давлат раҳбарлари ташаббуси билан ташкил этилган бизнинг жамғармамиз турк дунёсининг қадимий маданиятини, бой меросини ўрганиш ва бутун дунёга кенг тарғиб этишни асосий мақсад деб билади, – дейди Халқаро турк маданияти ва мероси жамғармаси президенти Гюнай Эфендиева. – Бу туркий давлатлар халқлари анъана ва қадриятлари, урф-одатлари, маданият ва санъати, аждодларимиздан мерос архитектура ёдгорликлари ва бошқа жиҳатларни қамраб олади. Ушбу йўналишларда кўплаб лойиҳаларни амалга оширамиз. Жумладан, асосан туркий давлатлар ҳудудидан ўтган қадимий Буюк ипак йўли бизни бирлаштирадиган муҳим омиллардан бири ҳисобланади. Бу йўл Шарқ ва Ғарбни бир-бири билан боғлаган. Савдо алоқалари билан бирга маданият, санъат йўналишларида ҳам турли халқлар ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлашга хизмат қилган. Бизнинг мақсадимиз ана шу алоқалар тарихини ўрганиш ва уни бугун янги босқичда, кенг кўламда давом эттиришга ҳисса қўшишдир.  

Тадбир доирасида жамғарманинг “Ипак йўлидаги турк дунёси мамлакатлари” лойиҳаси доирасида илк бор чоп этилган “Озарбайжон Ипак йўлида” китобининг тақдимоти ўтказилди. Келгусида бундай нашрларни бошқа давлатлар мисолида ҳам тайёрлаш режалаштирилгани маълум қилинди. Симпозиумнинг ялпи мажлисида Ипак йўлидаги манзиллар, тарихий шаҳарларнинг маданияти ва санъати, миллий шаҳарсозлик каби йўналишлар бўйича маърузалар тингланди. Моддий-маънавий меросни биргаликда тадқиқ этиш юзасидан фикр алмашилди. Муҳокама этилган масалалар юзасидан симпозиум резолюцияси қабул қилинди.  

Ғ.ҲАСАНОВ, А.ИСРОИЛОВ (сурат), ЎзА