ФОТОРЕПОРТАЖ
Наманган вилояти ҳокими Шавкат Абдураззоқов ушбу лойиҳа доирасида амалга ошириладиган қурилиш ишлари олдидан Тўрақўрғон туманидаги Ахсикент археологик ёдгорлик мажмуасига ташриф буюрди.
- Ахсикент – бу бизнинг катта бойлигимиз. Қадим тарих ер остида кўмилиб ётибди. Унинг имкониятларидан самарали фойдалансак, вилоят туризм салоҳиятини, хорижий сайёҳлар оқимини беш-ўн баробарга орттирсак бўлади. Бугундан бу ерда амалга ошириладиган жуда катта лойиҳанинг биринчи босқичини амалга оширишга - археологлар ўрганиб, очиб қўйган тўртта объектда очиқ осмон остидаги музейларни қуришга киришамиз, - деди вилоят раҳбари.
[gallery-12619]
Кейинги босқич эса сайёҳлар учун инфратузилма объектларини барпо этиш, Сирдарё бўйича катта истироҳат маскани, ҳунармандлар маркази ва Карвонсарой ҳамда бошқа иншоотларни барпо этишни ўз ичига олади. Қадимги Ахсикент ва Ахси қишлоғини дарё ёқалаб боғлаш ва яхлит йирик сайёҳлик мажмуасини бунёд этиш режалаштирилган.
Ахсикент эрамиздан аввалги III асрда ташкил топган бўлиб, қадимги Фарғона давлатининг пойтахти, Буюк ипак йўлининг асосий шаҳарларидан бири бўлган. Тарихий манбаларда, хусусан, “Бобурнома”да бу кентнинг алоҳида аҳамияти ҳақида кўп ёзилган. Қадимдан бу ерда ер ости сув иншооти бўлгани боис мудофаа учун қулай саналган. Шаҳар Арк, ички ва ташқи шаҳардан иборат бўлган. Бу ерда ўз даврида шишасозлик, кулолчилик, темирчилик, қуролсозлик каби ҳунармандлик турлари ривожланган.
Вилоят ҳокими ёдгорлик ҳудудини кўриб чиқиб, археолог олимлар билан суҳбатлашди. Амалга оширилаётган лойиҳалар бўйича ўз тавсияларини берди.
Ҳотам МАМАДАЛИЕВ(сурат),ЎзА