Самарқанд давлат университети ўзбек тилшунослиги кафедраси тадқиқотчиси Байрам Билир билан суҳбат
– Самарқанд давлат университетидаги фаолиятингиз қандай бошланган?
– Марказий Осиё давлатлари мени ҳамиша ўзига тортади. Аввал Қирғизистондаги Қирғиз-Турк Манас университетида ишлардим. Пандемия сабаб Ватаним – Туркияга қайтишга тўғри келди. Ушак университетида илмий ишни давом эттирдим. Бакалавриатда ўқиб юрган пайтимдан қадимги туркий тиллар бўйича тадқиқот олиб бориш ниятим бор эди. Ушак университетида бу йўналиш бўйича мутахассис йўқлиги сабаб, PhD учун бошқа мавзу танладим. Бу орада Самарқанд давлат университетидан Жўлибой Элтазаров билан танишдим, Ўзбекистонда докторантурага кириш ва илмий иш ёқлаш фикри туғилди. Домла фикримни маъқуллаб, ушбу кўҳна шаҳарга келишимда ёрдам берди. Шу тариқа 2020 йил ноябрь ойида докторантурага қабул қилиндим. 2021 йил март ойидан СамДУда Ўрхун ёзувини транскрипциялаштиришда фарқли жиҳатлар юзага келиши сабабига доир тадқиқотимни бошладим.
– Қандай илмий манбалардан фойдаланяпсиз?
– Ўрхун-Энасой ёзувини транскрипциялашга салмоқли ҳисса қўшган Ғани Абдураҳмонов, Қосимжон Содиқов, Усмон Саноқулов, шунингдек В.Томсон, П.Мелиоранский, В.Радлов, С.Малов сингари олимлар айни мавзуда тадқиқот олиб боришган. Шунга қарамай, ҳали-ҳануз баъзи товушларни ўқиш, талаффуз қилишда қийинчиликка учраймиз. Изланиш давомида шундай муаммолар ечимини топишга ҳаракат қилдим.
– Ишнинг асосий янгилиги нимада?
– Барча туркий халқларнинг бобо тили – қадимги туркий тил бутун турк дунёси халқлари учун ягона ва муштарак ўтмиш, теран тарихий илдизлар абадий туташган нуқта. Бу тилни ўрганиш қардош миллатларимиз дўстлиги, ҳамжиҳатлигини мустаҳкамлаш сари қўйилган муҳим қадамдир.
Барча тиллар учун ҳар бир белги ва ҳатто, урғу ҳам Англия Халқаро фонетика ассоциацияси таклиф этган транскрипцияга асосан ишлаб чиқилиши керак. Бу асрлар давомида сақланиб келаётган ёзма манбаларни ўрганиш, тушунишни осонлаштиришга ёрдам беради. Биз Ўрхун-Энасой битик тошлари транскрипцияларини қайтадан ишлаб чиқдик, ёзувларнинг бир-биридан фарқли жиҳатларини, тафовут сабабларини таҳлил қилдик. 2022 йил апрель ойида СамДУ Туркология илмий-тадқиқот институти ташкил этилгач, шу жойда очилган тил марказида талабаларга турк тилини ўргата бошладим. Ҳозир 30 дан зиёд ўқувчим бор. 10 га яқин талаба турк тилидан B2, C1 даражасини қўлга киритди.
Афсуски, Ўзбекистонда қадимги туркий тил мавзусига жуда кам мурожаат қилиняпти. Келганимга 2 йил бўлди, шу вақт ичида фақат 2 нафар тадқиқотчи айни йўналишда илмий иш қилди. Бу кўрсаткич филология фани тадқиқотларининг умумий сонига нисбатан 1 фоизга ҳам етмайди. Ҳолбуки, мазкур соҳада жуда катта ва муҳим мавзулар бор.
Тан олиш керак, таянч докторантура тизимида бир қатор ютуқларга эришилган. Масалан, автореферат тушунчаси Туркияда ҳам, Европа давлатларида йўқ. Бинобарин, автореферат илмий раҳбар учун ишни текшириб, кузатиб боришда жуда қўл келар экан. Диссертация матнига киритилган ҳар бир ўзгаришни текшириш қўшимча вақт, меҳнат талаб қилади. Автореферат айнан шу жараённи анча осонлаштиради.
– Жаноб Билир, суҳбатимиз сўнгида режаларингиз билан ҳам ўртоқлашсангиз.
– Юқорида айтганим – Ушак университетидаги диссертацияни охирига етказишим лозим. Туркияда “Ўзбек-турк романлари хронотопи” мавзусини Ойбекнинг “”Қутлуғ қон”, Асқад Мухторнинг “Чинор”, Ўткир Ҳошимовнинг “Нур борки, соя бор”, Пиримқул Қодировнинг “Қора кўзлар”, Абдулла Қаҳҳорнинг “Сароб”, Одил Ёқубовнинг “Диёнат” романлари, шу билан бирга турк адабиётидан Сабоҳиддин Алининг “Куюжаклик Юсуф”, Фақир Бойқурт, Ўрхон Камол каби ёзувчилар асарлари мисолида ўрганяпман. Мазкур тадқиқотни якунига етказгач, Ўзбекистонда фан докторлиги (DSC)ни ёқлаш ниятим бор.
СамДУ ахборот хизмати ходими
Ирода БЕКМУРОДОВА суҳбатлашди.
Суратларни Шавкат АКРАМОВ олган.